Дарҳақиқат, футболчиларнинг янги жамоасидаги илк учрашуви жуда муҳим. Мухлисларда ва жамоа мураббийларида яхши таассурот қолдиришнинг энг осон йўли чиройли дебют ўтказиш десак, адашамган бўламиз. Бугун ўз фаолиятида ана шу ишни усталик билан бажарган футболчилар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Эрлинг Холанд, “Боруссия Дортмунд”, 2020 йил
Норвегиялик футболчининг дебюти икки ҳисса кучлироқ эффект берди. Сабаби барчага маълум. «Аугсбург»га қарши учрашувнинг 56-дақиқасида майдонга тушганида, жамоаси 1:3 ҳисобида мағлубиятга учраётган эди. Эрлинг майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтиб ҳисобни қисқартирган бўлса, кейинчалик Санчо мувозанатни тиклади. Кўп ўтмай иқтидорли ҳужумчи тўғри позиция танлаш ва голни сезиш қобилиятларини ишга солди ва рақиб дарвозасига яна иккита гол киритишни уддалади. “Боруссия” учун жуда қийин бошланган учрашув, чинакам драмтик кўриниш олди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги янграганида таблодаги ҳисоб 3:5 ни кўрсатиб турар, барча дортмундлик мухлислар Холанднинг фантастик дебютидан кичик шок ҳолатига тушиб қолишган эди. Бундеслига осмонида ўша оқшом янги юлдуз чарақлагандек туюлди. Яна ким билади дейсиз?!
Уэйн Руни, “Манчестер Юнайтед”, 2004 йил
“Манчестер Юнайтед” устози чинакам футбол даҳоси эди, десак ишонаверинг! Биласизми, Сер Алекс Роналду учун 19 миллион евро тўлаганида, раҳбарият уни кескин танқид қилган экан. Бир йилдан сўнг мураббий “Эвертон”нинг 18 ёшли футболчиси учун 37 миллиондан қўрқмай воз кечиб юборгач, жамоанинг директорлар кенгаши уни ақлдан озганга чиқаришгача борган.
Кўп ўтмай, барча танқидчилар бир неча ҳафта кўчага чиқа олмай қолишди. Сабаби, Руни ўзининг дебют учрашувини шу қадар кучли ўтказдики, Сер Алексга бўлган ҳурмат янада ошиб кетди. ЕЧЛ учрашуви доирасида “Фенербаҳче”ни қабул қилган “қизил иблислар” рақибни 6:2 ҳисобида тор-мор келтиришди. Руни эса хет-трик ва ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Орадан йиллар ўтди. Ажойиб дебют қилган ўспирин мегаюлдузлар тўп сурган клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга (253), уни жамоага олиб келган мураббий футбол афсонасига айланди.
Альваро Рекоба, “Интер”, 1997 йил
“Хитойлик”нинг дебюти бироз ўзгачароқ кўриниш олган. Унда сиз голлар шоусини кўрмаслигингиз аниқ, бироқ…
1997-йил. “Интер” ва “Брешия” тўқнашуви. Ўша куни феномен Роналдо ўзининг дебютини ўтказмоқда. Қизиғи шундаки, “Интер” ҳисобда ортда қолмоқда. Мураббий катта умид боғланган Роналдо наф бермагач, захирадан уругвайлик чапақай Рекобани майдонга ташлади. Кейинчалик “Интер” тиффозиларининг ҳурматини қозонадиган футболчи деярли 40 метр масофадан тўпни дарвозага михлаб қўйди ва ҳисобни тенглаштирди. Ўзининг дебют учрашуви орқали ном қозонган футболчининг голлини афсонавий “сўйлоқ” ҳам қарсаклар билан кутиб олган эди ўшанда! Футбол оламининг ўрганилмаган дурдонаси сифатида тарихда қолган Альваро Рекоба мана шу тариқа КАТТА футболга кириб келган эди!
Буффон, “Парма”, 1995 йил
Ҳужумчилар учун ёрқин дебют ўтказиш учун гол киритишнинг ўзи кифоя эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Дарвозабонлар учунчи?
Буффон илк учрашуви 1995-йил “қўрқинчли” “Милан”га қарши ўтказган эди. Ўша оқшом Буффон дарвозасига Веа, Бобан, Баджо, Мальдини, Симеоне ва Албертини сингари футболчилар гол киритишни уддалай олишмади. Сабаби, дарвозани ўша учрашувда 17 ёшли Жижи Буффон феноменал тарзда ҳимоя қилган эди. Айниқса, ўйин сўнггида “Милан” уюштирган штурмда Буффон чинакам қаҳрамонлик кўрсатади. Нурсиз дуранг билан якунланган учрашувдан сўнг, “Милан” устози Фабио Капелло Буффон ҳақида таъсирли нутқ сўзлган эди.
Ромарио, “Барселона”, 1993 йил
Бразилиялик футболчи Каталония клубига келганида 27 ёшда эди. Айни дамда сиёсат билан шуғулланаётган Ромарио ҳеч қачон футболга жиддий ёндошмаган. Маълумотларга қараганда, Рамарио ҳеч қачон жамоа билан машғулотлар ўтказмаc, бу ҳақида ундан сўрашганида: “Машғулотни футбол ўйнашни билмайдинганларга чиқарган” деб жавоб беррар эди.
Унинг “Барселона” сафидаги дебюти ҳам ўзгача бўлган. 1993-йил. “Камп Ноу” стадиони. Рақиб — «Реал Сосьедад». Стадионга ташриф буюрганларнинг деярли барчаси Рамарионинг нималарга қодир эканлигини кўриш илинжида. Роналдога қадар “Селесао”нинг биринчи рақамли ҳужумчиси бўлган Рамарио вазифани ортиғи билан бажаришга муваффақ бўлади. Тахмин қилганингиздек, у ҳам ўз ҳисобига учта голни ёзиб қўяди. Эътиборлиси шундаки, у киритган голларнинг барчасига Пеп Гвардиола ассистлик қилган. Бу голларнинг учинчисини алоҳида кўрсатишга қарор қилдик.
Я . У