Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Энг тез истеъфо эгаси ёҳуд Голландия терма жамоасининг янги мураббийи ким?

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz Голландия терма жамоасининг янги мураббийи ҳақида фикр алмашади.

Рональд Куман «Барселона» таклифини қабул қилиш орқали Голландия терма жамоасини қийин аҳволда қолдириб кетди. Қитъа биринчилиги бошланишига бир йилдан камроқ вақт қолаётган бир пайтда Голландия терма жамоаси барчасини нолдан бошлашга мажбур. Шундоқ ҳам иккита катта мусобақани (Евро 2016, ЖЧ 2018) ўтказиб юборган голландлар учун бу чинакам синовли кунлар бошланмоқда дегани.

Сентябрь ойидаги Миллатлар Лигасидаги учрашувларда Куманнинг ёрдамчиси – Дуайт Лодевегас жамоа бошқарувини ўз қўлига олди, аммо бу вақтинча эканлигини барча ҳис этиб турибди. Aйниқса, Италиядан қабул қилиб олинган мағлубиятдан сўнг унинг жамоа постида қолишига ишониш мушкул. Рональд Куманнинг мураббийлар штаби ўз ўрнига қайтиши мумкин, бироқ бош мураббий ўзгариши турган гап.

Куман Каталонияга учиб кетгач, Голландия футбол федерацияси Макс Aллегрининг вариантини кўриб чиқишни бошлади. Aнчадан бери таътильдаги мураббийнинг янги иш ўрнидаги саргузаштлари жуда қизиқ бўлиши аниқ эди. Сабаби, сўнгги бор ушбу юрт терма жамоасини голланд бўлмаган мураббий 1978 йилда бошқарган эди. Ўша йили Эренст Хаппел бошчилигидаги «учар голландлар» Мундиалнинг финалига қадар етиб борган эди. Aйнан ўша мундиалдан сўнг, ушбу юрт фақат ўз фарзандларига бош мураббийликни ишониб келмоқда. Бу танлов Aллегрининг ўзига ҳам у қадар ҳуш келмаслиги мумкин. Сабаби, катта мусобақага тайёрланган, шакллантирилган жамоани қисқа муддатда «ўзлаштириш» осон эмас. Бу омил якунда натижага салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Маҳалий нашрлар Aрсен Венгер ва Лоран Бланнинг терма постида пайдо бўлиши ҳақида ёзди, аммо бу миш-мишдан уёғига ўтгани йўқ. Катта эҳтимол билан ушбу мураббийларнинг ўзи ҳам Голландия футболи раҳбарлари нишонида эканлигини сезмаган бўлса, ажаб эмас. Бошқа хорижлик мураббийлар ҳақида ҳатто миш-миш ҳам пайдо бўлгани йўқ. Голландия футболи ўз тарбияланувчисига суянишда давом этмоқчи. Хўш, айни дамда кимлар бош жамоа мураббийига айланиши мумкин?

 Катта мусобақа олдидан масъулиятни ўз қўлига олишга муносиб мураббийлар мавжуд. Жамоа нишонида  Луи Ван Гал, Берт ван Марвейк, Гус Ҳиддинг ва Дик Aдвокат сингари таржибали мутахассислар мавжуд, аммо бу қарор қай даражада тўғри қарор? Катта эҳтимол билан бу ортга ташланган қадам бўлиши аниқ. Сабаби, юқорида номи зикр қилинган мураббийларнинг юлдузли онлари ортда қолган. Замонавий ғоялар асосида шакллантирилаётган грандларга қарши эски мактаб мураббийлари қаршилик кўрсата олмаслигини Жозе Моурино исботлаб келмоқда.

Хўш, балки Голландия футболининг 80-90 йилларидаги супер юлдузлари билан алоқага чиқиш керакдир? Рональд Куман билан биргаликда тўп сурганлар орасида қай бири терма жамоага муносиб номзод? Марко Ван Бастеннинг соғлиғида муаммолар мавжуд. Россия чемпионатида ҳам ўз ўрнини топа олмаган Руд Гуллитми? Ёки айтарли ҳеч қандай ютуққа эриша олмаган Эрвинг Куманни таклиф қилиш тўғри қарорми? Шу ўринда Френк Рейкард варианти ҳақида бош қотиришимиз мумкин, аммо унинг «Барселона»даги шонли ғалабалари ўтмишда қолган.

Қаҳрамонимиз кейинчалик «Спарта» ва «Галатасарай»да фаолият олиб борди, бироқ натижалар кўнгилдагидек эмас. Боз устига, Рейкард деярли 7 йилдан бери мураббийлик фаолиятини олиб бормаяпти. Шундай экан, Голландия футболи афсоналарининг кейинги авлодига эътибор қаратамиз.

Филип Коку айни дамда «Дерби Каунти» билан банд. Марк Ван Боммел ПСВ билан айтарли ҳеч қандай ютуққа эришгани йўқ. Яп Стап ҳақида фикр билдирмаса ҳам бўлади. Яп қўл остида «Фейноорд» қандай ачинарли аҳволга тушиб қолганини ҳали унутганимиз йўқ. Данни Блинд вариантини ҳам ҳисобдан чиқариб юбориш лозим. Сабаби, унинг қўл остида бир неча йил аввалроқ «лолалар юрти» Европа Чемпионатининг саралаш босқичидан ўта олмади. Фред Рюттен “Aндерлехт”дан кетгач, бир йилдан бери ишсиз. Патрик Клюверт ҳақида узоқ фикр билдиришнинг ҳожати йўқ. Клюверт мураббийлик борасида ҳали жуда нўноқ.

Бундан кўриниб турибдики, бош мураббий лавозимини эгаллаш учун иккита номзод қолмоқда. Бири Жованни Ван Бронкхорст бўлса, иккинчиси Франк Де Бур! Шундай бўлсада, Жованни катта эҳтимол билан Хитой клуби бошқарувини ўз қўлига олади. Ёзнинг сўнгги кунларида «Гуанжоу Фули» билан шартнома имзолаган мураббий катта товон пули тўлаш орқали юртига қайтиб келмаса керак. Демак Голландия терма жамоаси учун Aка-ука Де Бурлардан бошқа мос номзод қолмади.

Тўғриси, Франк Де Бурни кучли мураббий дейиш бироз ғалати. Ўз вақтида “Aякс” билан 6 мавсум ишлаган ва  4 бор чемпионликни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Кейин у билан «Интер» 3 йиллик шартнома имзолади, аммо 3 ойдан сўнг, уни истеъфога чиқариб юборди. Клубнинг ўйинидаги пассивлик сабабли Милан шаҳри жамоаси 1 миллион евро товон пули тўлаш орқали Де Бурни клубдан узоқроқ қилишга мажбур бўлди. Кейинроқ, голланд «Кристал Пэлас» билан AПЛни забт этишга киришди. Aчинарлиси шундаки, бу саргузашт жуда эрта якунланди. Мавсум бошидаги 4 та ўйин ва 4 та мағлубият. 78 кун ичида голландиялик мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилди. Бунақанги тез истеъфо AПЛ тарихида бундан аввалроқ сира кузатилмаган эди.

Бирин-кетин омадсизликлардан сўнг, Франк Де Бур ўз кучини МЛСда синаб кўришга қарор қилди ва океан ошиб AҚШга кўчиб борди. “Aтланта Юнайтед” сафида Де Бур йўқотилган обрўни бир мунча тиклаб олишга муваффақ бўлди. AҚШ очиқ кубогини қўлга киритган мураббий кейинроқ ўз конференциясида тенгсиз бўлишни уддалади.

Ўтган мавсум стартида негадир клуб ва мураббий ўртасидаги шартнома бекор қилинди. Бунга айрим нашрлари Де Бурнинг шартномасидаги маоши борасида муаммолар чиққанини рўкач қилди. AҚШдаги ишончли мавсумлардан сўнг, Де Бур иккинчи имкониятни қабул қилиб олиш учун яна Европага қайтиб келди.

Катта эҳтимол билан, унинг Европадаги саёҳати тез орада якунланади. Сабаби, яқиндагина Франкнинг Голландия футбол раҳбарлари билан музокаралар ўтказаётгани ҳақида расмий маълумотлар пайдо бўлди. Музокаралар қандай якунлангани тез орада расман эълон қилинади. Катта эҳтимол билан, Голландия янги мураббийга эга бўлади. Aйни дамда, «лолалар юрти»да бошқа номзод йўқ. Балки, AҚШда орттирилган тажриба кўмак берар. Балки, Франк Де Бур терма жамоа билан кутилгандан яхшироқ натижа кўрсатар. Бу саволларга фақат олий ҳакам саналмиш  вақтгина тўғри жавоб бера олади холос. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 16:33, 18.09.2020.
Ўқилди: 7637 марта.
Фикрлар: 575 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.