Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони жамоа сардори Лионель Месси билан унинг «Барселона»даги келажагини муҳокама қилганини айтди.
«Ҳаммаси ҳал бўлганидан кейин мен Лео билан гаплашдим. У хотиржам. У терма жамоа базасига келганида, у билан гаплашдик. У терма жамоада бахтли. Энди у ўзини клубда ҳам бахтли ҳис қилмоқда. Биз истаган ягона нарса — барчаси ҳал бўлиши ва унинг яхши формада бўлиши.
Унинг «Барселона»да қолгани биз учун яхши бўлди. У клубни яхши билади. Биз унинг ишларига аралашмаймиз», — деди Скалони.
Аргентина терма жамоаси 9 октябрь, жума куни ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасида Эквадорга қарши майдонга чиқади. Ўйин Тошкент вақти билан 05:30да бошланади.