Кристиан Эриксен - ҳақиқий истеъдодли футболчи. У буни деярли ҳар мавсум кўрсатган ажойиб статистикалари ва супер техник маҳорати орқали тўлақонли исботлаб келади. Айниқса, 2018-19 йилги мавсум унинг фаолияти давомидаги энг сермаҳсул ва чиройлиларидан бири сифатида ёдда қолди. У Премьер-лиганинг 35 та учрашувида майдонга тушиб 8 та гол урди. «Тоттенҳем» билан ЕЧЛ финалигача етиб борди ва якунда барча тан олган ҳужум триоси ичида ўзини ажратиб турувчи жиҳатларини кўрсата олди. Лекин жамоада қишга келиб раҳбарият ўзгарди ва янги мураббий Моуриньо режаларида даниялик футболчига жой топилмади. Якунда у Италияга кўчиб ўтишга қарор қилди. Унинг учун янгилик ҳисобланган Миланнинг «Интер» клуби кўпчилик томонидан футболчини очиб юбориши кутилаётганди. Лекин ҳақиқатан ҳам янги клуб унинг учун мана деярли бир йилдан бери янгилигича қолмоқда. Бир сўз билан айтганда Эриксен синов мураббийларига тўғри келиб қолаётганиданми уларнинг ҳам ўз навбатида янги харидларга кўникиб олишлари учун вақт талаб этилади, бу нормал ҳолат.
Бироқ, иқтидорли Эриксеннинг Италиянинг гигант клубларидан бирида ҳалигача ўйинини топиб кета олмаётганининг сабаби нимада бўлиши мумкин?
Ахир, ҳужумкор футбол режимига секин-аста ўтиб бораётган А Серия жамоаларига Кристиандек иқтидорлар керак эмасми? Жамоага АПЛдан келиб қўшилган бошқа шериклари ўз вақтида адаптацияни эплаб кетишди, лекин Кристианга Италия ҳалигача гўё бегона шаҳардек туюлмоқда. У жорий мавсум тўлиғича ўйин амалиётининг йўқлигидан азият чекяпти. Тўғри, А Серияда 7 марта, ЕЧЛда эса 4 марта унинг учун майдонда имкон берилди. Бироқ футболчи ҳали бирор марта фойдали иш коэффициентини намойиш эта олмади. Буни унинг асосан учрашувлар якунланаётган пайтларда, ўйин масаласи деярли ҳал бўлиб улгурган паллаларда майдонга туширилаётгани билан ҳам изоҳлашимиз мумкин. Конте бир-икки марта мана шу тахлит футболчининг устидан кулгандек таассурот қолдирмоқда. Умумий ҳисобда у «нерадзуррилар» либосида 36 та баҳсда 4 та гол уриб 3 та голга ассист берган.
Аввало, Эриксенда Италияга кўчиб ўтгач, тил ва маданият бўйича жиддий камчиликлар юзага келди. У итальян тилини ўзлаштиришда ҳалигача оқсамоқда. Буни ўз шериклари, жумладан Лукаку ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтди. Шунингдек, жуда кўплаб мутахассисларнинг фикрича футболчининг асосий муаммоси Контега боғлиқ. Бу омил услубларнинг ўзаро мос тушмаслиги билан таҳлил қилинади. Натижа ўлароқ, даниялик хавбек клуб тарихидаги омадсиз ўйинчилар рўйхатида Беркамп ва Куарежмалардан кейн 3-ўринни банд этиб турибди. Италиялик мураббийнинг ўзи ишлаган клубларидаги қурадиган услубига эътибор қаратсангиз, у кучли тактик футбол тарафдори, бунинг учун у йўлидан чиққан исталган тўсиқни олиб ташлашга тайёр. Конте майдонда ҳаракат қилаётган шогирдларидан максимал даражадаги натижани талаб қилади. Шу билан бирга у баъзи ҳолларда индивидуал маҳорат эгаларининг келажагига ҳам болта уриб юборганини кўп кузатганмиз. Масалан, «Ювентус»да ишлаб юрган кезлари унинг Дел Пиерога бўлган муносабатини ва футболчининг кейинги тақдирини ҳам худди шу ценарий остида якун топган дейиш мумкин. Буни мураббийнинг ўзи ҳам бир интервьюсида таъкидлаб ўтган эди: «Мен шогирдларимнинг майдонда менинг кўрсатмаларимдан ортиқча ҳаракатлар бажаришини ёқтирмайман, улар мураббий услубига сингдирилишии керак. Футболчилар майдонда имровизацияга асло йўл қўймасликлари талаб этилади», - дея айтиб ўтиб кетган.
Контенинг бугунги «Интер»даги тактик режасини тажаввузкор футболга йўйиш тўғрироқ бўлади. Қанотлардан ташкил этиладиган ҳужумларда лотерал позициясидаги ўйинчилар олдинга чиқишади ва ўз ўринларини тез-тез алмаштириб туришади. Бу ерда кўпинча марказ зонаси очиқ қолиб кетади ва мана шу ерда жавлон урадиган меҳнаткаш футболчи клубга етишмаяпти. Даниялик футболчини эса биласиз, марказда кўриб ўрганмаганмиз. Тактик ёндашув жиҳатидан ҳам лондонликлар ва миланликлар футболида кескин фарқларни учратишимиз мумкин. Кристиан аввал ўйнаб юрган, асосан плеймейкерлар учун тортиб кетадиган 3-5-2 схемаси энди унинг янги жамоаси учун бегона. У режа бўйича қанот ва марказий ҳудудлар учун ҳам масъул бўладиган 3-4-2-1 схемасига мос келиши керак эди. Конте шогирдларидан максимал даражадаги совуққонлик ва шидаткор ҳаракатлар талаб қилади. Эриксеннинг баъзи ўйинларида эса айнан мана шу совуққонлик кўзга ташланмаяпти. «Тоттенҳем»да ўйнаб юрган пайтлари унга кўпинча тўп етказиб бериларди ва биз футболчини якка курашларда кўп ҳам кўравермас эдик. Лекин «Интер»да эса бунинг мутлақо тескариси. Энди у бу ерда прессингга ишлашга мажбур. Лекин унинг ҳозирги формасида негадир тезлик хусусияти кескин пасайиб кетган. Агар статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, Эриксен рақибга прессинг уюштириш ва тўпни олиб қўйиш самарадорлиги, шунингдек, бирга бир вазиятлар ва яккакурашлар иштирокида энг паст кўрсаткичга эга – 31%. Буни Конте ҳазиломуз тарзда бир интервьюларисида қистириб кетди: «Эриксен Италияга келганидан сўнг ўз рационида сабзавотлар ва кўкатлар истеъмолини ошириб бориши керак. Бизда иқлим буни талаб этади. Мен эса ҳозир унда на энергия ва на иштиёқни кўрганим йўқ».
Дарҳақиқат, Эриксеннинг табиати нуқтайи назаридан ҳам бу ер балки унга манзур бўлмагандир. Аммо, баъзи назарий жиҳатлар ҳам борки, буларни инкор этиб бўлмайди. Кескин ҳужумга асосланган жамоа чизмаларида ҳам марказий зонада катта бўшлиқлар пайдо бўлиши бор гап. Ҳозирги замонавий футболда ўйинчининг фақатгина битта позицияда ҳаракат қилиши камлик қилади. Янги футбол янгича қатламни шакллантиргани сабабли энди катта авлод вакилларининг ўзгача услубларга кўникиб кетиши бироз мураккаб кечиши бор гап. Янги давр футболи дарҳақиқат жуда мукаммал босқичларни кашф этиб бормоқда. Бугунги кунда натижага бўлган масъулият сезиларли ошиб кетди ва аввалги йилларнинг жозибадор ва техникага қурилган футболи ҳам секин-аста урфдан чиқиб бормоқда. Ҳозир голнинг яратилишида битта инсон омили эмас балки бир нечта футболчилар яхлит битта системага йиғилади.
Биз Кристианнинг мисолида ҳозирги «Интер»нинг ўйин услубини кузатиб боряпмизки, жамоага Эриксен каби индивидуал, кучли формага эга бўлган иқтидорли футболчилар жуда зарур. Айниқса, клубга ЕЧЛда айнан мана шу каби хусусиятлар етишмади. Хавфли вазиятлар ярата олиш фоизлари борган сари пасайиб кетмоқда. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрига кўра ҳам Эриксеннинг айни пайтдаги ачинарли вазияти балки Контенинг тескари услуби ва қаттиққўл характерига боғлиқдир. Лекин футболчи ўз устида ишлашда давом этиб, ўзига берилган кичик имкониятлардан ҳам максимал фойдалана оладиган даражага чиқса, Конте ҳам ўз навбатида албатта, шогирдига ишонч билдиришни бошлайди. Ҳозирги замонавий футболда кучли жамоа таркибидаги асосий фигуралардан бирига айланиш учун клубдаги кучли рақобат муҳитида муносиб иштирок эта билиш керак, айниқса унинг позициясида. Кристиан Эриксен атрофидаги шахсий муамоалари ва техник камчиликларини тезроқ бартараф этиб олиши учун унда вақт кам. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади