Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Лукаку фаолиятини Самарқанд ёки Бухорода давом эттириши мумкин! Нимага дейсизми?!

Баҳо:
+ | -

Бугунги кунда Ромелу Лукаку кўрсатиб келаётган ўйин кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Дарҳақиқат, у ортда қолган февраль ойини фантастик суратда ўтказди. Ромелу февраль ойида жами 4 та ўйинда майдонга тушиб 4 гол ва 3 ассист муаллифига айланди. Натижада унга «ойнинг энг яхши ўйинчиси» соврини топширилганидан хабарингиз бор. Ушбу натижаларни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам футболчи «Интер»га келган кунларидан бошлаб мавсумдан мавсумга очилиб бормоқда. Шу пайтгача у 26 та ўйинда майдонга тушиб 19 гол ва 7 ассист муаллифига айланди, айни пайтда А Серия тўпурарлар рўйхатида Роналду билан тенгма-тенг равишда кураш олиб бормоқда. Бундан ташқари ҳам Лукакунинг эътироф этиладиган бошқа кўплаб ижобий хусусиятлари мавжуд.

Бироқ биз бу гал бельгиялик юлдузнинг умуман бошқа бир жиҳатига тўхталмоқчимиз. Қаҳрамонимиз ўз ҳамкасблари орасида бир қатор хорижий тилларни билувчи камдан кам футболчилар қаторига киради. Қизиқ томони, Лукаку бугунги кунда ўз она тили флемиш (бельгияда маҳаллий халқ ушбу тилда сўзлашади)дан ташқари голланд, француз, инглиз, португал, лингала (Конгода маҳаллий аҳоли гаплашадиган асосий тил), немис ҳамда итальян тилларини мукаммал ўзлаштирган.

Албатта, асосий фаолияти футболчиликдангина иборат бўлган йигитча учун баҳо берилганда бу фантастик ҳолат сифатида эшитилиши мумкин. Бироқ Ромелунинг мамлакатида икки-учта тилни мукаммал ўзлаштиришга одатий ҳол сифатида қаралади. Бу макон нуқтайи назаридан келиб чиққан жараён. Бельгиянинг шимолий қисмида аҳоли ўз тили флемишдан ташқари голланд ҳамда француз тилларини яхши ўзлаштирган. Мамлакатнинг жанубий қисмидаги аҳоли учун эса немис тили бегона эмас. Бундай бўлишига асосий сабаблардан бири сифатида мамлакатга ҳар йили кириб келадиган сон минглаб иммигрантларни келтириш мумкин.

 

Этник жараёнлар таъсирида ҳар бир бельгиялик у-бу тилдан оз-моз ўзлаштириб бориши албатта табиий ҳол. Буни Лукакудан ташқари Винсент Компани ва Тибо Куртуаларда ҳам кўришимиз мумкин. Винсент француз, инглиз, немис ва голланд тилларида бемалол гаплаша олади. Тибо ҳам худди шу даражада плюс испан тилидан ҳам юқори кўрсаткичга эга. Бироқ шу аснода фикримизга тескари мисол ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Бельгия миллий терма жамоасининг яна бир аъзоси Мароан Феллайни бу борада ортиқча мақтана олмайди. Мароан инглиз тилини ўрганиш жараёнида анча қийинчиликларга учраган. Буни унинг «МЮ»даги жамоадоши Рио Фердинанд ҳам бир интервьюсида алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Шунингдек, миллий терма жамоа бош мураббийи Роберто Мартинес ҳам футболчилар билан суҳбатларда айнан инглиз тилида гапиришда муаммоларга дуч келади.

Лукакуга тўхталадиган бўлсак унда «билингуализм» хусусияти болалигиданоқ шаклланиб борган. У дастлаб онаси ва бобосидан (Ромелуларнинг келиб чиқиши асли Конгодан) лингала тили бўйича бошланғич кўникмаларни ўргана бошлайди. Бу ерда қаҳрамонимизнинг турли халқлар маданияти ва урф-одатларини ўрганишга бўлган туғма қизиқиши туртки бўлган десак янгилишмаймиз. Андерлехтда яшаган пайти эса немис тили бўйича билимларини ошириб борган Лукаку Англияга кўчиб ўтган кезлари унинг учун бу ердаги маҳаллий тилларда гапириш умуман муаммо бўлмаган. Қизиқ томони, «Челси» таркибида ўша пайтлари бразилиялик футболчиларни етарлича топса бўлар эди.

 

Ромелу шу аснода ўзига португал тилини ҳам кашф қилиб олди. Бу йўлда унга Давид Луис ва Жозе Бозингвалар ёрдам беради. Юқорида таъкидлаганимиздек, шу тариқа феноменал хотирага эга бўлган Лукаку учун 7 та тилда сўзлашиш одатий ҳолга айланиб борди. Бироқ у бу тилларнинг аксариятида умумий ўрганувчиларга хос бўлган даражада гапирарди холос. Мураббий кўрсатмаларию чизмалари, шунингдек, йўриқнома ва китобларни аниқ тушуниб олиш учун у албатта таржимонга мурожаат қилар эди. Аммо бу ерда бир жиҳатни унутмаслик керак.

Қаҳрамонимиз бу каби машаққатли жараёнларда бирорта ҳам ўқув курслари ёки малакали устозлар кўмагидан фойдаланмаган, шунингдек, ҳеч қандай мавжуд қўлланма ва дарсликларни ҳам мунтазам равишда ўқиб бормаган. Фақатгина туғма қобилият ва интилишнинг ўзигина Ромелуга бир клубдан бошқа бир клубга кўчиб ўтиш жараёнида энг керакли паллаларда адптация учун асқотган. Буни биз уни «Интер»да кўриниш берганидан сўнг дадил ҳаракатлари орқали англаб олдик. Гап шундаки, қаҳрамонимиз Аппенин яриморолига кўчиб ўтар экан бу ерларнинг маданияти ва тилига кўникишда деярли ҳеч қандай тўсиқларга учрамади, аксинча аввалги кўникмаларини мустаҳлакамлашда давом этди.

Аввалари фақат телевизор билан суҳбат қурган Ромелу энди кўпроқ жонли муҳитга кириша бошлади. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Ромелунинг акаси Жордан Лукакунинг 2016 йилдан бери «Лацио» таркибида ўйнаб келишидан хабарингиз бор. У машғулотлардан бўш пайти спорт ўйинларида комментаторлик билан ҳам шуғулланар эди. Жордан ўзининг «Sky Italia Channel» каналидаги амалиёт курсларига бевосита укасини ҳам таклиф этар, унга бу соҳа сирларини қўлидан келганча ўргатиб борар эди. Кўриниб турганидек, ҳақиқий итальян адабий тили муҳитида вояга етган кичик Лукаку бу тилни қийинчиликсиз ўзлаштириб олди. Тотти ҳамда Дел Пьеролар билан ўтказилган подкастларда ҳам у мунтазам равишда иштирок этган. Бу омиллар унга «Интер»даги фаолияти давомида анча қўл келаётганини футболчининг ўзи ҳам бир интервьюсида таъкидлаб ўтган эди.

У Инстаграмида августдаги машғулотлар жараёнидан олинган бир постида Жоао Марио ва Далбертлар билан испан, итальян ва португалчада ҳазиломуз суҳбатлар уюштиб туришига урғу берган эди. «Лукаку қўллайдигам методдан кўпчилик ҳам фойдаланавермайди. У хотирасида турли сўз ўйинларини яратиб олади ва жумлаларни ичида кўп-кўп қайтариб осонлик билан ёдлаб олишга уринади. Унинг энг севган тили - бу португалча. Жамоадошлари билан бўладиган коммуникацияда ҳам у ушбу тилда сўзлашишни талаб қилади», - дейди Бозингва. Шунингдек, унинг «Эвертон»даги жамоадоши Росс Баркли билан бир суҳбати ҳам кўпчиликнинг эсида бўлса керак. У Россга 2006 йилдан тортиб ўша пайтгача ўтказилган барча мусобақаларни санаб беришини сўрайди. Баркли эса иккита турнир саноғидан сўнг кетма-кет тарзда ккилана бошлайди ва ниҳоят саноқни баҳснинг ярмида тўхтатишга мажбур бўлади. Ромелу эса шартни охиригача бажариб кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган. Ўшанда у 20 дан зиёд турнирни кетма-кет, адашмай, бир тартибда тилга олган эди.

Қайд этиш керакки, биллингуаллик хусусияти қаҳрамонимизга футбол учрашувларида ҳам айни миддао бўлган. У «Эвертон»да ўйнаб юрган кезлари ҳужумдаги энг яхши партнёрларидан бири Янник Болази эди. Ҳар иккисининг ҳам келиб чиқиши айнан Конгодан бўлган бу жуфтлик жамоасининг яратилган ҳужумларида анча сермаҳсулликни намойиш этган. «АПЛда ҳимоячилар тўсиғидан осонликча ўтишнинг иложи йўқ. Бунинг устига оғир вазнимни ҳисобга олсак бу мен учун деярли имконсиз иш эди. Шу каби взаиятларда ақлни ишга солиш лозим. Мен Болази билан лингала тилида гаплашардим. Бу тилда эса Премьер-лигада биздан бошқа деярли ҳеч ким гаплашмаган. Шу сабабли Янник билан майдонда калит сўзларни бемалол ишлата олганман. Дарвозабоннинг заиф нуқтасини аниқлашда ҳамда унинг ҳимоячилар билан мулоқотини тезда тушунволиш учун бу айни муддао эди. Шундан бўлса керак, "Эвертон"да ўзимни анча эркин ҳис қилганман», дейди", - Лукаку.

Шунингдек, Лукаку ақлли инсон ва  зиёли киши сифатида эътироф этилади. У туризм бўйича бакалавр дипломига эга. Ромелу футболчилик фаолиятини шунчаки якунлаб қўймоқчи эмас. У кейинчалик мураббийлик соҳасида ҳам ўзини синаб кўришни мақсад қилган. Шунингдек, унинг энг ҳурматга сазовор хусусиятларидан бири - Лукаку ҳеч қачон ташқи кўринишга эътибор қаратмайди. Шу боисдан бўлса керак, тунги клубга борган исталган йигитни ҳам одобсиз деб ўйламайди.

"У «Андерлехт» да тўп тепиб юрган кезлариданоқ 16-17 ёшлик бола сифатида бошқа жамоадошларидан кескин ажралиб турган. Лукаку ҳаётда фақат футболчи бўлиб яшаш керакмаслигини уқтирарди. У ҳар доим кўп қиррали инсон бўлишга интилган. У мен билан «Синт-Гуидо» институтига кириши кераклигини жуда кўп гаплашарди. Ниҳоят, шу воқеа содир бўлди ҳам. Кейинчалик у икки йил давомида ПР ва туризм соҳасини муваффақиятли тамомлаб олий малакали мутахассис дипломига эга бўлди. Мен шунда уни анчайин порлоқ келажак кутиб турганини сезгандим", - дейди Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес Men Sportга берган интервьюсида.

Алббатта, турфа хил тилларни билиш даражаси Лукакуга исталган чемпионатида қийналмай ўйнаб кетишига ёрдам беради. У бу орқали рақиб ҳужумларини ўқийди, ўзига қулай имконият яратиб олишда чалғитувчи усуллардан фойдаланади. Биз юқорида бир футболчи қилиши мумкин бўлган профессионалликнинг кичик бир даражаси ҳақида сўз юритдик. Дарҳақиқат, Лукаку энди бемалол фаолиятини Бухоро ёки Самарқандда давом эттириши мумкин. Малакали турист  мақомига эга футболчи бу ерларда юртдошларимизни зериктирмаслиги тайин. Ромелуга ўхшаган кўп қиррали футболчилар бугунги кунда  етишиб чиқаётган ёш авлод учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Киритилди: 00:39, 16.03.2021.
Ўқилди: 15430 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.