Бельгиялик Эден Азар «Реал» сафига қўшилганидан буён асосан рақиблар эмас, балки жароҳатлар билан олишяпти. Мана, у яқинда ҳисоб бўйича 10-марта сафдан чиқди. Бу яна бир ой минус деганидир. Ҳаттоки, Азарнинг Евро-2020да қатнашиши ҳам сўроқ остида қоляпти. Умумий ҳисобга кўра, «Челси»дан катта умидлар билан харид қилинган бельгиялик ярим ҳимоячи «Қироллик клуби» ихтиёрида нақ 320 кунни «лазарет»да ўтказди...
***Ҳа, Эден Азар «Реал»нинг бутун тарихидаги бош тиббий фалокатга айланди. Мадридликлар 2019 йилнинг ёзида «Челси» суперюлдузини 115 миллион евро (норасмий маълумот, реал сумма - чамаси 160 миллион) эвазига ўз томонларига оғдиришганди. Бироқ Азар амалда таркибни кучайтириш ўрнига жамоа тиббий штабига мислсиз юк бўлди.
***Бельгия термаси етакчиси «Реал» машғулотларига ортиқча вазн билан қўшилди ва фастфудга муҳаббатини яширмади. Кейин адоғи йўқ жароҳатлар кетма-кетлиги бошланди. Эден жароҳатдан қочиш учун тренажёр залида махсус дастур асосида ишлади, ҳаттоки, ўзига руҳшунос ҳам ёллади, бироқ барчаси бефойда.
***Эден Азар «Реал»даги 1,5 йил давомида 10 марта жароҳатга йўлиқишдан ташқари, коронавирусга ҳам чалинди ва нақ 50та ўйинни ўтказиб юборди. Бошқача айтганда, жами 320 кун давомида қайдномадан четда қолди. Таққослаш учун айтсак, у «Челси»даги 7 йилда 7 марта жароҳатланиб, 21та ўйинда қатнашолмаганди.
***Эден Азар жорий мавсум атиги 9та ўйинда кўриниш берди. Футболчи охирги ойларда мушак пайларига боғлиқ жароҳатлардан азият чекди: тикланиш жараёнидан кейин неча марта умумий гуруҳга қўшилди ва яна қайта четга чиқди. Орада Азарнинг «Эльче» ёки «Аталанта»га қарши баҳсда майдонга тушиши тахмин қилинди, ҳаттоки, Зайниддин Зидан ҳам унда энг ёмони ортда қолганини тасдиқлади: «Эден жисмонан ва руҳан тайёр. Ҳозир ҳаммаси жойида. Ишонтириб айтаман, у спорт формасини тиклаши билан барчани ўз атрофида ўйнатади». Бироқ яна ўхшамади - «Аталанта» билан ўйинга 1 кун қолганида, Азар машғулотларда қатнашолмади. Бу сафар унга бел пайлари чўзилиши панд берди.
***Ўнг тўпиқ - Эденнинг энг нозик жойи. «Азар фаолиятининг охиригача тўпиғини алоҳида авайлаши керак — ўйинлардан олдин ҳам, кейин ҳам», — деганди Бельгия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес бир йилча олдин.
***Бельгиялик ярим ҳимоячи ўтган йили операция столига ётди (бунга қадар асосан консерватив йўл билан даволанган), бироқ доимий оғриқлар йўқолгани йўқ. Энди футболчи яна жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезаётгандек. Агар «Реал» буни маъқулласа, унда Азар жорий мавсум бошқа ўйнолмаслиги мумкин. Демакки, бундай тақдирда унинг Евро-2020да иштирок этиши ҳам сўроқ остида қолади.
Азарнинг «Реал»даги барча жароҳатлари
19.08.2019-14.09.2019
Сон ва тиззаолди пайларининг шикастланиши
(25 кун ёхуд 3та ўйинни ўтказиб юборди)
27.11.2019-05.12.2019
Тўпиқнинг лат ейиши
ва шишиб кетиши
(8 кун ёхуд 1та ўйинни
ўтказиб юборди)
05.12.2019-10.02.2020
Тўпиқ суягининг кичик
дарз кетиши
(67 кун ёхуд 17та ўйинни
ўтказиб юборди)
23.02.2020-09.05.2020
Тиззаости суягининг
дарз кетиши
(76 кун ёхуд 3та ўйинни ўтказиб юборди)
29.06.2020-09.07.2020
Тўпиқнинг шикастланиши
(10 кун ёхуд 2та ўйинни ўтказиб юборди)
01.09.2020-28.09.2020
Тўпиқ соҳасидаги оғриқ
(27 кун ёхуд 2та ўйинни ўтказиб юборди)
30.09.2020-27.10.2020
Пай чўзилиши
(27 кун ёхуд 6та ўйинни ўтказиб юборди)
07.11.2020-20.11.2020
Коронавирус
(13 кун ёхуд 1та ўйинни ўтказиб юборди)
28.11.2020-28.12.2020
Пай чўзилиши
(30 кун ёхуд 8та ўйинни ўтказиб юборди)
03.02.2021-12.03.2021
Пай чўзилиши
(37 кун ёхуд 7та ўйинни ўтказиб юборди)
15.03.2021-???
Пай чўзилиши*
(камида яна 30 кун дам олишга маҳкум)
* - ҳозирги жароҳат