Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Онасининг эркатойи ёки яна Пепе ҳақида бадиа...

Баҳо:
+ | -

Бразилияликларга хос анъанавий исмларни хуш кўрмайдиган Анаэль Феррейра ўз ўғлони учун бошқа болакайлардан яққол ажралиб турадиган ном илинжида эди. Бироқ анчагача бир тўхтамга кела олмади. У пайтлари интернет Бразилиянинг овлоқ ҳудудларига етиб бормаган, аммо Феррейрада ўта ноёб қўлланма - буюк арбоблар зикр этилган оилавий энциклопедия бор эди. Ундаги Иоганн Кеплер номи Анаэлга мақбул бўлди. Аммо бахтиёр ота таниқли немис астрономи билан чекланиб қолмади - 1907 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган франциялик физик Шарль Луи Альфонсо Лаверан номи ҳам унга ёқиб қолганди. Хуллас, фарзандига ном беришда ота буюк алломаларни улуғлаш баробарида ўзини ҳам унутмади ва ўғлини Кеплер Лаверан Лима Феррейра деб атади.

«Бундай жарангдор исм билан ўғлоним келажакда буюк олим бўлади», - дерди у дўстларига мақтаниб. Бироқ отанинг башорати тўғри чиқмади - болакай ям-яшил футбол майдонларини тор ва диққинафас лаборатория хоналаридан афзал кўрди. Шунингдек, унинг жарангдор исми ҳам юксак парвоздан четда қолди - дунё аҳлига у камтарона Пепе номи билан танилди.

Таъкидлаш жоизки, Пепе биология, кимё ва физика фанларини рисоладагидек ўзлаштирди. Жисмоний ҳолати эса намуна бўла оладиган даражада - баданидан куч-қувват уфуриб туради. 38 ёшда ҳам у футбол майдонида тенги йўқ жанг-чи мақомида юрибди. «Порту», «Реал» клублари ва Португалия терма жамоаси учун Пепе забт этиб бўлмайдиган енгилмас қоя мисоли. Тўғри, мухлислар орасида уни футбол донишманди эмас, маккор афсунгарга қиёслайдиганлари ҳам йўқ эмас. Қисқаси, турфа хил фикрлар етарли. Аммо инсондек мураккаб хилқат тавсифи учун камлик қилади. Шундай бўлсада, Пепенинг қанақа одам эканлигига ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз.

Соф ҳақиқат: 17 ёшга чиққунига қадар Пепе катталар каравотида ухларди. Ёлғиз ўзи чўзилиб ётишни хуш кўргани учун эмас, онасининг эркатой арзандаси бўлгани учун. У 3 нафар опалари қуршовида улғайгани боис, унинг ҳар бир аксиришидан онаси қалтираб қоларди. Ҳатто ўсмирлик чоғида ҳам Пепе асосий вақтини онасининг ёнида, сочларини турмаклаш ёки турли мавзуларда суҳбатлашиш билан ўтказарди.

Кейинчалик Пепе бу интилишни тез орада уйни тарк этишини олдиндан сезганлиги билан изоҳлаганди. «Жуда кўп вақтимни ундан узоқда ўтказишимни аввалдан ҳис этгандим», - деганди футболчи Португалия матбуоти вакилига берган интервьюсида. Амалда ҳам шундай бўлди: Пепе фаолиятининг шиддатли ривожланиши ўртоқлик учрашуви билан бошланди. Ўшанда ҳимоячи «Маритиму» скаутлари назоратидаги рақиб жамоа ҳужумчисини зарарсизлантириши лозим эди. Ўйин арафасида Пепедан бироз мулойимроқ муносабатда бўлишни илтимос қилишганди. Бироқ у илтимосни инобатга олмади. Натижада «Маритиму» ҳужумчини эмас, Пепени ўз таркибига қўшиб олди.

Орадан бир неча ҳафта ўтгач, Европа сафари арафасидаги сўнгги учрашувда Пепе оёғидан жароҳат олди. Кимдир уни атайлаб шундай қилганликда айблади.

Қисқаси, «Маритиму»даги уч мавсумдан сўнг, Пепе «Порту»га ўтди - салмоқли қадам. Янги жамоа бош мураббийи Ко Адриансе унга 3-4-3 схемасида ҳимоя чизиғининг асосий ижрочиси вазифасини юклади. Жамоанинг бошқа бир тенгсиз ўйинчиси - бразилиялик Асунсан янги жамоадоши ўйинидан лол қолганди: «Унинг ягона марказий ҳимоячи сифатида тўп сурган ўйинларига гувоҳ бўлганман. Қандайдир йигитча бир ўзи ишончли ҳимояни таъминлай олди. Ўша пайтдаёқ унинг кўп нарсаларга қодир эканлигини сезганман».

«Порту»да Пепе Лондонга йўл олган Рикарду Карвалью ўрнини эгаллади. Ўзи 2007 йилда «Реал» сафига отланганида, унга ҳеч ким ҳавас қилмаганди: Пепе 4 йил аввал етакчи ҳимоячиси - Фернандо Йерродан жудо бўлган чемпион таркибида янги қўрғоннинг асоси бўлиши керак эди.

Франсиско Павон, Рауль Браво, Альваро Мехия, Рубен Гонсалес, Вальтер Самуэль, Жонатан Вудгейт ва Кристоф Метцельдер Пепедан аввал бу вазифани бажаришга уринишган, лекин уддалай олмагандилар. Қаҳрамонимиз эса ортиқча муаммоларсиз эплади. Серхио Рамос ҳам умид уйғотди, лекин ўнг қанотда. Ҳатто, жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро жиддий қийинчиликларга дуч келганди. «Марказий ҳимоячилар қабристони» - ўша пайтдаги «Реал» шундай совуқ лақабга лойиқ кўрилганди.

«Тактик жиҳатдан пухта ташкил этилган клубдан келгандим. Мадридда эса хаосга дуч келдим. «Атлетико»га қарши учрашувнинг дастлабки 30 дақиқасида бизни парчалаб ташлашди. Ҳимоя чизиғимизда бирин-кетин яккама-якка вазиятлар юз бера бошлади. Каннаварога мурожаат қилдим: «Менга кўмаклашиб тур, Фабио!» Аммо у илтимосимни рад этди: «Ҳе, йўқ, бизда ҳар ким ўзи учун жавобгар».

Дастлабки кунларда Пепе ҳеч кимга ёқмади. Мадрид матбуоти унга сарфланган 30 млн. евро беҳуда кетиши ҳақида жар солди. Чунки Пепе кучлироқ лигаларда ўйнашга улгурмаганди. Лекин у кўпроқ майдонга туша бошлагач, ҳимоядаги муаммолар камайиб кетди. Чунки Пепе қатъиятли ва кескин ўйинчи эди. Тез орада у баҳслашишга ўрин қолдирмайдиган етакчи мақомига кўтарилди. «Йерро савиясига кўтарилиш ҳеч кимга насиб этмади. Бироқ Пепе ўша даврдаги харидларнинг энг омадлиси бўлди. У қисқа вақт ичида клуб энг керакли трансферни амалга оширганлигини исботлади», - деганди Пепе билан ёнма-ён тўп сурган Мигель Торрес.

Португалиялик ҳимоячининг «класико»даги дебюти барча тан-қидчиларни мум тишлашга мажбур этди. Роналдиньодек юлдузни тўла зарарсизлантирган Пепенинг ишончли ўйин эвазига «Қироллик клуби» 1:0 ҳисобида зафар қучди. У майдонни тарк этаётганида матбуот котиби мамнуният билан хитоб қилди: «Ажойиб ўйин! Бугун сенинг ҳаётинг тубдан ўзгарди».

Пепенинг кескин ва тажовузкор ўйинчи эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Майдонда у ҳеч кимни аямайди. Шу хислати эвазига мухлислар меҳрини, рақиблар нафратини қозонди. Ҳа, биз Пепе ўзи истамаган ҳолда Мессининг қўлини босиб олганига ёки ЖЧ-2014да қизил карточка билан жазолангани, ўз жамоадоши Альваро Арбелоани рақиб ўйинчиси билан адаштириб уриб юборгани ёки тиззаси билан Дани Алвешга зарба берганига гувоҳ бўлганмиз. Бу каби мисоллар бизни 2009 йилнинг 21 апрели воқеасига олиб боради.

Ҳаммаси «Хетафе» ярим ҳимоячиси Хавьер Каскеро Пепенинг арзимас турткисидан сўнг майдонга йиқилиши билан бошланди. Футбол беллашуви учун одатий ҳол, аммо Пепенинг кайфияти ўзгача эди. Аввал у Каскерони икки марта туртди, кейин Хуан Анхель Альбинага зарба берди. Шундан сўнг бор овози билан сўкинган ҳолда майдонни тарк этди. Бу бориб турган телбаликдан ўзга нарса эмасди. Ўйин тугаши билан Пепе ҳаммадан узр сўради. Унинг сўзлари самимий эди: «Мен руҳан эзилган ҳолга тушиб қолдим, ўзимни бошқара олмадим. Видеотакрорларда ўзимни танимадим. Кечинмаларимни таърифлашга сўз тополмаяпман. Бу мен учун энг оғир жазо».

Футболчи 10та учрашувга дисквалификация билан жазоланиб, бу мухлатни чинакам азобланиш билан ўтказди. Ҳатто футболдан воз кечиш истаги ҳам туғилди. «Пепени ҳеч қачон бунчалик тушкун ҳолатда кўрмаганман», - деганди Марсело. Ўша воқеадан кейин Пепенинг обрў-эътибори ва «Реал»нинг чемпионлик имкониятига сезиларли путур етди. «Қироллик клуби» мухлислари узрни қабул қилган бўлсалар, бошқаларда маҳаллийлашган португалияликка нисбатан нафрат кучайиб кетди. Шундан кейин Пепе қувғиндига айланди, рақиб жамоалар мухлислари «қотил» лақаби билан «сийлашди». Каталония ТВсида унинг Ганнибал Лектер ниқобидаги роликлари намойиш этилди. «У нафақат даҳшатли, шу билан бирга ўта тажовузкор эди. Энди мен унга яқинлашишдан ҳам қўрқаман», - деганди ярим ҳимоячи Кани. Кўпчилик бу фикрни тасдиқлади.

Бир-икки роликни томоша қилгандан сўнг Пепе ҳақида хулоса чиқариш қийин эмас. У кийиниш хонасида ҳукм-ронлигини ўрнатган ашаддий исёнчига ўхшайди. Лекин у билан ёнма-ён тўп сурган ўйинчиларнинг фикрлари бунинг аксини тасдиқлайди. Ҳа, майдонда у чинакам йиртқич, аммо унинг ташқарисида тамоман ўзгача олам. Ўта мулойим, кўнгилчан йигит. «Пепе доимо ўйинни юқори шиддатда ўтказади, мағлубиятга чидай олмайди, ҳатто машғулотларда ҳам. Ўша куни Каскерога нисбатан ноҳақ эди. Лекин очиғи, у кийиниш хонасидаги энг ювош ва одоби ўйинчиларнинг бири эди», - деганди Мигель Торрес.

Португалия терма жамоасининг собиқ аъзоси Эдернинг эътирофи қу-йидагича: «Майдонда у жангчи қиёфасида. Доимо сўнгги сониягача курашади, кўпинча ошириб ҳам юборади. Машғулотларда ҳам шундай. Унинг асосий мақсади - рақибни иложи борича қийин вазиятга тушириш. Бироқ инсон сифатида Пепе тамоман ўзгача. Жуда камгап, кўпинча сукут сақлайди. Диққат марказида бўлишни ёқтирмайди. Баъзан унинг бор ёки йўқлигини сезмай қоласиз. Пепе ўта вазмин табиатли йигит».

Қизиғи шундаки, Пепенинг ўзи буни тан олишга ошиқмайди. «Подкат»га бориш жараёнида рақибни кутиб турмайман. Мақсадим - тўпни тортиб олиш. Рақибнинг мен билан тўқнашиб кетиши эса, унинг муаммоси. Футбол - контактга бой спорт тури. Ҳа, мен мусаффо эмасман. Мендан нима истайсиз? Рақибни ўтказиб юборишимними? Узр, бундай қилолмайман. Рақибни қўйиб юбориб, кейин ортидан югурадиганлар тоифасидан эмасман. Мен тўпга интиламан».

Мана шу жасорат туфайли Пепе муваффақиятга эришди. Лекин фақат шахс сифатида эмас. Унинг жисмоний қудрати ва позиция танлаш қобилияти ҳам муҳим ўрин тутади. У Моуриньо, Анчелотти ва Бенитес каби турли услубдаги мураббийлар даврида «Реал»нинг асосий етакчилари сафида бўлди. Бу унинг нечоғли универсал жангчи эканлигидан далолат беради.

Вақт ўтиши билан Пепе анча вазмин табиатли ўйинчига айланди. Ла Лигадаги сўнгги 5 мавсум давомида атиги 26 марта сариқ карточка билан жазоланди, бирорта ҳам «қизил» олмади. Ёши улғайиб қолганига қарамасдан, юксак савияни сақлай олди. Клубда рисоладагидек ўйнагани сабабли, терма жамоага ҳам мунтазам жалб этилмоқда. Бўш пайтларида уйида қизлари билан ўйнашни ҳар хил кўнгилочар тадбирлардан устун қўяди. «Гап фақат унинг маш-ғулотлардаги иштирокида эмас. Тўғри овқатланиш ва уйқунинг аҳамияти жуда катта. Пепенинг ҳаёти севимли касбини талаб даражасида адо этишга қаратилган», - дейди Асунсан.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:06, 11.05.2021.
Ўқилди: 1792 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.