Аввало, мен сизга Чемпионлар Лигасини қанчалик севишимни айтмоқчиман.Биз ҳаммамиз уни яхши кўрамиз, шундай эмасми? Бу мен учун дунёдаги энг яхши турнир. Унда бир нарса бор, у кубок ва мадҳиядан ҳам муҳимроқ. Болалик хотираларимдан қолган нарса. Ўйлайманки, менинг ёшимдаги кўплаб одамлар, айниқса, муҳожирларнинг болалари учун футбол кечаларида сеҳрли воқеалар бўлган. Мен Гельзенкирхенда турк оиласида катта бўлганман ва ҳар сафар Туркия жамоалари Европада ўйнаганида, биз ўйинни томоша қилиш учун барча ишимизни йиғиштирардик. Гўё бизнинг келажак тақдиримиз учрашув натижасига боғлиқ эди.
«Галатасарой» 2000 йилда УЕФА кубогини қўлга киритганини ҳеч қачон унутмайман. Мен тўққиз ёшда эдим. Менинг бутун оилам «Галатасарой»га мухлислик қилади, онамдан ташқари, у «Фенербахче» мухлисаси. Шундай қилиб, биз финални бутун оиламиз билан биргаликда томоша қилдик ва пенальтилар сериясида бизникилар «Арсенал»дан қандай устун келганлигини кўрдик. Илҳан амаким худди ёш боладек кўз ёш тўкканди ўша оқшомда.
Бу менинг энг яхши болалик хотираларим.Ва бу фақатгина УЕФА кубоги эди. Тасаввур қилинг, Чемпионлар лигаси қанчалик муҳимлигини. Унда иштирок этиш мен учун қандай бўлганини тасаввур қилинг? Ва унда ғалаба қозониш мен учун нимани англатарди? Мен кўпинча битта ўйин ҳақида ўйлайман. Балки сиз ҳам 2013 йилги финални эсларсиз,«Боруссия» яна бир немис клуби «Бавария»га қарши. Биз жуда яхши эдик. Менинг энг яхши мавсумларимдан бири ва ўшанда гол ҳам урганман. Аммо биз 2:1 ҳисобида ютқаздик.
Бу даҳшатли туш эди. Финал ҳуштагидан кейин ҳам нима бўлганини тушуна олмадим. Қандай қилиб, нима учун шундай бўлганини? Менда яна шундай имкониятга эга бўламанми? Ушбу финални эслаш менга доим оғриқли. Мен ушбу кубокни ютишни жуда хоҳлайман. Аммо сиз бир нарсани жуда хоҳлайсиз,лекин якунда ҳеч нимасиз қолишингиз хавфи бор. Баъзан шу фикрлар туфайли ухлай олмайман. Мен қўрқув ва шубҳаларни бостириш кераклигини биламан, аммо бу осон эмас. Мен бу ерда ўзимга ишонган йигит эканлигимни комплексларсиз ёзишим мумкин эди, лекин бу ёлғон бўлар эди.
Аслида тўшакда ётиш ва фикрларим билан курашиш одатий ҳол эмас. Миям шунчаки бу нарсаларни ўйлашдан тўхтамайди. Мен футбол, оила ва ҳаёт ҳақида хаёл сураман. Мен жуда кўп ўйлайман. Шунақа одамман ва бу ҳеч қачон ўзгармайди. Бу ерда ичимни кемираётган фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Кўпчилик футболчиларнинг ҳаёти муаммосиз ва ташвишсиз, деб ўйлайди. Уларнинг назарида биз бахтлимиз ҳеч нарса бизнинг ҳаётимизни ёмонлаштириши мумкин эмас,деб ишонишади. Улар хато ўйлашади.
Саккиз ойдан бери ота-онамни ва акамни кўрмаяпман. Бир йилдан бери қолган қариндошларим билан учрашмаганман. Менинг энг яқин дўстларим жуда узоқда яшайдилар. Бу нарсаларга пандемия ҳам қисман айбдор ва мен шунга ўхшаш вазиятдаги кўпчиликни биламан. Ростини айтсам, мен фаолиятимнинг катта қисмида ёлғиз бўлганман. Ёлғизлик 18 ёшимдан менга ҳамроҳлик қила бошлаган. Ота-онамнинг олдидан кетганимдан бери. Ушбу туйғуни барча футболчилар билишади.
Албатта, мен ҳозир бу нарсадан нолимайман. Биз бой ва машҳурмиз ўзимизга ёққан иш билан шуғулланяпмиз. Мен ҳеч қачон бундай ҳаётни бошқа нарсага алмаштирмас эдим. Аммо мен ҳали ҳам профессионал футболга ўтган кунимни эслаб юраман. У кеч келди ва узоқ вақт давомида мени нима кутаётганини билмай юрдим. Шу тариқа ҳаётим бутунлайга ўзгарди.
Саккиз ёшимда футбол қанчалик шафқатсиз бўлишини англаб етганман. Мен фақат Гельзенкирхендаги ҳар бир бола орзу қилган нарсага эришдим - «Шальке-04» академиясига қабул қилиндим. Ўша вақтда ўзимдан жуда ғурурландим! У ерда ҳамма нарса шундай ишлайди: ҳар бир бола бир йил давомида ўйнайди, шундан сўнг уларга ҳукм чиқарилади. Менда камида бир йил бор деб ўйлардим ўша вақтда. Аммо кейин менда оёқ мушакларим билан муаммолар бошланди. Мен уни шифокорга кўрсатганимда, у олти ойга футболдан воз кечишимни талаб қилди. Мактабда махсус пойафзал кийиб юрардим, бир оёқ кийимим иккинчисидан катталик қиларди. Футбол у ёқда турсин, зўрға юрардим.
Мавсум тугагач, «Шальке» мени қўйиб юборди. Балки, чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйгандай бўлди.Бу оғриқли эди. Бу қандай содир бўлганлигини фақат кейинроқ англадим. Аммо, кейин орзуим ва карьерам шу ерда тугади,деган хаёлга бордим.
Уйга қайтдим ва дўстларим билан маҳаллий жамоада ўйнашни бошладим,фақатгина футболдан роҳат олиш учун.
Уч йилдан сўнг «Шальке» дагилар телефон қилди ва мени ортга қайтармоқчи бўлишди.
Мен: «Йўқ. Қайтмайман».
Ота-онам мени тушунгандай туюлди. Мен орзу қилган нарсага эришиш учун яна бир имкониятим бўлди ва мен рад этдим. «Шальке» мендан юз ўгирганди,бу нарса ҳали ҳам менга азоб берарди. Ота-онам мени ҳеч нимага мажбурлашмади. Улар мендан яхши ўқишимни талаб қилишди, холос. Мактаб ҳақида ҳали ҳам ёмон тушлар кўраман.
Ҳазиллашмаяпман имтиҳонлардаги қўрқувларим мени шу кунгача тарк этмаган. Бу нарсани тушунтиришга ҳаракат қиламан. Менинг ота-онам Туркиядан бўлган ва турк маданиятида ўзидан катталарни ҳурмат қилиш одат тусига киради. Ота-онам мактабни тўлиқ тугатишмаган. Онам ресторанда ошпаз, отам эса юк машинаси ҳайдовчиси бўлган. Улар кўп пул топишмаган.
Акам ва мен мактабга борганимизда, бизни максимал даражада билим олишади, деб умид қилишди. Ва бошида шундай ҳам эди. Аммо қанча вақтимни футболга бағишлай бошлаган бўлсам, менинг баҳоларим шунчалик ёмонлаша борди. Имтиҳонларимда йиқилиб қолмаслик учун бор кучим билан курашдим. Агар мен имтиҳондан йиқилсам, ота-онамнинг ҳолатларини тасаввур қилинг? Шунинг учун ҳам даҳшатли тушлар кўраман. 12 йил олдинги воқеаларни.
Йўқ, ота-онам ўз вазифаларини бажара олмади деб ўйламанг. Илкер акам ва менда шикоят қиладиган ҳеч нарса йўқ. Аммо шунчалик қаттиқ ўқиганимдан, бошқа нарсага вақтим қолмасди. Мактаб ва машғулотларим менинг ҳаётим эди. Мен жуда кўп нарсани ўтказиб юбордим. Мен бугунги кунга етиб келиш учун болалигимни қурбон қилганга ўхшайман. Энг ақлдан оздирадиган нарса шундаки, мен профессионал футболчига айланишимни билмасдим. Кўпгина болалар дарҳол футболчи бўламиз деб айтишарди, аммо менда бундай ишонч йўқ эди. Менда бир талай имтиҳонлар бор эди. Футбол ўзимни эркин ҳис қилишга ёрдам берарди.
Фақат 17 ёшимда ҳақиқий карьера ҳақида ўйлашни бошладим. Мен мавсумолди йиғинда «Бохум»да эдим ва иккита ўртоқлик ўйинида қатнашдим, битта гол урдим ва битта голли узатмани амалга оширдим. Кейин, эҳтимол катта футболга тортсам керак, дея ўйлай бошладим. Олти ойдан кейин бу иш содир бўлди: мен «Нюрнберг» билан профессионал шартнома имзоладим.
Кейин умуман ўйламаган ҳамма нарса мени кутарди. Мен оилам ва дўстларим билан хайрлашишга мажбур бўлдим. Мен бутун ҳаётимни битта шаҳарда ўтказдим, кейин эса мени 450 километрлик йўл кутарди. Узоқда, дўстларсиз - мен жуда ёлғиз эдим. Ва катталар футболи мен ўйлагандек бўлиб чиқмади. Икки ҳафта ўтди ва мен жароҳат олдим. Катта жамоадошларим мени ғазаблантирарди, лекин менга катталарни ҳурмат қилишни ўргатишган, шунинг учун уларга индамасдим.
Давоми бор...