«Насаф»нинг Анталиядаги йиғини давомида барча футболчилар юқори «темп»да машғулотларда иштирок этишмоқда. Сабаби мавсумолдидан ташкил этиладиган сўнгги ўқув-йиғин машғулотларида ҳар қандай жамоа мураббийси қўл остидаги футболчиларни жиддий синовдан ўтказади ва жамоанинг ўзаги — асосий таркибни аниқлаб олади.
Айни пайтда «Насаф» таркибида уч нафар футболчи – тажрибали Муроджон Зуҳуров ва Ғайратжон Ҳасанов, қаршилик ёш, иқтидорли посбон Элдорбек Суюнов машғулотларда астойдил тер тўкишмоқда. Ўз профессионал фаолияти давомида мамлакатимиз миқёсидаги барча совринларга эгалик қилган 29 ёшли дарвозабон Муроджон Зуҳуров (Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби – «Бунёдкор» таркибида, Ўзбекистон чемпионати кумуш ва бронза медали эгаси — «Насаф» сафида) клуб матбуот хизматига ўтган йилги мавсум якунлари, Анталиядаги ўқув-йиғин машғулотлари ва янги мавсум ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Юртимиздаги кўплаб жамоалар февраль ойида айнан Анталияда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказишади. Бу ердаги йиғинлар жамоа учун, футболчилар учун нақадар муҳим?
— Туркиядаги ҳозирги иқлим биздаги март ойидаги иқлим шароитига тўғри келади. Қолаверса, қиш ойида ҳам бу ерда майдонниг ҳолати идеал даражада бўлади. Энг муҳими Европа ва Ботиқбўйи давлатларидан келган кўплаб жамоалар билан назорат учрашувлари ўтказилади. Бу эса футболчиларнинг ўйин амалиётини кучайтириш ва ривожлантириш учун жуда ҳам муҳим.
— Мавсум якунига кўра «Насаф»ни Козаченко ва Наумов тарк этишди. Катта тажрибага эга Ғайрат Ҳасанов таркибга келиб қўшилди. Умуман жамоада дарвозабонларнинг майдонда ва майдон ташқарисида ўзаро муносабати қай даражада?
— Рақобат бор жойда изланиш ва муваффақият бўлиши ҳаммага маълум. Биз бу йили ҳам учта фронтда кураш олиб борамиз ва бунинг учун жамоада камида учта дарвозабон бўлиши жудаям муҳим. Ғайрат Ҳасанов илгари «Нефтчи» ва бир қатор жамоаларда ўзини кўрсата олган посбон. Ёш посбон Элдорбек Суюнов яқин йилларда ўз сўзини айтишига ишонаман. Агар шу суръатда ўз устида ишлашда давом этса, яхши дарвозабон бўлиб етишишига шубҳам йўқ. Майдонда ҳам, майдондан ташыарида ҳам муносабатларимиз жойида. Кимдир «состав»га тушмаяптими, демак қайсидир жойда хатога йўл қўяяпти. Шу боис буни мураббий ҳал қилади ва биз уларнинг қарорига ҳурмат билан муносабатда бўламиз.
— Касильяс, Чех, Буффон... Улардан қайси биринчи ҳозирда энг кучли деб биласиз? Умуман болалик пайтингиздан бошлаб қайси «голкипер»га ҳавас қилгансиз?
— Ёшлигимда Олег Беляков ва Павел Бугалога ҳавас қилиб улғайганмиз. Уларнинг ўйинлари пайтида дарвоза ортида туриб тўп олиб бериш ҳам ўзига хос шараф бўлган. Кейин тақдир тақозосини қарангки, улар билан битта жамоада ҳам ўйнаб, рақобатга киришдик. Дунё дарвозабонлари ичида Буффонни энг кучли деб ҳисоблайман.
— Одатда дарвозада туришни кўпчилик истамайди. Сабаби ҳужум ёки ярим ҳимояда тўп тепиб, кўпроқ гол уриш ва тезроқ машҳур бўлиш имкони юқори. Сиз нима учун дарвозабон бўлишга интилгансиз?
— Болалигимда бўйим узун бўлганлиги учун югуришга эриниб, дарвозада туришни маъқул кўрганман. Олдинги чизиқдаям ўйнаб кўрганман. Лекин менга дарвозани қўриқлаш ёққан ва кейинчалик шу позицияни танлаганман. Бу ишимдан ҳеч қачон афсусланмайман.
— Ўтган мавсумда жамоанинг ОФК кубогида ғолиб чиқишида катта ҳисса қўшдингиз. Энг оғир ўтган ўйин деб қайси баҳсни кўрсатган бўлардиз?
— Ярим финалда Иорданиянинг «Ал-Виҳдат» жамоасига қарши ҳар иккала учрашув жуда қийин кечди. Айниқса, Қаршида ўтган илк беллашув. Ўйин олдидан руҳий босим жуда юқори, хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Худога шукрки, ҳаммаси биз учун хайрли якунланди.
— Ундан олдинги босқичда айнан Қаршида «Чонбури»га қарши кечган учрашувда пенальтилар сериясида, бор маҳоратингизни намойиш этиб, жамоани қийин вазиятдан олиб чиқдингиз. Ўйиндан олдин баҳс шу тахлит давом этишини кутганмидиларинг? Чунки Таиланддаги илк беллашувда «Насаф» кичик ҳисобда ғалабага эришиб, жавоб ўйини олдидан яхши имконият ҳосил қилганди...
— Жавоб ўйини олдидан ўтказилган машғулотларда айнан шу вариант устида ҳам ишлаганмиз. Дарвозабонлар бўйича мураббийи Вячеслав Павлович билан ҳар бир футболчини қандай ҳаракат қилиши, пенальтини қай тариқа амалга ошириши борасида ҳам маълумотларга эга бўлгандик. Гарчи биринчи ўйинда ғалаба қозониб келган бўлсак ҳам....
— Сиз учун дарвозани қўриқлаётган пайтингизда жамоангизни 4:3 ҳисобидаги ғалабаси муҳимми ёки 0:0 ҳисоби?
— Албатта жамоам ғалабаси муҳим. Гарчи 10 та гол ўтказсак ҳам, ғалаба биз томонда бўлса бўлди-да...
— Унда Вячеслав Богоделовдан (дарвозабонлар мураббийи)дан танбеҳ эшитмайсизми?
— Мукофот олганимиздан кейин учта гол ўтказиб юборганимиз эсдан чиқиб кетади (кулиб).
— Ўтган мавсумда бир неча бор жарима тўпларидан «жабр» кўрдиз. Бу сизнинг заиф томонингизми?
— Ҳамма дарвозабон ҳам хато қилиши мумкин. Менимча, ўйинни бошқаришда камчилигим бор деб ўйлайман.
— Бу йил жамоамиз анчайин жиддий мусобақа – Осиё чемпионлари лигасида иштирок этади. Сизда эса бу борада тажриба бор. Умуман ОФК ва ОЧЛ нимаси билан фарқ қилади ва бу йилги мусобақада қайси жиҳатга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайсиз?
— Ташкилий жиҳатидн олиб қарайдиган бўлсак, ОФК кубогида иштирок этаётган жамоалар билан куч синашиш учун баъзан жуда узоқ парвозларни амалга оширишга тўғри келади. Кейин меҳмонхоналарда ҳам камчиликлар етарли. ОЧЛда эса талаб анча жиддий. Қолаверса, бу ерда анча кучли клублар мавжуд. Юқори маҳоратли легионерларга эга жамоалар билан куч синашамиз. Замонавий футболда ҳар қандай рақибга қарши ижобий натижа учун майдонга чиқса бўлади. Ҳушёрликни йўқотмасдан, бехато ҳаракат қилишга интилиш керак. Чунки бу каби мусобақаларда кичик хато ҳам катта муаммоларни келтириб чиқаради.
Азиз НУРИЙ суҳбатлашди.