Англия чемпионатининг ҳар бир мавсуми бизга янги юлдузларни кашф этиб беради. Юлдузлик мақомига эришиб улгурганлардан ҳамма шунга муносиб ўйин кутади. Аммо ҳар гал эътибор марказидан четда қоладиган, лекин қисқа муддатда сифатли ҳаракатлари билан юлдуз даражасига чиқадиганлар ҳам топилади. Британия ОАВ янги мавсум арафасида шундай кашфиётга айланишга даъвогарларни аниқлашга уринди.
ФОЛАРИН БАЛОГУН («Арсенал»)
«Арсенал» мухлислари бир неча йиллардан буён 20 ёшли Балогундан ёрқин ўйинларни кутишмоқда. Мартинелли ва Нкетианинг ривожланиш жараёни бироз чўзилиб кетганини инобатга олсак, келгуси мавсум яна барча нигоҳлар Балогунга қаратилади - энди ёши ҳам тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиш имконини бериши учун етарли. Ушбу форвард «Арсенал» асосий таркибидаги дебютини ўтган мавсум нишонлаган, умумий ҳисобда 6та ўйин ўтказиб, Европа Лигасининг бешта ўйинида иккита гол урди.
Апрелда у тўрт йилга мўлжалланган янги шартнома имзолади, бу эса муваффақият йўлида илҳом бериши мумкин. Айтиш жоизки, мавсум-2019|2020да у «Арсенал» ўринбосарлари таркибида тўп сурган, чемпионатда 18та ўйин ўтказиб, 9та гол урганди. «Канонирлар» анъанавий тарзда ёшларга ишонч билдиришади, демак, Балогундан ҳам ёрқин ҳаракатларни кутиш мумкин.
МОЙСЕС КАЙСЕДО («Брайтон»)
Ўтган қишда «Брайтон» 19 ёшли эквадорлик футболчи учун курашда Европанинг бир нечта клубларини ортда қолдириб, ушбу трансферга 4 миллион фунт сарфлаганди. Аммо ўшанда «Брайтон» мураббийи Грэм Поттер Кайседодан дарҳол мўъжиза кутаётганларни тинчлантирганди: унга янги муҳит ва иқлимга мослашиш учун вақт керак эди. Бунинг учун бир неча ой етарли бўларди. Мойсес 23 ёшлилар жамоасида бир нечта ажойиб ўйинларни ўтказишга улгурган. Унинг асосий жамоада қандай ҳаракатланиши ярим ҳимоя марказида ишончли тўп сурадиган Ив Биссуманинг ҳолатига ҳам боғлиқ бўлади. Лекин ушбу футболчини, катта эҳтимол билан, бошқа жамоага олиб кетишлари кутилмоқда.
ЛИАМ ДЕЛАП («Манчестер Сити»)
«Арсенал»нинг ёшлар билан ишлашни ёқтириши ҳақида гапиргандик, лекин «Манчестер Сити» ҳам навқирон футболчилар орасидан бўлажак юлдузларни саралаб олишни билади. Фикримизча, шундай юлдузлардан яна бири порлашга шай. Агуэро «Сити»ни тарк этди, яққол марказий форвард ролида Габи Жезус қолди. Албатта, Ферран Торрес ва Раҳим Стерлинг ҳам бу вазифани уддалай олишади, аммо уларнинг амплуаси бироз бошқачароқ, барибир. «Сити»нинг Кейн учун курашаётганини тўғри тушунса бўлади. Лекин келишув ўхшамай қолган тақдирда, «шаҳарликлар» ўз академияларига мурожаат этиб, у ердан 18 ёшли Делапни олишлари мумкин.
Катта эҳтимол, муайян вазиятларда шундай ҳам бўлади - ўйинлар кўп бўлган пайтда ротацияга эҳтиёж туғилади. Делап 2018 йили «Дерби Каунти»дан «Сити»га кўчиб ўтганди. Унинг фамилияси сизга таниш бўлса, демак адашмадингиз - у «Сток Сити»даги аутларни қойилмақом тарзда бажариши орқали довруқ қозонган Рори Делапнинг ўғли. Ўтган мавсум Лиам 23 ёшлилар жамоасида 20та ўйин ўтказиб, 24та гол урди. Агар кичик Делап асосий жамоадаги имкониятдан унумли фойдалана олса, таркибга муқим жойлашиб, ёрқин кашфиётга айланиши тайин.
АМАД ДИАЛЛО («Манчестер Юнайтед»)
Ҳозирча «МЮ»га бефарқ бўлмаганларнинг эътибори Жейдон Санчо ва Рафаэль Вараннинг трансферига қаратилган бўлсада, январда 19 миллион фунт эвазига «Аталанта»дан сотиб олинган Диалло учун сарфланган пуллар ҳам беҳуда кетмаслиги мумкин. Сульшер 19 ёшли ивуарлик шогирди шаънига мақтовлар йўллаб улгурди, вундеркинд эса бу эътирофларнинг ярмини оқлаб улгурди, чапдастлик, тезлик, ўйинни кўра олиш қобилиятларини намойиш этди. Албатта, «МЮ» ҳужум чизиғида рақобат юқори, аммо жамоанинг кўплаб турнирларда қатнашишидан келиб чиқсак, ротация қилиниши аниқ - қолгани Диаллонинг ўзи учун яратиладиган имкониятдан қандай фойдаланишига боғлиқ бўлади. Ҳаттоки, унинг сотиб олинишини Роналдунинг трансферига қиёслаганлар ҳам учради.
ХАРВИ ЭЛЛИОТТ («Ливерпуль»)
Гўёки, Эллиотт анчадан буён диққат марказида тургандек, аммо бунинг сабаби бошқа бўлиши мумкин: у «Фулхэм» сафида Премьер-лигада дебютини нишонлаганда 16 ёшу 30 кунлик эди. Унинг ривожланиш жараёнидан ҳайратланган «Ливерпуль» 2019 йилнинг ёзида Эллиотт билан шартнома тузди. Кейинги йиллар футболчини топ даражага кўтаришга интилиш билан ўтди, нафақат «қизиллар»нинг бошқа вакиллари билан рақобатлашиши, балки асосий таркибга астойдил кириб келиши учун ҳаракат қилинди. Ўтган мавсум Эллиотт ижара асосида «Блэкберн»да ўйнади, 42та учрашувда майдонга тушиб, 7та гол ва 11та ассист муаллифига айланди. Балки, у олдинга қадам ташлашга тайёрдир, боз устига, «Ливерпуль» ҳужумига янги «қон» керак.
КОДИ ДРАМЕ («Лидс»)
«Лидс» Марсело Бьелса қўл остида кўплаб ёшларга йўл очмоқда - бу клубда навқирон футболчиларга имконият беришдан чўчишмайди. Бьелса «Лидс»да иш бошлаганидан буён 23 ёшдан кичик бўлган ўндан зиёд футболчилар жамоада дебют қилишди. Кейингиси 2020 йили «Фулхэм»дан келган 19 ёшли Драме бўлиши мумкин. Унга ҳужум чизиғида Жо Гелхардт ва Сэм Гринвуд рақобатчи бўлишади, шунингдек, яқинда сотиб олинган ярим ҳимоячи Льюис Бэйт ҳам бор. Аммо универсел Драме кўплаб позицияларда ёрқин ўйин кўрсатиш салоҳиятига эга. Уни ўтган мавсум клубнинг энг яхши ёш футболчиси деб тан олишгани бежиз эмас - 23 ёшлилар жамоасида 21та ўйин ўтказган бўлса, уларнинг аксарияти Кодининг бенефисига айланди.
БИЛЛИ ГИЛМОР («Норвич»)
Яқинда бу исмни эшитган бўлишингиз керак. Бунга унинг ўтган мавсум «Челси» таркибидаги камсонли ёрқин ўйинлари ва Шотландия термаси сафида Евро-2020даги ажойиб ҳаракатлари сабаб бўлиши мумкин. Лекин 20 ёшли хавбек олдинга қадам ташлаши керак, бунинг учун эса кўпроқ ўйин амалиёти зарур. Шу боис, у ижара асосида «Норвич»га йўл олди. Албатта, «Челси» уни сотмоқчи эмас, ўз навбатида, Жоржиньо ва Канте бор экан, Биллининг майдонга тушишига кафолат ҳам беролмайди. Шундай экан, Гилмор яқин вақтлар ичида «Норвич»даги ўйинлари билан бизни лол қолдиришига ишонамиз.
МАРК ГЕХИ («Кристал Пэлас»)
Гехи «Кристал Пэлас»даги парадигма ўзгараётганига ишорадек, Рой Хожсон даврида тажриба ва зийраклик устувор эди, Патрик Виейра эса ёшлик ва қизғинлик тарафдори. 21 ёшли Гехи лигадаги келажаги порлоқ марказий ҳимоячилардан бири бўлиб турибди. «Челси» уни 18 миллион фунт эвазига «Кристал Пэлас»га қўйиб юборди. «Суонси»даги иккита ажойиб мавсумни ўтказганига қарамай, «кўклар» унга тажриба тўплаш имкониятини беролмадилар, таркибда узоқ вақт сақлаб туриш ҳам иложсиз эди. Шу боис, Маркнинг кетишига қаршилик билдиришмади. «Кристал Пэлас»да эса Гехининг дарҳол асосий таркибдаги жойни кафолатлаши кутилмоқда.
ОЛИВЕР СКИПП («Тоттенхэм»)
Ижара муддатини муносиб тарзда ўтказган Скипп «шпорлар» сафига қайтди: «Норвич»да 45та ўйинда майдонга тушди, битта гол ва иккита самарали узатмани амалга оширди, асосийси - жамоанинг Чемпионшип ғолиби бўлишига кўмаклашиб, омма эътирофига сазовор бўлди. «Норвич» ижара шартномасини янгилашни истади, лекин «Тоттенхэм» бундай футболчи келгуси мавсум ўзига ҳам асқотишини тушуниб, рад жавобини берди. Янги бош мураббийи вазиятни ўзгартириб, схемани ўзгартириши мумкин, шундай экан, 20 ёшли Скипп ўзини кўрсатиб, «асосий»га муқим жойлашиш учун ажойиб имкониятга эга бўлади.
Д.АЛИМОВ тайёрлади