Ашраф Ҳакимий - Европа футболи янги мавсумининг энг катта сенсацияларидан бири сабабчиси. «ПСЖ» марокашлик ҳимоячи трансферига нақ 60 миллион евро тўлади. Тўғри, бу Париж грандининг жорий мавсум арафасида амалга оширган энг қимматбаҳо келишуви эмас. Асосий факт шуки, Ҳакими жамоа таркибини сезиларли даражада кучайтирди. Ҳар ҳолда, Ашраф Лига 1нинг ортда қолган ўйинларида 3та гол уришдан ташқари, яна 2тасига ассистентлик қилишга ҳам улгурди. «Реал» ва «Интер»нинг собиқ ҳимоячиси яқинда L'Equipe нашрига берган интервьюсида болалигини эсга олди, яна «Мадрид» билан хайрлашиш олдидан Зайниддин Зидан билан бафуржа гаплашганини алоҳида таъкидлади.
«Мадрид»нинг асосий жамоасига илк чорлов
- Дўстларим билан уйимиз олдидаги ўриндиқда чақчақлашиб турганимизда, телефоним бирдан жиринглади. Қарасам - Зидан рақами! Гўшакни кўтарганим ҳамоно у асосий таркибда ўйнашимни айтди. Тўғриси, ўша вақт буни сира кутган эмасдим.
«Мадрид»дан кетиши олдидан Зидан билан суҳбат
- Аввало, айтишим керак, Зидандан жуда кўп нарсаларни ўргандим. 2020 йилги хайрлашув воқеасининг унга умуман алоқаси йўқ. Демоқчиманки, «Қироллик клуби»дан кетишимга бошқа омиллар таъсир қилганди. Бу биринчи навбатда, COVID талвасаси ва «Реал» раҳбарияти билан боғлиқ. Ҳа, кетиш олдидан Зизу билан алоҳида гаплашдим, аммо ўша суҳбат тафсилотлари орамизда қолади. Фақат шуни айтишим мумкинки, у бу масалада бошқача ўйлаганди.
Мбаппе билан дўстлик ришталари
- Иккимиз ҳам ҳали ёшмиз, умумий жиҳатларимиз кўп. Дейлик, бир хил нарсаларни ёқтирамиз. Ўртамизда шаклланган дўстлик майдонда бир-биримизни яхши тушуниб, янада яхши ўйнашимизга ёрдам бермоқда. Очиғи, «ПСЖ»дан ташқари, «Челси»дан ҳам манфаатли таклиф олгандим. Лекин айнан Парижга йўл олишим, бу жамоада чинакамига бахтли бўлишимни ҳис қилдим. Чунончи, бош мураббий Почеттино бир неча йил олдин мени «Тоттенхэм»да ҳам кўришни хоҳлаганди.
Месси билан бирга ўйнашга муносабат
- Бошқалар қатори Мессининг «Барселона»дан кетишини асло кутмагандим. Шу кунга қадар кўплаб ажойиб футболчилар даврасида ўйнадим, лекин Месси билан ҳамкорлик етишмаётганди. Бу мен учун орзу эди. Леонинг хатти-ҳаракатидан лол қоляпман - у содда ва сокин йигит...
Марокаш терма жамоасини танлаганига изоҳ
- Марокаш - бу менинг маданиятим: уйда арабча гаплашардик, миллий таомларни тановул қилардик. Умуман, амалда мусулмонман. Отам билан ҳамиша Марокаш футболини томоша қилардим. У мамлакат тарихидаги буюк футболчилар ҳақида кўп гапириб берган. Марокаш миллий жамоасидан биринчи марта қўнғироқ қилишганида, 14 ёшли болакай эдим. Табиийки, ортиқча ўйлаб ўтиришга ҳожат йўқ эди. Кейинчалик маълум даражада Испанияга боғландим, аммо ҳамиша Марокаш термасида ўйнаш ҳақида ўйлардим. Муҳими, мамлакатда мени жуда яхши кутиб олишди, жамоада ўзимни эркин ҳис қиляпман. Парижга кўчиб ўтишимнинг сабабларидан бири ҳам шу - «ПСЖ» маҳаллий араб-мусулмонлар жамоаси. Бу клубда маданий жиҳатдан ўзимни уйдагидек сезишимни олдиндан билгандим.
Болалик хотиралари
- Бахтли болаликни бошдан кечирдим - ҳеч қачон муҳаббатга зориқмаган ва мураккаб даврни кўрмаганман. Ота-онам акам, синглим ва мен учун фаровон болалик яратишга ҳаракат қилишган. Улар бизни ўйлаб, Марокашдан чиқиб кетиб, Испанияда яшашди, бунда янги тилни ўзлаштиришларига тўғри келди. Ҳар доим Хетафадаги уйимизда хотиржам ўйнаганман. Кўпинча тўпни ўзим билан олиб юрардим, чунки футболга ақлдан озадиган даражада меҳр қўйгандим. Ҳозир ҳам шундайман. Эсимда, «Хетафе» клуби машғулотлар майдонига бориб, футболчилардан сурат ёки эски бутсаларини сўрардим. Жамоада бир йил ўйнаган марокашлик Абдул Баррада билан бирга суратга тушганман, уни ҳалигача авайлаб сақлайман: Абдул ўз автомобилида, мен унинг ёнида. Ўша суратга қараб ўзгача илҳомланардим, чунки уни футболчи сифатида ёқтирардим. Баррада вақтида Марокаш миллий жамоасида ҳам зўр ўйнаган.
«Мадрид» сабоқлари
- «Реал Мадрид» - бу болалигим. Шу клуб туфайли бугунги даражага етдим. 12 йилдан кўпроқ вақт Мадрид тизимида яшадим ва клубдан бир умр миннатдорман. Ҳозирча менда «Қироллик клуби»да муваффақият қозониш имконияти йўқ, лекин келажакда бизни нималар кутаётганини ҳеч ким билмайди...