Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо 2-0 Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

“Биллур“ футболчилар қисмати

Баҳо:
+ | -

Бир футболчи иқтидорли бўлиши мумкин, аммо кучли бўлиш учун унга яна бир қанча жиҳатлар керак. Энг кераклиларидан бири жисмоний ҳолат ҳисобланади. Неймар иқтидор масаласида Месси ва Роналду билан тенглаша олади, аммо айнан ўша юқорида таъкидланган сифатнинг етишмаслиги унинг икки суперюлдуз қаторида бўлишига тўсиқ бўлади. Шунингдек, бундан 3-4 йил аввал Дембеле ва Мбаппе ҳам бир хил даражадаги футболчилар эди, аммо бирининг жароҳатларга ўта мойиллиги унга ҳар доим ҳалақит бериб келади. Бири кўплаб ўйинларда майдонга тушиб, катта ўйинларда ўзини кўрсатиб маҳоратини ошириб келса, яна бири лазаретда ёки ўз уйида қандайдир майда-чуйда машғулотлар билан банд бўлади. Ҳозир сўнгги мавсумларда ўз жароҳати сабаб фаолиятини “ўлдириб“ қўяётган айрим иқтидорларга тўхталиб ўтамиз.

Марко Ройс

Қачонлардир Германия терма жамоасининг етакчиси бўлиши кутилган футболчи. Дортмунддаги мухлислар ҳануз уни ўзгача ардоқлашади. Ройс билан “Сигнал Идуна Парк“да бирга ўйнаган Левандовский, Гюндоган, Гётце, Мхитарян каби футболчилар гранд клубларга ўтиб кетишди, аммо Марко «арилар» билан қолди. У клубга бўлган садоқатини ортиғи билан намойиш этди. Бу борада унга тан бермасдан илож йўқ. Афсуски, футболда ҳаммаси вафодорлик билан ўлчанмайди. Шундай бўлганда, Ройс ҳозир энг зўрларидан бири бўларди.

Унда ғалати бир анъана бор. Энди ажойиб ўйин кўрсатаётганда, юқори формада бўлиб турганда жароҳат орттириб олади. Камида 2 ҳафта тикланиш учун вақт сарфлайди. Сўнг яна 1 ой ўтиб, юқори формасига қайтади ва қарабсизки, яна беморга айланади. Бу ҳолатни кўп кузатганмиз. Айниқса, топ клубларга қарши ўйинда у жуда зўр ўйнаб юборади. Ортиқча зўриқиш сабаб бўлса керак, шу супер ўйинидан сўнг сафдан чиқади. Қизиғи, қайтиш вақти яна топ клублар билан ўйинга тўғри келади.
Хуллас, Ройс ҳурматга, мақтовга, олқишларга ҳар томонлама муносиб. Бироқ жисмоний барқарорлик борасида унга ҳавас қилиб бўлмайди.

Гарет Бэйл

Уэлслик футболчи “Реал“ сафидаги кўп вақтини шифохоналарда ўтказди. Ҳатто Бэйл ҳақида “ҳар битта шифокор билан яхшилаб танишиб чиқди“, – деган ҳазиломуз гаплар пайдо бўла бошлади. Унинг нақадар иқтидорли футболчи эканлигига бир неча ўйинларда гувоҳи бўлганмиз, аммо жароҳатлар, узоқ тўхталишлар футболчининг даражасига таъсир қилмасдан қолмади. Дастлаб асосий таркибдан захирага олинадиган бўлди. Сўнг фақат захирадан майдонга тушиб юрди. Ҳозир эса у ҳатто, қайдномаларга ҳам киритилмаяпти. Сабаб сифатида яна ўша жароҳатларидан тўлиқ қутулмагани кўрсатилмоқда. Эътиборли жиҳати, “Гольф-мастер“ бу мавсум якунланмай туриб, тикланиш жараёни туфайли 13та баҳсни ўтказиб юборди. Ўтган мавсум билан таққослайдиган бўлсак, Гарет лазаретда эканлиги боис охирги тўлиқ мавсумнинг 18та ўйинида қатнаша олмаган. Кўринишидан, вазият салбий томонга қараб кетаверадигандек.

Эден Азар



“Челси“даги ўйинлари билан мухлислар эътиборини қозонган яна бир “биллур“ футболчи. Ўз вақтида Месси ва Роналдудан кейинги энг яхши футболчи бўлишга даъвогарлик қилган Эден охирги пайтларда, шунчаки майдон ташқарисидан баҳсларни томоша қилиб ўтирибди. Баъзан учрашув охирларида майдонга туширилади, баъзан умуман унутиб қўйилади. Бироқ ҳали Азар Бейл сингари обрўсини йўқотгани йўқ. Ундан ҳали ҳам кўп муваффақиятлар кутаётганларни етарлича топиш мумкин. Зотан, ўйини ўхшаб қолган пайтларда унга қарши ўйнаш осон кечмайди. Буни АПЛ ҳимоячилари жуда яхши билишарди. Ҳозирча бельгиялик футболчи Ла Лигада иқтидорининг ярмини ҳам кўрсатмади деб ҳисоблаш мумкин.

Усмон Дембеле

Сўнгги кунларда жароҳат деса футбол ишқибозларининг ҳаёлига биринчи бўлиб келадиган шахс. Унинг “Боруссия Дортмунд“даги фантастик ўйинларидан кейин “миллионлар ўйини“да янги юлдуз порлаётгани айтилганди. Каталон клубида ҳам у кимсан 222 миллионлик Неймарга ўринбосар сифатида кўрилганди. Оз эмас, кўп эмас, нақ 105 миллион евро эвазига харид қилинган “юлдуз“ йилдан-йилга сўниб бормоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Усмон “Барселона“ сафига қўшилганидан буён умумий ҳисобда 85та учрашувни жароҳат сабаб ўтказиб юборган. Бу ўртача ҳисобда ҳар мавсум камида 20 баҳс дегани. Очиғи, Дембеленинг техникаси, тезлиги, пассларига эътироз билдиришга умуман ҳожат йўқ. Бу борада унда камчилик йўқ, ҳозирча. Лекин ўйин амалиётининг борган сари камайиб бориши футболчининг майдонни ҳис қилиш, керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлиш ва албатта, жисмоний ҳолатга етарлича баҳо бериш каби қобилиятларга салбий таъсир кўрсатади. Айни дамда “блаугранас" мухлислари ҳам ёш французда ҳам шу ҳолат юз бермайди, деган умиддалар.


Футболда нозик ҳаракатланадиган, техникаси кучли, тезлиги юқори бўлган футболчилар тез-тез жароҳат олиб туришади. Сабаби ҳимоячилар бу тоифадаги рақибга қарши ўйнашга қийналишади ва қўполлик ишлатишга мажбур бўлишади. Шу боисдан, баъзи футболчиларга "биллур” сўзи қўшиб ишлатилади. Кўринишидан чиройли, ўзига мафтун қилади. Бироқ сал қаттиқ тегиб кетсангиз, тез дарз кетиши мумкин.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:16, 05.11.2021.
Ўқилди: 4884 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.