ХХI аср – технологиялар асри. Ҳар жабҳада кескин ўзгаришлар кузатилаётган бир пайтда, футбол оламида ҳам янгиликлар, турлича қарашлар пайдо бўлмоқда. Янги аср аввалида услублар деганда кўпчилик (катта авлодга ҳурмат сақлаган ҳолда) деярли ҳеч нарсани тушунмасди. Асосий мақсад – гол уриш ва ғалаба қозониш эди. Бироқ ҳозир мураббийлар натижага эришиш учун қўлидаги ҳамма нарсадан фойдаланмоқда. Кимдир ҳужумкор футбол тарафдори бўлса, яна кимдир ҳимоявий ўйинни устун кўради. Бошқаси тўп назорат қилишни ёқтирса, яна бошқаси прессингли футболни ўзгача қадрлайди. Хуллас, англаганингиздек, бугун миллионлар ўйинидаги турли хил услублар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Тики-така ёки испанча футбол
Бу усулда ҳаракатланадиган жамоа кўпроқ майда пасларга мурожаат қилади. Футболчилардан чаққонлик, майдонни кўра билиш ва аниқлик каби хислатлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Улар шу майда паслар орқали рақиб мудофаасини у томондан бу томонга “тебратишади“. Натижада, рақибнинг ҳимоясида очиқ зоналар пайдо бўлади ва ўша ҳудуддан гол уриш осонлашади. Бу усулга қарши ўйнаётган жамоадан жисмоний ҳолатдан анча кучли бўлиш талаб этилади. Чунки тўпсиз ҳаракатланиш анча куч талаб этишини оддий мухлис ҳам яхши англайди.
Тики-така сўзини эшитишимиз билан кўз олдимизда 2010 йиллардаги Пеп Гвардиола ва унинг “Барселона“си гавдаланади. Месси, Хави, Иньеста, Пуйоль каби йигитлари билан испаниялик мутахассис бутун дунёда катта эътибор қозонганди. Ютиш мумкин бўлган барча жамоавий совринларни қўлга киритибгина қолмай, шахсий совринлар борасида ҳам унинг шогирдлари беназир эди. Айниқса, бу услубда ҳаракатланаётган жамоанинг ўйинини кузатиш томошабинга фақат ва фақат завқ бағишларди.
Ҳозир шу услуб билан ўйнаётган жамоалар сифатида “Манчестер Сити“ ва Испания терма жамоаларини кўрсатиш мумкин. Айни пайтда, инглиз клубини Гвардиола бошқараётгани учун бу услубдан унумли фойдаланиб келмоқда. Испания МТЖда эса “Барселона“ тизимини биладиган Энрикенинг, асосан, “кўк анор-ранглилар“ сафида ўйнайдиган йигитларни йиғиб олган ва наздимизда, бу типдаги футболчилар билан Луис Энрике жаноблари замонавий тики-такага асос солмоқчи. Айни пайтда унинг ишлари ёмон кетаётгани йўқ.
Ҳимоявий ёки итальянча футбол
Ушбу футбол услубида тезкорлик, ҳар бир вазиятга жуда эътиборли бўлиш, аниқ узатмаларга эга ўйинчилар ва албатта, чексиз сабр-тоқат муҳим ҳисобланади. Бунда асл ғоя – рақиб ҳужумларига минг бардош ила чап бериб, тезкорлик билан қарши ҳужумга ўтиш саналади. Минимал вазиятдан максимал фойдаланмоқ шарт. Бу усулдаги жамоалар жарима зарбаларига алоҳида урғу беради.
Бу турдаги футбол дастлаб, Италия томонларда жуда машҳур бўлган. Италия МТЖ шунақа ўйин кўрсатиб, ҳатто Жаҳон чемпиони бўлиб кетган. Бироқ бизнингча бу усулнинг олий намунаси сифатида Симеоненинг “Атлетико“сини кўришимиз мумкин. Тўғри, натижалар жуда ҳайратланарли бўлмагандир. Лекин Диего Симеоне Испанияда “Реал“ ва “Барса“ қарама-қаршилигининг ўртасига ёриб кира олди. У ўзи тузган “ҳиндулар“и билан бу жамоалар учун қўрқинчли рақибга айлана олди ва ҳатто ҳозир улар билан бир даражага чиқиб олди. Аср бошида “Атлетико Мадрид“ деган клуб “эл-класико“ иштирокчилари билан бир қаторда тилга олинади дейишса, деярли ҳеч ким ишонмасди, фикримизча.
Айни пайтда, ҳимоявий футбол ҳамон Симеоненинг ишончли “қурол“и бўлиб турибди. Муҳим ўйинларда у ҳалиям шу танловга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, “Ювентус“ ижросида ҳам Аллегри қайтгач, шундай ўйин кузатилмоқда. Макс “кекса синьора“ни аввалги даражасига қайтариш учун аввалги ғояларидан фойдаланишни афзал кўрмоқда, чоғи. Ҳар ҳолда, етти ўйиннинг бештаси 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланганини бошқача изоҳлаб бўлмаса керак.
Прессингли ёки немисча футбол
Прессингли ўйин намойиш этадиган жамоалар таркибида ақл билан ҳаракатланувчи ва албатта жисмоний жиҳатдан кучли спортчилар бўлмоғи шарт. Бу футболчилар ўзларининг машаққатли меҳнати эвазига рақибни боши берк кўчага олиб киради. Қарши томон ҳимоядан чиқиб кетишга қийналади ва хатоларга йўл қўяди. Мана шу хатолардан унумли фойдаланиш эвазига прессинг қилаётган тараф ғалабани қўлга киритади.
Бундай ўйин жозибали кўринмасада, аммо ҳурматга сазоворлиги билан ажралиб туради.
Бу услуб футболда янгилик эмас. Зотан, мураббийлар бу стилдан тез-тез фойдаланишади. Аммо бизнингча, бу усулни футболга немис мутахассислари олиб киришган. Айни дамда яна ўша немис “коуч“лари бу лойиҳани янада ривожлантиришмоқда. Айниқса, Тухель, Клопп, Флик ва Нагельсман каби номлар бу ишга катта ҳисса қўшмоқда. Клоппнинг “Ливерпуль“и, Флик бошчилигидаги Германия МТЖси ва Нагельсман қўл остидаги “Бавария“ шунингдек, қисман Тухель мураббийлигидаги “Челси“ ҳам рақибга босим уюштиришда қолганлардан анча фарқ қилади. Фарқ қилиш билан бирга, прессингни яхшироқ амалга оширади.
Ҳар ким ғалабани турлича тушунади. Ким учундир бу мукаммаллик белгиси ҳисобланса, бошқа биров учун шунчаки бир сабоқ. Яъни ҳамма ғалаба учун турли йўллардан одимлайди.
Сиз нима деб ўйлайсиз, “миллионлар ўйини“да биз таъриф берган қайси услуб мухлислар учун жозибалироқ? Қайси усул билан кўпроқ муваффақиятларга эришиш мумкин?