Ёзги трансфернинг сўнгги кунида “Милан” вингер Жуниор Мессиас билан шартнома имзолади. Бразилиялик футболчининг тарихи ҳайратланарли бўлган, чунки у 10 йил олдин бошқа йўллар билан тирикчилик қилган ва А серияда ўйнашни орзу ҳам қилмасди. Шу сабаб, “Stadion.uz” нашри “Милан”нинг омадли ва иқтидорли футболчиси ҳаёти, ҳамда унинг босиб ўтган йўли ҳақида ҳикоя қилади.
“Мен ҳақиқатан ҳам орзу қилмаган нарсамга эришдим. Ушбу натижа машаққатли меҳнат ва фидойилик самарасидир. Ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак”, - деди Мессиас А серия матбуот хизматига берган интервьюсида. Бразилиялик футболчи бу интервьюни шу календарь йили бошида, Италия футболи элитасидаги биринчи мавсумида “Кротоне” сафидаги ажойиб ўйинидан сўнг берган эди. . Ўшанда Жуниор куз фаслини буюк “Милан” клуби либосида кутиб олишини ҳали билмас эди.
Бразилиялик футболчи ёзда тиббий кўрикдан ўтди ва Милан клуби билан шартнома имзолади. Келишув 5,4 миллионга сотиб олиш опцияси билан 2,6 миллион еврога ижара сифатида расмийлаштирилди.
Жуниор Мессиаснинг “Милан”га ўтиши унчалик катта иш деб бўлмади, аммо футболчининг ҳаёт йўли айтиб беришга арзийди. Мессиас футболчилик фаолиятини Крузейро академиясида бошлаган, бироқ қандайдир сабабларга кўра футбол мактабига қабул қилинмайди. 2011 йилда Жуниор акаси яшайдиган Италияга сафар қилди. У ўзига D сериядан жамоа топишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо, барча уринишлар муваффақиятсиз тугади. Шундан кейин Мессиас бошқа соҳалардан тирикчилик қилишга мажбур бўлди.
“Дриблинг кўчадан, Бразилиядан бошланган”, деб тушунтирди Мессиас. - Профессионал клубларнинг ёшлар терма жамоасида ўйнамадим, шунчаки дўстларим билан вақт ўтказдим. Биз эркин эдик - ҳар ким хоҳлаганини қиларди. Футболнинг маъноси – ғалаба”.
Жуниор қурилиш майдончасида ишлаган, кейин кир ювиш машиналарини етказиб берадиган курьер бўлиб ишга жойлашди. Мессиасниннг ҳаётида футбол фақат ҳобби сифатида қолганди. Дам олиш кунларида у “Спорт Варике” муҳожирлар жамоасида ўйнади. Бу жамоанинг ривожланишига мураббий Эцио Росси ёрдам берди. Кейинчалик мутахассис “Казале” клубига ишга жойлашди ва у ерга Мессиасни ўзи билан олиб кетди. Мураббий бу қароридан умуман афсусланмади. Сабаби, Жуниор чемпионатнинг 32 та учрашувида 21 та гол урди ва жамоанинг D серияга чиқишига ёрдам берди. Бразилиялик футболчининг Италиядаги саёҳати шу тариқа ривожланди.
“Футболда омадим келмаганч, қурилишга ишга кирдим. Тирикчилик мақсадида вайрон бўлган бинолардан қолган ғиштларни. Кейинчалик қурувчи бўлиб ҳам ишладим, шундан сўнг маиший техника сотувчи ширкатга – курьер ва юк кўтарувчи бўлиб ишга кирдим”, - дейди футболчи.
2020/2021 йилги мавсумда Жуниор Мессиас “Кротоне” таркибида илк бор А серияда ўйнади. Бразилиялик футболчи “Ювентус”га қарши кечган мавсум 4-тур учрашувининг энг яхши футболчи деб топилди. Ўша йилда Жуниор А серияда 9 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. У яхши савиядаги ўйинчига айланди, аммо ҳаваскорларга хос бўлган беғуборлик йўқолмади. Ўтган мавсумдаги ўйинларнинг бирида Мессиаснинг футболкаси йиртилиб кетди. Бундай вазиятда кўплаб ўйинчилар янги либос кийиш учун майдон четига кетишарди, Жуниор эса мато осилиб қолмаслиги учун шунчаки тугун боғлади ва худди Италия чемпионати эмас, балки мактаб чемпионати каби ўйнашда давом этди.
Жуниор Мессиас 25 ёшида D серияда, 27 ёшида С серияда, 29 ёшида “Кратоне” билан B сериядан А серияга ўтди ва олий двизионда дебют қилди. У ҳозир 30 ёшда ва “Милан” футболчиси сифатида Чемпионлар лигасдаги илк голини урди. Шунингдек, кеча “Женоа” дарвозасига дубл қайд этишни ҳам уддалади. Балки Мессиас “россонерилар” лагерида кўзга кўринган ўйинчи сифатида тарихда қолмаслиги мумкин, лекин у босиб ўтган йўли билан ҳозирданоқ фахрланиши мумкин.
“Менинг ҳикоям нимани ўргатади? Ҳар доим ишонинг, дейди Жуниор. - Албатта, омад керак, аммо қийинчиликсиз ундан ҳеч нарса чиқмайди. Мен ҳеч қачон ўзимни кучли футболчи деб ҳисобламаганман. Шунинг учун мен жуда кўп машқ қилдим. Ва, албатта, мен Худога шукр қиламан. Худо менга ҳамма нарса берди. Қийинчилик, омад, яхши ва ёмон дўстлар... Худога шукур, мен билан содир бўлаётган ҳамма нарса мантиқийдир”.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.