Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

“Барселона“нинг айни пайтдаги аянчли қисматида ким ёки кимлар айбдор?

Баҳо:
+ | -

Кеча Чемпионлар Лигаси бир-биридан қизиқ ва кутилмаган воқеаларга бой бўлди. “Аталанта“ – “Вильярреал“ ўйинининг об-ҳаво туфайли бошқа кунга кўчирилиши, “Челси“нинг Санкт-Петербургда жиддий қаршиликка учраб, 1 ўринни бой бериб қўйгани, “Севилья“нинг яна Европа Лигасига йўл олаётгани ва энг асосийси, “Барселона“нинг плей-офф эшиги олдидан “улоқтириб“ юборилмоғини кўпчилик кутмаганди. Биз бугун айнан мана шу каталон клуби ва ундаги муаммолар ҳақида фикр юритмоқчимиз. Жамоа нега бу қадар ожизланиб қолган? Кечаги “Бавария“га бой берилган баҳс қайси хатолар эвазига содир бўлди? Бундай натижалар қайд этилишига кимлар ёки нималар сабабчи бўлмоқда? Шу каби саволларга батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Германияда ютқазилган плей-офф чиптаси

“Немис машинаси“ билан бўлган баҳсда “Барселона“нинг ҳар томонлама рақибга кучи етмади. Бунга бутун дунё ва ўша “кўк-анор ранглилар“нинг ашаддий мухлислари ҳам гувоҳ бўлишди. Илк бўлимнинг ўзидаёқ 2 гол уришга муваффақ бўлган немис клуби қолган 45 дақиқаликда ҳам рақибга асло имкон қолдирмади. Аслида, бу ўйинда меҳмонлар учун фақат ва фақат ғалаба қониқарли натижа бўларди. Дуранг қайд этилган тақдирда ҳам “блаугранас“нинг тақдири “Бенфика“ – “Динамо Киев“ учрашувидаги натижага боғлиқ бўларди. Аксига олиб, Португалиядаги матчда ҳам мезбонлар киевлик рақибларини тор-мор келтирди. Шу тариқа, испан клуби 18 йиллик танаффусдан сўнг яна Европа Лигаси ҳавосидан нафас оладиган бўлди.

Клуб ўйинидаги муаммолар

Футболни етарлича тушунадиган ҳар қандай мухлис Каталония бош жамоасининг қисқа узатмаларга асосланиб, тўп назоратини эгаллаш орқали ўйин қуришини яхши билади. Бу уларнинг анъанасига айланиб қолганди. Бироқ Гвардиола исмли даҳо кетганидан буён, “Барса“ ушбу услубдан тобора узоқлашиб бормоқда. Ҳатто Энрике мураббийлигида требл қайд этилган мавсумда ҳам клуб тики-така усулидан тўлиқ фойдаланмасди. Яқинда Хави жамоага бош мураббий этиб тайинлангач, мухлислар яна ўша афсонавий услуб қайтади деб ўйлади. Деярли шундай бўлди ҳам. Хави бошчилигидаги илк учрашувда “кўк-анор ранглилар“ 65% тўп назоратига эгалик қилди, рақиб дарвозаси томон 16та зарба беришга муваффақ бўлди. Қисқаси, бутун ўйин давомида доминантлик қилди. Бироқ катта жамоалар билан кечадиган баҳсларда кўриниб қолдики, Хави қўл остидаги футболчилар кучли босим ва тартибли футболга қарши ҳали тайёр эмас. Улар ҳали яна тажриба тўплашлари керак, наздимизда.

Яхлит тактик схеманинг йўқлиги

Ҳозирги “Барселона“да аниқ тактика бор деб айтиш қийин. Куман даврида бошланган тактик ротациялар сабаб айни пайтда клуб схема танлови бўйича аросатда қолиб кетган. Гоҳ 3-5-2, гоҳ 4-3-3, баъзида эса 4-4-2 сингари чизмалар билан ҳаракатланаётган мазкур жамоа янги тактик ишланмаларга мослаша олмаяпти. Шунингдек, футболчилар ҳам аниқ бир позицияга эга эмас. Дарвозабондан ташқари деярли ҳамма ўзи учун нотаниш бўлган позицияларда синаб кўрилмоқда. Бу эса уларнинг бор салоҳиятини кўрсатишига тўсқинлик қилмоқда. Масалан, Дест, Депай, Коутиньо, Альба каби ўйинчиларни мана шу амплуада ҳаракат қилади деб ишонч билан айта олмайсиз. Агар бугун Дест ва Альбалар ҳимояда ҳаракатланаётга бўлса, навбатдаги баҳс қайдномасида ярим ҳимоячи сифатида кўрсатилади. Депай ҳамда Коутиньо эса марказдан қанотларга ротация қилинавериб, ўз чизиғи қайси эканлигини унутиб юборган бўлса ҳам ажабмас.

Инқироз бошланишидаги айбдор

Кимнидир алоҳида ажратиб айбдор дея кўрсатишданда осони йўқ. Ҳа, клубнинг ҳозирги салбий натижалари кимларнингдир нотўғри ҳаракатлари боис юзага келган бўлиши мумкин. Масалан, клуб собиқ президенти Хосеп Бартомеу – бу инқирозда энг кўп танқидларга дучор бўлаётган ва ягона айбдор дея кўрсатилаётган шахслардан. Унинг олиб борган трансфер сиёсати, молиявий ислоҳотлари “блаугранас“ учун умуман фойда келтирмади. Бироқ биз учун қайсидир инсонни бу салбий натижалар қайд этилишида асосий айбдор дея кўрсатиш хато бўлади. Асосий айбдор “Барса“да авлодлар алмашинувининг бошланганлиги. Барибир қачондир Месси, Хави, Иньеста, Суарес, Неймарларнинг жамоани тарк этиши каталонияликларга таъсир қилиши керак эди. Фати, Нико, Гави, Пучдек ёш иқтидорлар тажриба тўплаб, жамоага мослашиб кетгунга қадар “Барселона“ ижобий натижаларни ҳаёл қилиши мумкин эмас. Тажрибалилар ортидан шижоатли ёшлар келади ва улар тажриба орттириб, клуб равнақи учун ўз ҳиссасини қўшади.

 ******

Маълумки, ҳар нарсада вақти келиб ўсиш ва пасайишлар кузатилади. Футболда ҳам бу қоидалар ўзгармаган. Қайсидир жамоа энг юқори даражага чиқиб турган вақтда бошқаси ўша юқори даражадан пастга қараб шўнғиётган бўлади. Муҳими, йиқилишдан сўнг яна қайта ўрнидан тура билмоқлик керак. Кучлиларнинг қудрати айнан мана шунда тўла намоён бўлади. Бизнингча, “Барселона“ ҳозир айни шу жараённи бошдан кечирмоқда.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:05, 09.12.2021.
Ўқилди: 6786 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.