Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Иброҳимхалил Йўлдошев: "Россия орқали Европага ўтишга қарор қилдим, Кержаков менга ишонади"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев ЎФА матбуот хизматига интервью бериб, миллий жамоа ва клуб миқёсидаги фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида гапириб ўтди.

Футболга кириб келиши

 — Аввало, ассалому алайкум. Футболга қизиқишим 7-8 ёшда бошланган бўлса-да, ушбу спорт билан 12 ёшимдан шуғуллана бошлаганман. Бунгача таэквондо спорт тури билан шуғулланардим. Умуман, спорт оламига мени дадам олиб кирганлар. Таэквондо билан ёш болалигимдан шуғулланганман, лекин кейинчалик менда футболга бўлган қизиқиш устунлик қилди. Таэквондо билан шуғулланган даврларимда ҳам доимий футбол ўйнаб турардик. 12 ёшимда эса тўлиқлигича футболга ўтдим. Янгиер шаҳрида Икром Давлатов қўл остида шуғулланишни бошлаганман. Эрталаб футболга борардим. 6-синфлигимдан футбол мактаб-интернатига борганман. Бир йил ўша интернатда таҳсил олганман. Келгуси йилда катта мусобақа ўтказилганди. Турнирда биринчи ўринни олгандик ва ўшанда Тошкентдан келган селекционерларнинг эътиборига тушгандим. 8-рақамда ўйнардим. Улар мени чақиришди ва «Пахтакор»га чақирмоқчи эканликларини айтишди. Ўзим ҳам, отам ҳам хурсанд бўлгандик. Эртасига мураббийим билан айтилган жойга борганмиз. Станислав Кудряшов «Пахтакор»да мени қабул қилиб олганлар. Шу тариқа, 7-синфлигимда «Пахтакор» академиясида шуғуллана бошлаганман.

Кўпчилик футболни 7-8 ёшидан бошлайди ва мен 12 ёшдан шуғулланишни бошлаганим бироз қийинчилик туғдирган. Болалар билан киришиб кетишда ҳам бироз муаммолар бўлган. Лекин ҳаракат қилиб, бу қийинчиликларни секин-аста ортда қолдирганман. Бу ҳолат мураббийга ҳам жуда ёққанди.

Янгиерда ўйнаган вақтимда ҳужумчи бўлганман. Кейин марказга ўтказишган. Тошкентга келган дастлабки пайтларимда ҳам яримҳимояда ўйнардим. Лекин кейинчалик Станислав Кудряшов мени чап қанот ҳимоясига қўйишни бошлаганди.

Миллий жамоа

Миллий жамоага чақирилишим? Эслайман, ўша пайтда «Бунёдкор»да ўйнардим. Менга миллий жамоага чақирилганим ҳақида қўнғироқ бўлганди. Жуда ҳам хурсанд бўлганман. Ҳамма ҳам мамлакат бош жамоасида ўйнашни хоҳлайди. Айниқса, менинг ёшимда бу жуда катта воқеа эди. Дебютим Тожикистонга қарши бўлиб ўтганди.

Ўйлашимча, жамоада соғлом рақобат бўлиши керак. Рақобат борлиги учун доим ўз устимизда ишлаймиз. Мен ушбу позицияда асосий таркиб билан ўйнашим керак деган фикр йўқ. Мураббийнинг тактик кўрсатмаларини бажариш керак. Майдонда ўзини яхши тарафдан кўрсатиш керак.

Сречко Катанец ишида менга энг ёққан жиҳат бу — тартиб. Миллий жамоага мураббий этиб тайинлангач, биринчи йиғинда интизомни биринчи ўринга қўйишини айтганди. Тушлик ва кечки овқатга ўз вақтида тушиш ҳамда бу пайтда телефонни ўзи билан ошхонага олиб тушмаслик ҳам талаб қилинган.

Машғулотларга келсак, асосан, ҳимоядан ҳужумга пас орқали тезкор чиқиб кетишни ўрганяпмиз. Йиғинларда мудофаадаги ҳаракатларга катта эътибор қаратамиз. Ҳатто 5та ҳимоячи ҳаракат қилувчи тактикада ҳам ўйнаб кўряпмиз. 5та ҳимоячи билан ўйнаганда қанот ҳимоячисининг вазифаси рақиб ҳужумчисини олдинроқда кутиб олишдан иборат бўлади.

Клубдаги фаолияти

«Нижний Новгород»даги фаолиятимнинг дастлабки вақтлари бирмунча қийин кечди. Жамоадаги футболчилар билан киришиб кетиш, клубга адаптация жараёни бироз вақт олди. Биринчи машғулотларда жамоадаги йигитлар билан гаплашиб кетиш бироз қийинчилик туғдирди. Ҳозир ҳаммаси жойида, янги йил бошида клуб йиғинида қисқа муддат бўлдим. Жамоадошларим билан алоқаларим ҳозир жуда яхши.

Александр Кержаков мураббий сифатида жуда жиддий инсон. Машғулотларга, футболчиларга нисбатан талабчан. Ҳар бир позициядаги футболчи учун алоҳида кўрсатмалар бериб боради. Биринчи таймдан сўнг жамоа ютказаётган бўлса, у яхши мотивация бера олади ва биз яхшироқ ўйнашни бошлаймиз.

Мураббий менга ишонади, дея оламан. Клубга борганимдан сўнг, 2та машғулот ўтгач, мени асосий таркибда майдонга туширди. Ҳамма мураббийлар ҳам унга ўхшамайди ва ҳамма фёш футболчиларга ҳам менга берилган имкон берилавермайди, деб ўйлайман. Чунки, менинг позициямда бошқа кучли футболчилар ҳам бор эди, мураббий эса мени биринчи ўйинданоқ асосий таркибда майдонга ташлади. Машғулотлар пайтида айнан менинг хатоларимни операторга айтиб, тасвирга олдириб, ўзимга кўрсатиб, барчасини тузатишимга ёрдам беряпти.

Биласиз, «Женоа»дан ҳам таклиф бўлганди. Улар мени трансфер қилиб, Европанинг бошқа бир клубига ижарага бериб юбормоқчи бўлишганди. Кейин эса «Нижний Новгород»дан таклиф келиб тушди. Кейин эса Александр Кержаков билан виртуал тарзда гаплашдик. У мени асосий таркибда ўйнатмоқчи эканини айтди. «Женоа»дан бўлган таклиф ҳам яхши эди. Лекин Европага боришга бироз иккиландим. Чунки, инглиз тилини яхши билмайман. Тил ўрганиш масаласи, яшаш тарзи, у ерда майдонга тушаманми-йўқми — шу саволлар ўртага чиқиб кела бошлади. Шу тариқа, Россия орқали Европага ўтишга қарор қилдим. Ўйин амалиётидан четда қолиб кетмасликни ҳам ўйладим. Ҳозирча келгуси режалар ҳақида мен ҳам, агентларим ҳам ҳеч нарсани билмаймиз. «Нижний Новгород» билан шартномам жорий йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. Шартномам тугагач, келажак ҳақида ўйлаб кўрамиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:00, 01.02.2022.
Ўқилди: 3154 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.