Кеча «Палермо» президенти Маурицио Зампарини 81 ёшида вафот этганини маълум қилган эдик. Собиқ футбол функционерининг соғлиғига шахсий ҳаётидаги фожиалар сабаб бўлгани айтилмоқда. Бир неча ой олдин унинг ўғли, 23 ёшли Армандо Зампаринининг жасади Лондон меҳмонхоналаридан бирида топилган эди.
1987 йилдан 2002 йилгача Маурицио «Венеция» президенти бўлган эди. У чорак аср деганда жамоани А Серияга олиб чиқди. Маҳаллий ҳокимият билан келишмовчиликлар туфайли Зампарини «Венеция»ни тарк этишга мажбур бўлган. Кейинчалик у «Палермо»ни сотиб олди, у шу орқали бутун дунёга машҳур бўлди ва «мураббийлар кушандаси» лақабини олди. Негалигини эса қуйида билиб оласиз.
Зампаринининг 16 йиллик даврида Сицилия клубида жами 45 марта мураббийлар алмашган, «Палермо»да 32 нафар мутахассис ишлаган (баъзилари иккинчи имкониятга эга бўлишган ҳам, баъзилари ҳатто 4 мартагача жамоани бошқарган). «Палермо» Зампарини қўл остида ҳеч қандай соврин юта олмаган, аммо у ҳақли равишда сицилияликлар тарихидаги энг яхши президент саналишга ҳақли.
Маурицио Зампаринининг саъй-ҳаракатлари билан «Палермо» Италия футболи элитасига қайтди ва Эдинсон Кавани, Пауло Дибала ва Хавьер Пасторе сингари номларни катта футбол бозорига чиқарди. Клубнинг барча рекордлари ушбу президент даврида ўрнатилган.
Зампарини бутун фаолияти давомида «тили заҳарли» киши сифатида ёдга олинади. Қуйида унинг турли инсонларга айтган фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Унинг «Палермо» футболчилари ҳақида «Торино»га 1:3 ҳисобида ютқазгандан кейинги фикрлари кўпчилик ОАВ эътиборини тортди.
«Сизлар футболчи эмассиз, балки бир гуруҳ гимназия қизларига ўхшайсиз! Мен ҳозирги ёшимда ҳам ҳатто тўпга зарба беришда сизлардан кўра тезроқ югураман». Ҳа, албатта, кекса футбол одамининг ўз соҳасига бўлган муҳаббати ва иштиёқи ҳанузгача сўнмаган эди.
«Интер» ҳақида (1:2) ўз уйидаги мағлубиятдан кейин ҳам фикр билдирган:
«Илгари ҳакамларнинг барча имтиёзлари «Ювентус»га берилар эди, бироқ ҳозир «Интер»га ҳам ҳакамлар «ёрдами» анча иш бермоқда. Ҳакам бизнинг фойдамизга камида тўртта пенальти белгилаши керак эди, лекин у ҳеч қачон бу нуқтага ишора қилмади. Сизга айтишим мумкинки, «Интер» бу борада янги «Ювентус»га айланган».
«Рома» ҳақида (0:7 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг) у ишдан бўшатилган ва 2 ойдан кейин яна лавозимига қайтган.
Бу жамоа «Палермо»ни вайрон қилди, лекин менда бу жамоанинг қўллаётган тактикасига нисбатан юмшоқ режалар ҳам бор. Кўринишидан, «Рома» менинг хотинимга ўхшайди: салбий томонларига қарамай, мен унга қарши йўлларни топавераман».
«Милан»га қарши ўйинлардан бири олдидан функционер қуйидаги сўзларни айтган:
«Катта эҳтимол билан бугун биз 0:2 ҳисобида ютқазамиз. Мен бу ўйиндан жуда хавотирдаман, чунки жамоа жуда такаббур кўринишга келиб қолган. Шуни эсда тутиш керакки, биз маҳалла жамоаси билан эмас, балки «Милан» билан ўйнамоқдамиз». Шундан сўнг функционернинг тахминлари ўзини оқлаган.
Хавьер Пасторе ҳақида:
«Бу йигит даҳо. У билан ажралишга жазм қилолмасам керак. 40 миллион евро? Умуман! Пасторенинг ўнг оёғининг ўзи ҳам 40 миллиондан юқори туради! Бўлди бошқа бу ҳақида гапирмайман»
Инглиз клублари ҳақида:
Бу лига раҳбарлари уятсизларча барча иқтидорларга ёппасига кўз олайтиради. Клублар қароқчилар каби ҳаракат қиладилар ва ўз манфаатлари учун Европа клубларини мунтазам талон-тарож қилишга ўрганган. Бошқа давлатларнинг ёш ўйинчилари билан шартнома имзолаш орқали улар ҳамма нарсага эришадилар. Бироқ бу ёш истеъдодларга мунтазам зарар етказиши мумкин. Мажбурлаб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
«Палермо» футболчилари ҳақида [«Тревисо» билан 2:2 ҳисобидаги дурангдан кейин]:
Ўша ўйиндан кейин Сицилияга қайтишни истамадим, чунки бу натижада иштирок этган барчани ёппасига калтаклашни хоҳлардим. Агар менга боғлиқ бўлса, уларга бошқа ҳеч қачон маош тўламас эдим».
Жозе Моуриньо ҳақида:
«Палермо» ўз уйида ўйнаганда, мен доимо меҳмонлар раҳбарияти ва мураббийлар штабига салом айтиш учун келаман. Мен Жозе Моуриньога қўлимни чўздим ва уни Италияда кутиб олганимдан, у билан учрашганимдан хурсанд эканлигимни айтдим. У нима қилганини биласизми? Шунчаки орқага ўгирилди ва кетди. Моуриньо ўзини «Special One» деб атайди, лекин аслида у қўпол ва хулқсиз инсон».
Пауло Дибала ҳақида [2020 йилда]:
Мен ҳали ҳам Дибаланинг кейинги Месси бўлишига ишончим комил. Пауло чемпион бўлишидан ташқари, потенциали жуда юқори бўлган футболчи. Пауло уч йил олдин менинг маслаҳатимни қабул қилиб, Туринни тарк этиши керак эди. Мен унга тўғридан-тўғри «Ювентус»дан кетишини айтдим. У «Реал» ёки «Барселона»га кўпроқ мос келади. Лекин у ҳар доим «Ювентус»да жуда бахтли эканлигини таъкидлайверган. Мана, бу якунда хато бўлиб чиқди».
Футбол ҳакамлари ҳақида:
Бугун [Палермо «Кальяри»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди] бизнинг ўйинимизни А Серияда ўз ўрнига эга бўлмаган нотаниш бир ҳакам бошқариб борди. Италияда ҳакамлик тизими қора қутига ўхшайди, унинг ичида коррупция гуллаб-яшнамоқда. Италия футболини яхшилаш учун кўплаб ҳакамларни қамоққа ташлашимиз керак».
Ёмон ўйинларидан кейин «Палермо» мураббийи ҳақида айтган фикрлари ҳам анча кинояли тус олади.
Жамоа бугун жуда кўп тўпсиз ҳаракат қилмоқда, чунки бизда буни футболчиларга сингдира олмайдиган мураббий ишлаяпти.
Қисқа қилиб айтганда, Зампарини бутун фаолияти давомида ўз клублари ривожи учун барча ҳаракатларни амалга оширган.