Тарих саҳифаларига яширин МДҲ кубоги мусобақасини қайта тиклаш вақти келган кўринади.
Маълумотларга қараганда, Озарбайжон томони неча йилдан буён ушбу турнирни «ўзлаштириш» ҳаракатида. Ҳар ҳолда, олдинроқ мамлакат футболи раҳбарияти аниқ таклифни ўртага ташлагани айтилганди: «Ташкилотчилик ишларини бизга қўйиб беринглар, турнирни юқори савияга олиб чиқамиз, соврин жамғармасини ҳам. Агар собиқ иттифоқ ҳудудидаги мамлакатлар чемпионлари ҳар сафар энг кучли таркиб билан қатнашишга ваъда берса, ҳаммани ўзига қаратадиган қудратли турнирни йўлга қўямиз».
Озарбайжонликлар бежиз бундай таклифни ўртага ташлашмаган. Бинобарин, МДҲ кубоги ўзининг охирги йилларида иккинчи таркиб ёки ёшлар жамоалари учун ўтадиган ўткинчи турнирга айланиб қолганди. Лекин билишимизча, Россия футболи масъуллари негадир бу таклифга жавоб беришмаган ўша вақт. Энди эса вазият тубдан ўзгарди: рус футболи маълум санкциялар ортидан халқаро майдондан четга чиқди. Қанча муддатга, буни ҳеч ким айтолмаса керак. Бас, ҳозир ФИФА ва УЕФА тақиқига жимгина қўл қовуштириб ўтирадиган пайт эмас. Ахир шу кетишда Россия футболининг эртаси нима бўлади?
Тушунарлики, аввало, Россия футбол иттифоқининг ўзи ташаббус кўрсатиши, муқобил вариантлар излаши керак. Бинобарин, Россия клуб футболининг ўз ёғига қовурилиши мамлакат миллий жамоасига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди, албатта. Ҳа, хабарлар оқимига қарасак, руслар аллақачон турли ечимлар устида иш бошлашган. Хусусан, МДҲ кубогига ўхшаш янги турнир ташкил этиш ва унга Хитой жамоаларини ҳам қўшиш ғояси ҳақида гап бор. Ўйлайманки, айнан МДҲ кубогини қайта тиклаш ва унинг обрўсини аввалги даражасидан ҳам юқорига кўтариш учун пухта формат ишлаб чиқилса, айни муддао бўларди. Фикримча, бу нафақат Россия, балки Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар футболи учун ҳам фойда берарди. Бизда бир гап қайта-қайта айтилади: «Жанубий-шарқий Осиёда алоҳида турнирлар бор, араб мамлакатларида ҳам, биз нега ОЧЛ ва ОФК кубоги билан чекланиб қолишимиз керак?» Чиндан ҳам, жуда ўринли савол бу. Мана, вазият тақозоси билан ўзимиз истаган сифатли турнирни лойиҳалаштириш имконияти юзага келди. Ўйлашимча, ЎФА ҳозир қўшма мусобақа ташкил этиш ғоясини илгари сурса, уни биринчи навбатда, айнан РФИ қўллаб-қувватласа керак. Аввалига клублар миқёсида, кейинчалик терма жамоалар даражасида яхлит мусобақа йўлга қўйилса, мухлисларда ҳам қизиқиш талаб даражасида бўлади, менимча. Фақат туртки зарур, ташаббус зарур. Россия компанияларининг молиявий қудрати ҳаммага маълум. Уларга ҳозир реклама майдони керак. Чунки ФИФА ва УЕФА Россия компаниялари билан ҳамкорлик ришларини узди. Демоқчиманки, янги турнирни молиялаштириш, уни муносиб мукофот жамғармаси билан таъминлаш имконияти ҳар қачонгидан каттароқ ҳозир. Боз устига, агар Хитой клублари ҳам қўшилса, жиддий ҳомийлар топиш масаласи янада енгиллашади.
Ҳа, турнир собиқ иттифоқ ҳудудидаги айрим мамлакатлар томонидан қабул қилинмаслиги тайин. Дейлик, Украина, Латвия, Литва ва Эстония футболи қўшилмаса керак. Лекин зарари йўқ. 16та жамоадан 4та гуруҳ шакллантириш учун океан ортидан қайсидир кўнгилли мамлакатлар жамоаларини чақириш мумкин. Қолаверса, Осиёда Хитой бор, яна Эронни жалб этиш имкони йўқ эмас. Турнир формати, ташкилий масалалар, муддати - булар мутахассислар иши. Яна бир масала - трансляция. Буниси жуда оддий: «Матч ТВ» бугун ўша санкциялар туфайли деярли «бекорчи»га айланиб қолди. Шундай экан, МДҲ кубогини 1-2та меҳмон жамоа билан бемалол юқори савияда ташкил этиш имконияти бор. Сиз қандай фикрдасиз?
Асилбек АБДУРАҲИМОВ