Испания Ла-лигаси якунлари. Биринчи қисм
Дунёнинг энг кучли миллий чемпионатларидан бири, Испания Ла-Лигаси якунланганига кўп бўлгани йўқ. Бу йилги чемпионат баҳслари аввалгиларидан анча қизиқарли ўтгани, бир қанча рекордлари билан ёдда қолгани табиий. Ла-лига якунларига бағишланган таҳлилимизнинг биринчи қисмида, индивидуал совринларни ўз эгаларига топширамиз. Энг яхши дарвозабонлар, ҳужумчилар рейтинги ҳамда бир-биридан фарқ қиладиган рамзий терма жамоаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Бугунги ҳавола этадиган ўзига ҳос рейтинглар сизга маъқул келмаслиги мумкин. Аммо, олдиндан айтиб қўяй, бу баҳолар муаллифнинг ўз субьектив фикри намунасидир. Обьектив рейтинг бўлиши учун, мухлислар билан қандайдир сўров ўтказиш, ҳар хил статистик рақамларни ўртага қўйиб, уни муҳокама қилишга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам қаршиликлар бўлса мархамат, уни кўриб чиқишга, муҳокама қилишга тайёрмиз.
Энг яхши дарвозабонлар рейтинги
Ҳар йили Маrcа нашри испаниянинг энг яхши дарвозабонига "Самора" совринини топширишидан хабарингиз бор. Ўз дарвозасидан энг кам тўп ўтказиб юборган дарвозабонга бериладиган совринни бу йил ҳам Виктор Вальдес ўзиники қилиб олди (кетма кет учинчи марта). Бу соврин ўз йўлига. Аммо "Барса" дарвозабони бу йил аввалги мавсумлардагидек ишончлироқ ўйнай олмагани ҳам ҳақиқат. Вальдес бу мавсумда бир қанча ўзигагина ҳос бўлган ҳатоларга йўл қўйди. Ноаниқ ҳаракатлар, дарвозадан чиқишдаги ҳатолар, умуман бир қанча эсга олса арзийдиган ҳатолар. Аммо у энг кам гол ўтказиб юборган дарвозабон сифатида Маrса совринини ўзиники қилиб олди. Бу соврин ғолибини аниқлашда, нашр барча ўйинларда умумий ҳисобда ўтказиб юборилган голлар коефицентига қараб ҳулоса чиқаради. Барча ўйинларда ўтказиб юборилган голлар коефицентида Вальдес ҳақиқатда ҳам тенгсиз. Аммо мен ушбу рейтингни бироз бошқачароқ тарзда тузиб чиқдим. Барча ўйинлардаги умумий кўрсаткич эмас, балки ҳар бир ўйиндаги ҳатти-ҳаракатлар, сэйвлар, битта ўйинда дарвоза томон берилган ва қайтарилган зарбалар ва ўтказиб юборилган голлар асосида рейтинг тузилди. Яъни, бу рейтинг бир ўйинда дарвозабоннинг гол ўтказиб юбормаслик коефиценти асосига қурилган. Вальдес бу рейтингда премьеронинг кучли 10 та дарвозабони рўйхатига ҳам кирмайди. Тўғри-да, битта ўйинда уни камдан-кам безовта қилишади. "Бетис" ёки "Райо Валекано" каби клубларнинг дарвозабонлари эса, терлаб пишиб дарвозаси томон берилган зарбаларни қайтариб туришади. Бутун ўйин давомида ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаш учун ҳаммадан кўра тер тўкадиган дарвозабонларнинг мехнатини унутмаслик лозим.
"Гранада" дарвозабони Роберто бу рейтингда ғолиб чиқди. Унинг дарвозаси томом берилган зарбалар (дарвоза сатҳига), ўтазиб юборган голларини солиштирсак, унинг тўп ўтказиб юбормаслик коефиценти 78.4% фоизни, яъни - бу кўрсаткичда Ла Лиганинг энг яхши дарвозабони эканлигини билдиради. "Валенсия" дарвозабони Висенте Гуаита ҳам, бу кўрсаткичда бошқа дарвозабонлардан яққол ажратиб туради. Гуаита амалга оширилган сэйвлар бўйича умуман премьеронинг энг яхши кўрсаткичга эга дарвозабони ҳисобланади. Шунчаки, у "Валенсия" таркибида барча учрашувларда ҳам майдонга тушмаган. Рейтингнинг умумий кўриниши эса қуйидагича:
Ҳужумчилар рейтинги
Бу рейтингни одатий кўринишда беришни лозим топдим. Ҳаммаси одиий рақамалар. Ўтказилган ўйинлар сони ва урилган голлар. Ҳужумчининг битта ўйинда киритган голлар фоизи. Фақат биргина рақамга ўзгартириш киритилди. Ҳужумчининг майдонда ҳаракат қилган дақиқалари аслича берилади ва бу ҳисобга олинади. Масалан, ҳужумчи майдонда беш дақиқа ҳаракат қилган бўлса, бу айнан беш дақиқа деб ҳисобга олинади, 90 дақиқа, яъни битта бутун ўйин деб эмас. (Жадвалдаги қизил рангда Испания фуқаролигига эга бўлган футболчилар қайд этилган)
Рамзий терма жамоалар
Грандлар рамзий терма жамоаси
Испания чемпионатининг бу йилги мавсуми икки параллел реалликда ўтгани учун, рамзий терма жамоани ҳам икки хил кўринишга ажратамиз. Аввало испаниянинг икки гранди футболчиларидан ташкил топган рамзий терма жамоа.
Менимча бу рамзий терма жамоадан ўрин олган футболчиларга қаршиликлар бўлмаса керак. Пепе ва Карлес Пуйолдан кўра Серхио Рамос ва Маскеранолар бутун мавсум давомида ишончли ўйин намойиш этишди. Анхел Ди Мария ўзи майдонга тушган ўйинларда жамоанинг энг фойдали ўйинчиси бўла олди, аммо кўп учрашувларни ўтказиб юборди. Ўзил эса деярли барча ўйинларда барқарор ва ишончли ҳаракат қилди.
Бускетс ҳақидаги ҳар қандй баҳс ва тортишувларга эса эътибор бермайман. Унинг репутацияси ҳавас қилгудек бўлмасада,у дунёнинг энг кучли таянч ярим ҳимоячиларидан бири. Шубҳа қилаётганларга "Барса" ўйинлари ёзилган дискни олиб, 16-рақам эгасининг ўйинини бошидан бошлаб кузатишни тавсия этаман.
Испания премьероси рамзий терма жамоаси
Хави Мартинес ва Жереми Тулалан ўз жамоасининг ҳақиқий тимсолларига айланиб улгуришди. Ҳар иккиси ҳам таянч ярим ҳимояда ҳаракат қилсаларда, айрим ўйинларда мажбурий равишда ҳимоя марказига ўтишди ва жамоалари жонига оро киришди. Фалькао ва Диего жуфтлиги эса, жамоани тарк этган Агуэро ва Форланнинг ўрнини 100% га боса олишди. "Атлетико" учун бу жуда катта фантастика. "Атлетико"даги бир неча йиллик саргузаштлардан сўнг,ўз она шахрига қайтиб келган Раул Гарсия иккинчи ёшлигини бошдан кечирди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг "Осасуна"даги биринчи мавсумидаёқ жамоа етакчиси ролини қойилмақом бажарди. Санти Касорла эса, ўзига сарфланган пуларни тўлалигича оқлай олди.
Омадсизлар рамзий терма жамоаси
Сўнгги икки мавсумнинг тенгсиз дарвозабони, бу йил ўзига ўхшамади. Керак бўлмаган хатолар, асабийлашишлар яна кузатилди.
Ҳар йили турли номинацияларда йилнинг рамзий терма жамоасидан муқим жой эгаллаб келган Херар Пике ҳам бу йил барчани ажаблантирди. У шахсий хаётида юз берган ўзгаришлардан, машхурлик ва барчанинг диққат марказида бўлиб қолганидан ўз ўйинини йўқотиб қўйгандек бўлди. Хавьер Маскерано эса унинг ўрнини шунчалик ишонч билан ёпа олдики, Гвардиола ҳатто Пике 100% га тайёр ўйинларда ҳам айнан аргентиналикка ишонч билдирди.
Нури Шахинни шу холга тушиб қолишига бировни айбдор қилиш нотўғри, албатта. Аммо, бу ҳол истеъдодли футболчининг бу мавсумни деярли бой беришига бош сабачи унинг ўзи эканлигини ҳеч ким инкор этмайди. Ҳудди шундай мақсадаларда, катта пул эвазига сотиб олинган Коентрау эса, умуман ишончни оқламади. Реал мағлуб бўлган ёки очко йўқотган ўйинларнинг барчасида португалиялик ҳимоячи асосий айбдорлардан бири бўлди. У кўпроқ қанот ҳимоясида эмас, ҳимоя марказида ўйнаган ўйинларда кўпроқ фойда келтиргани ҳақиқат. Чап қанотда эса, Марселога ҳар жабҳада имкониятни бой берди.
Мавсум кашфиётлари рамзий терма жамоаси
Иско ҳақида илгари ҳам жуда кўп илиқ гапларни гапиришарди, аммо у фақат бу мавсумга келиб очилди. Унинг ажойиб ўйинлари "Малага"нинг бу йилги натижасига таъсирини ўтказмай қолмади. Софиан Фегули эса, "Валенсия"нинг ўнг қанотини ўзиники қилиб олди. Ўтган мавсумда ажойиб ўйинлар кўрсатган ва европанинг бир қатор гранд жамоалари оғиз сола бошлаган Пабло Эрнандес ҳозир қаерда деган савол кўпчиликни ўйлантираётган бўлиши табиий. Пабло Эрнандес ҳеч қаерга кетгани йўқ, у "Валенсия" таркибида. Шунчаки ўз устида ишламай қўйган ва Фегулига рақобатни бой бериб қўйди.