АПЛ мавсумининг ўзгача якуни, шунингдек, «Милан»нинг 11 йилда илк бор скудеттони қўлга киритиши сабабли Европанинг топ-лигаларида жон сақлаш учун кечган кураш сояда қолиб кетди.
Ваҳоланки, бу ҳолат юқоридагиларнинг қарама-қаршилигига қараганда қизиқарли ва драматик кечади.
Бу сафар ҳамма лигаларда қайноқ ҳарорат сезилди - Испанияда уч клуб бир омадсиз номини аниқлашди, Англияда сўнгги сонияларгача мавҳумлик сақланиб турди, Францияда мамлакатнинг энг совриндор (ҳа, ҳамон шундай) жамоаси «Сент-Этьен» қуйи лигага равона бўлди. Лекин энг омадли клуб сифатида Италиянинг «Салернитана»сини кўрсатиш мумкин.
Воқеа ҳар томонлама чиройли кўриниш олди. Таъкидлаш жоизки, Италия жанубидаги шаҳар клуби «А» серия-да умуман қатнашмаслиги мумкин эди. Яъни, бир йил аввал элита йўлланмасини ҳақли тарзда қўлга киритганди, лекин кейинчалик ташкилий масалаларда муаммолар вужудга келди. Гап шундаки, «Лацио» президенти Клаудио Лотито «Салернитана» билан яқин алоқада эди. У мазкур клуб президенти Марко Меццаронинг ўгай акаси ҳисобланган ҳолда, 2011 йилги банкротликдан сўнг клубни тиклаш йўлида фаол кўмаклашган, ак-цияларга эгалик қилган, Италиядагиларнинг айтишларича, Неаполь четидаги жамоанинг молиявий ҳаётига ҳамон алоқадор.
Италия қонунчилигига кўра, нафақат бир шахсга тегишли, балки унинг ҳар қандай молия-вий масалаларга алоқалари бўлган жамоаларнинг бир дивизионда қатнашиши қатъиян ман этилган. «Салернитана» зудлик билан янги хўжайин топишига тўғри келди. Натижада, Лотито дастлаб клубни ўғли ва куёви номига расмийлаштирди, бу ҳам футбол мутасаддиларини қаноатлантирмагач, «Салернитана»ни мустақил траст ихтиёрига топширди: шу тариқа 6 ой ичида клубни янги хўжайинга сотиш керак эди. Учинчи уринишда жамоа «А» серияда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди, қувончли воқеа таъсирида таркибга Франк Риберини жалб этди.
Таниқли француздан наф катта бўлди, дейиш қийин - қиш бошида «Салернитана» қуйи поғоналарга мустаҳкам жойлашди: 15та турда бор-йўғи 8 очко. Бундай пайтларда амалга ошириладиган одатий мураббий алмашувидан ҳам деярли фойда келтирмади - Фабрицио Кастори ўрнини Стефано Колантуоно эгаллади. Боз устига, клуб олдидаги «А» серияни тарк этиш хавфи янгиланди - белгиланган 6 ой муддат тугаб борар, янги хўжайин эса топилавермасди. Охир-оқибат, дедлайнга 2 дақиқа қолганда - 31 декабрь соат 23:58да - вақтинчалик маъмурият маҳаллий бизнесмен Данило Йерволинонинг таклифини қабул қилди ва у клубнинг янги президентига айланди.
Аммо вазият барибир, беқарор эди - биринчи давра якунига кўра, 11 очко жам-ғарган жамоа сўнгги поғонани эгаллаб турарди. Қолаверса, ковид (омикрон штамми) тарқалиши сабаб «Удинезе» билан ўйинга боришнинг имконияти топилмади ва «Салернитана»га энди техник мағлубият хавф солди.
Йерволино дарҳол спорт директори лавозимига Италиянинг энг обрўли менежерларидан бири - Вальтер Сабатинини тайинлади, функционер ажойиб трансфер кампаниясини амалга ошириш орқали январда янги жамоа йиғди. «Салернитана»га 14 киши келди, улар орасида бир мавсум аввал «Торино»ни «жарлик»дан қутқарган бош мураббий Давиде Никола ҳам бор эди. Кўпинча бундай чоралар иш бермайди, аммо жамоа очколар жамғаришни бошлади. Боз устига, «Удинезе» билан ўйин борасидаги апелляция ишида ғолиб чиқди - учрашув апрель ойига кўчирилди, «Салернитана» 90+3-дақиқада урилган гол эвазига рақибини 1:0 ҳисобида енгди.
«Салернитана» сўнгги турга 31 очко билан хавфли 17-поғонада етиб келди. 18-ўриндаги «Кальяри»да 29 очко бор эди. Бироқ тўплар нисбатининг яхшилиги очколар тенг келиб қолганда, устунликни оролликлар томонига оғдирарди - «-34»га қарши «-41». «Салернитана» элитада қолишни истаса, ўз майдонида вазифасини аллақачон уддалаб улгурган «Удинезе»ни таслим этиши керак эди. «Кальяри» эса ўша пайтга келиб, қуйи лигага равона бўлиб улгурган «Венеция» майдонига сафар уюштирганди.
Якунда мутлақо кутилмаган воқеалар рўй берди. «Салернитана» ўз ўйинида 0:4 ҳисобида енгилди, эътиборлиси, голларнинг учтасини танаффусга қадар ўтказиб бўлганди. Натижада, бор умид «Венеция»га боғланди - нариги ўйинда кутилмаганда, 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.
Аслида, «Салернитана»нинг бутун мавсумдаги ҳолати ажабтовур. Дастлаб жамоа элитада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишда қийналди, кейин эса ҳужжатлар дедлайнга икки дақиқа қолганда расмийлаштирилди, «Удинезе» билан ўйиннинг биринчиси техник мағлубиятдан сўнгги со-нияларда урилган гол эвазига ғалабага айланган бўлса, ҳал қилувчи сўнгги турда айнан шу жамоага 0:4 ҳисобида имко-ният бой берилиб, барибир, «жон» сақланди. Мана буни ҳақиқий омад деса бўлади!
Ў.УМАРОВ тайёрлади