Не-не умидлар билан «Монако» сафига қўшилган испаниялик афсона Сеск Фабрегаснинг князлик клубидаги ишлари умуман ўхшамади.
У аввалига тизза жароҳатини даволашга нақ ярим йил сарфлади, кейин апрель ойида майдонга қайтиш тараддудига тушган паллада коронавирусга чалиниб, яна четга сурилди. Шу тариқа номдор ярим ҳимоячи бутун мавсум давомида атиги 2та ўйинда кўриниш берди, холос. «Монако» билан ўртамиздаги ҳамкорлик поёнига етди. Шартнома муддати тугамоқда, клуб уни узайтиришни истамайди, мен ҳам. Қаергадир кетиш ниятидаман. Бу мавсум нафақат фаолиятим, балки бутун ҳаётим мобайнидаги энг ёмон даврга айланди. Футболдан қониқиш топмадимми, ҳаётимдан мамнун эмасман. Тўғриси, мавсум бўйи роса қийналдим, руҳан эзилдим. Лекин, ҳаммаси изга тушиб кетишидан умидворман, фақат «Монако»дан кетишим аниқ», - деганди Сеск май ойида.
***
Фабрегас шундан сўнг аввалига мураббийлик соҳасига бош суқишни режалаштирди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, фикрини ўзгартирди - фаолиятига шу қадар нурсиз нуқта қўйиши мумкин эмаслигини тушуниб етди: «Танишларимдан бири мени ёрдамчи мураббий ролига таклиф этгач, бошида шуниси маъқулдек кўринди. Бироқ кейин ўй-хаёллар тинчлик бермади - мавсумни шунчалик ёмон якунладимки, фаолиятимга бундай нуқта қўйишим ярамайди. Шу тариқа яна ўйнашга қарор қилдим. Қаерда ва қайси жамоада - бунинг аҳамияти йўқ». Афсонани чорлашга орзуманд клублар кўп эмасди. Орада камтарин «Лас-Пальмас» алоқага чиқди, лекин томонлар молиявий масала бўйича келишолмадилар. Айни шу паллада Фабрегас Италия чемпионати иккинчи дивизиони иштирокчиси «Комо»дан қизиқарли таклиф олди.
***
Диққат, «Комо» соҳиблари дейлик, Сильвио Берлусконидан 6 карра бадавлатроқ. Тўғри, максимал даражада камтарин жамоа ўз тарихида бирор юксак натижага эришган эмас. «Комо»ни 2017 йилнинг мартида Майкл Эссьеннинг собиқ рафиқаси сотиб олганди. Бироқ хоним 200 минг еврога тенг қарзни узолмади ва «Комо» атиги 3 ойдан сўнг профессионал клуб мақомидан айрилди. Ўшанда жамоа лойиҳаси таназзулга учраганди, ҳисоб. Бироқ кутилмаганда мўъжиза рўй берди: 2019 йили камтарин жамоани индонезиялик ака-ука миллиардерлар - Роберт ва Майкл Хартоно харид қилишди. Улар дарҳол йиғилиб қолган қарздорликни бартараф этдилар ва «Комо» шиддат билан «В» серияга кўтарилиб, ўртамиёна иштирокчилар қаторидан жой олди. Хартонолар оддий кишилар эмаслар, албатта. Forbs журнали ака-укалар бисотидаги умумий бойликни 45,5 млрд. долларга баҳолаган. Ҳатто якка-якка ҳисоблаганда ҳам, ҳар икки Хартоно сайёрамизнинг 70 нафар энг бой шахслари рўйхатида. Хуллас, улар Италия футболидаги энг бадавлат клуб соҳибларига айландилар. Таққослаш учун келтирсак, иккинчи рақамли бой инсон - Сильвио Берлусконининг мулки 6 баравар кам, унинг «Монца»га киритаётган сармояси ҳам...
***
Индонезиялик ака-укалар Осиёда кўплаб йирик банклар ва меҳмонхоналарни ўз тасарруфларига олишган. Асосий даромад манбалари эса - оталаридан мерос қолган Djarum компанияси. Осиё тамаки бозорининг 20 фоизи шу гуруҳ назорати остида. Ўтган асрнинг 70- йилларидаёқ халқаро бозорга чиққан Хартонолар оиласи кейинчалик Индонезиядаги кўчмас мулкларни харид қила бошлаган. Тез орада мамлакат пойтахти - Жакартадаги барча йирик савдо марказлари ака-укалар измига ўтади. «Комо»нинг сотиб олиниши ҳам кўпчилик эътиборини тортди. Индонезияда Хартоноларнинг футболга нега йирик сармоя киритишганини тушунолмадилар. Чунки бу мамлакатда футбол самара бермайдиган соҳа ҳисобланарди. Кейинчалик Италия клуби Робертнинг шахсий режаси асосида харид қилингани ойдинлашди. Бу вақтда «Комо» умуман харажат қилмади, ёзга қадар юлдуз ўйинчиларни харид қилишга ҳам уринмади. Фақат ўтган йили матбуотда Жек Уилшер жамоа машғулотларида қатнашиши хусусида хабарлар чиқди. Бироқ англиялик футболчи билан шартнома тузишга Брексит халал берди. Жекнинг кейинчалик айтишича, унга «Комо»да шуғулланишни дўстлари, аниқроғи, яқин таниши - клуб спорт директори Деннис Уайз тавсия этган экан.
«Комо» 2019 йилнинг май ойида «Челси» афсонасини спорт директори лавозимига тайинлаб, ўз тарихидаги энг самарали келишувни амалга оширганди. Уайз Англияда шу қадар ардоқли афсонаки, вақтида унинг бутсаларини кимсан Жон Терри тозалаган ҳолатлар ҳам бўлган экан. «Ўйлайманки, ҳар қандай номдор клубда футболни бошқалардан яхшироқ тушунадиган лоақал бир нафар мутахассис ишлаши шарт. Аввал «Ювентус», кейин «Интер»да спорт директори ролини бажарган Маротта айни шу жиҳати билан устун турарди. Деннис ҳозир шундай мақомда, - деганди Djarum империясининг ТВ бўлими раҳбари Миран Суварсо ўтган мавсум. - Биз ёшлар дастури бўйича ҳамкорлик туфайли танишганмиз. Биргаликда индонезиялик болакайлар манфаати учун иш олиб борамиз. Уайз ўйинчи сифатида митти андердогни эслатарди. Бироқ шу ҳолида Англиянинг энг сара ярим ҳимоячилари сафида юрарди. Жуссаси икки баравар катта Патрик Виейрани қай тариқа доғда қолдиргани тасвирланган суратни алоҳида қадрлайман. Биласизми, яна бир жиҳат бор - Деннис умуман қўрқмайди, қўрқиш нималигини билмайди. У доимо шундай. Энди клубга эътибор қаратинг - биз ҳақиқий аутсайдермиз. Унинг муносабати эса таҳсинга лойиқ. «Комо»да амалга ошираётган ишларига қойил қолмасликнинг иложи йўқ».
***
Деннис чиндан ҳам, клубда бор билим-малакасини аямай ишлайди. У кўп миллионли харидлар ўрнига ўзаро тушуниб ўйнайдиган эски таркибни сақлаб қолиш ва камчиликларни бартараф этишни афзал кўрди. «Комо» таркибида «D» ва «С» серияларида тўп сурган футболчилар ҳам бор. Мутасаддилар бу йўл билан муваффақиятга эришиш осон эмаслигини яхши билишади, аммо ҳар бир футболчининг салоҳиятини тўла-тўкис юзага чиқараётган ижодий муҳитга халал беришни исташмайди: «В» сериясидаги рақобат даражасини аниқлаш учун вақт талаб этилади. Лигада савияли жамоалар, иқтидорли ижрочилар етарли. Муҳими, ўз ғоямизга ишонамиз. Ҳозир 11-ўриндамиз. Мавсум аввалида ҳамма клубимизни сўнгги поғонада тасаввур қилганди. Бизга эса барибир, ўз йўлимизда давом этамиз»
***
Индонезияликлар нега айнан камтарин «Комо»ни танладилар? Гап шундаки, улар Италия клуби замирида индонезиялик ёш футболчилар учун лагерь яратмоқчилар. Бинобарин, Роберт мамлакат футболини ривожлантириш ва оммалаштириш дастури ҳомийси ҳисобланади. Аввалига бундай лагерь Лондонда ташкил этилганди. Бироқ ўша Брексит туфайли футболчиларни Англия пойтахтида шуғуллантириш анча қимматга тушаётган, ташкилий масалалар қийинчиликлар туғдираётганди. Шу туфайли бошқа вариант қидирилди ва якунда Комо шаҳри танланди. Бу гўша яшил манзараси билан ҳам машҳур.
***
Мана, Роберт Хартоно ниҳоят, клубга сармоя киритишни ҳам бошлаб юборди. Ҳозирча унинг барча режалари маълум эмас. Аниғи шуки, миллиардер Фабрегас трансферидан сўнг энди стадионни қайта таъмирлаш ва трибуналар сиғимини 7000га етказишни мўлжалламоқда. Навбатдаги бекат - «А» серияси йўлланмаси. Сеск учун эса фаолиятини рисоладагидек якунлашига бир мавсум ёки мавсумлардаги ёрқин ўйинлар. Бўш келма, Сеск!
Манба: sports.ru,
Содиқ РАҲМОН тайёрлади