Ўтган мавсум "Барселона" учун сўнгги йигирма йилликдаги энг ёмони бўлди. Бу мавсумни мухлислар ҳали бери унута олмасалар керак. "Барселона"нинг даҳшатли стартидан сўнг Лапорта Куманни истеъфога чиқаришга мажбур бўлди. Аслини олиб қараганда, нидерландиялик мутахассис — ёмон мураббий эмас. Шунчаки, калтак унинг бошида синди. Унинг муваффақиятсиз бошқарувини бир қанча омиллар билан изоҳлаш мумкин, лекин мақола у ҳақида эмас.
Қачонки, жамоанинг афсонаси бўлмиш футболчи, мураббий сифатида ўша жамоага қайтса, бу кўп ҳолларда яхши натижа беради. Пеп Гвардиола, Зидан, Артета, Луис Энрике ва ҳоказо. Хави шу қатордан жой олишига Лапорта ҳам мухлислар ҳам ишондилар. Аслида, Куман ҳам, жамоа афсонаси эди, лекин нега яна Лапорта шу ишини такрорлади?
Сабаби, Хави Қатарда бир неча совринларни қўлга киритиш орқали мураббий сифатида ҳам ўсганини исботлай олганди. Унинг "Ас-Садд" жамоасидаги ўйин услуби 2009-2010 йиллардаги "Барселона"ни эслатар эди. Лапорта айнан Хави орқали яна ўша даҳшатли "Барселона"ни қурмоқчи бўлди. Хави келгач мухлислар бироз тин олдилар. У келгунига қадар мухлислар анчагина асаб толаларидан ажраганлари бор гап.
Испаниялик мутахассис ўзи учун энг қулай вақтда жамоага келди. Унинг мисоли худди ўйин сўнггида, ҳамма нарса ҳал бўлгандан кейин майдонга туширилган ёш футболчи кабидир. Яъни ундан бу ўйинда ҳеч нима талаб қилинмайди, ёш футболчидан исталган ягона нарса – у тажриба ошириши, катта ўйинларнинг тафтини ҳис қилиши ва шу орқали келажакда мева бериши бўлади. Хави ҳолати ҳам шундай. У жар ёқасидаги клубга келди. Клуб анчагина пастга шўнғиб кетган ва катта эҳтимол билан мавсумни қуруқ қўл билан якунлаши аниқ эди.
Испаниялик истеъдод эгаси ўзига билдирилган ишончни оқлаш учун максимум ҳаракат қилди. Эндиликда Каталония жамоаси таваккалига тўпни жарима майдончасига узатиш, ҳимояда тартибсиз ўйнаш, футболчилардаги руҳий тушкунлик ва яна шу каби бир қатор иллатлардан халос бўлган эди. Хави қурган жамоа тартибли ҳимояланар, ҳужумларини креативроқ уюштирар, майдон марказини тўлалигича ўзиники қилиб олиш орқали ўйинни назорат қилар эди. У келгач футболчиларнинг кўзида шашт уйғонди, қадамларидан ўт чақнай бошлади. Гави, Дембеле, Араухо каби футболчилар Хави қўл остида катта ўсишга эришдилар. Айнан унинг ғояси орқали жамоа "Реал Мадрид" ва "Атлетико Мадрид" каби гранд жамоаларга қарши тўртталаб голлар ура олди. Ҳамма хурсанд, ҳамма бахтли. Мавсум шу темпда якунланадигандек эди. Аммо...
Мавсумнинг охирига келиб жамоа мухлисларини яна ранжита бошлади. Ундаги футболчилар қанчалик истеъдодли бўлмасин, барибир уларга тажриба етишмас эди. "Барселона"да яққол бир етакчи йўқ, удар якдил бир жамоа сифатида яхши кўринар эди. Агарда ўйинни аввалида гол уриб олмаса, елкадаги масъулият янада оғирлашар, бу оғирлашиш эса ёш "Барселона"ни эзиб қўяр эди. Агар жамоа биринчи бўлиб тўп ўтказса, ўйинга қайтиши янада қийинлашар эди. Тан олиш керакки, Бускетс, Алба, Пике каби қарияларнинг ҳеч бирида "жангчилик сифати" йўқ, агарда ўйинни жонлантириш керак бўлса Хави захирадан янги кучни майдонга туширишга тўғри келарди. Аксига олиб, жамоадаги иқтисодий инқироз сабабли унинг заҳирасида ҳам ўйинга жон қўшадиган футболчи топилмас эди.
Мавсумнинг охирида уйғонган умид "Барселона"нинг бўйнига каттагина масъулиятни осиб қойди. Бунгача яйраб топ сураётган "Барселона" очко йиғиш учун ўйнай бошлаган, эндиликда иложи борича хато қилмасликка ҳаракат қилар эди. Бу босим "Барселона"даги нуқсонларни очиб берди. Бу нуқсонларни эса, каттароқ, тажрибалироқ ва сифатлироқ футболчилар орқали ёпиш даркор деган хуласага келинди. Ҳа, касалликка тўғри ташҳис қойилди. "Хави-болл" натижа бериши учун яна ҳам яхшрироқ "масаллиқлар" лозим эди...
Эрмон бува.