Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Янами? Мбаппе нимадан норози?

Баҳо:
+ | -

«ПСЖ» президенти Носир ал-Ҳелайфийнинг Париж лойиҳаси қийинчилик билан амалга ошмоқда. Гап жамоанинг асосий юлдузлари билан боғлиқ можаролар хусусида бормоқда.

Фақат мавсумни ўта самарали ўтказаётган, амалдаги шартнома муддатини узайтириш ёки «Барселона»га қайтиш масаласини кейинги йилда ҳал этишга қарор қилган Лионель Месси бундан мустасно. Аргентиналик афсона ўз қарорини ЖЧ-2022 турнири ниҳоясига етганидан кейин маълум қилишини айтган.

Қолган бошқа юлдузлар билан муроса қилиш осон бўлмаяпти. Клубга нисбатан гина-кудуратларини бир четга суриб қўйган Неймар ажойиб ўйинлар намойиш этиб, кейин Килиан Мбаппе билан 11 метрли жарима зарбаларини амалга ошириш ҳуқуқига даъвогарлик қила бошлади. Клуб бу можарога ўз вақтида аралашиб, муаммони зудлик билан ҳал қилди. Лекин жамоанинг ғалабалар серияси узилиши билан янги муаммо пайдо бўлди. Нуфузли манбаларнинг хабарларига кўра, ёзда фантастик шартномага имзо чеккан Мбаппе январда Парижни тарк этиш ниятида.

Marca вакиллари ҳатто ҳужумчининг эътирофини ҳам эълон қилишди: «Биз ҳаммамиз хатога йўл қўйдик, биринчи навбатда - мен».

Норозилик учун баҳоналар эса етарли, гарчи уларнинг айримлари асоссиз ва тутуриқсиз бўлса ҳам. Энг ҳайратланарли ва нима учундир Мадридда тарқалган миш-миш - Мессининг кийиниш хонасидаги таъсири. Уни «Барселона»даги даҳолик даврига таққосламоқдалар. Буларга ортиқча аҳамият бермаса ҳам бўлаверади.

Лекин эътиборга арзийдиган норозиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Килиан «ПСЖ»нинг ёзги трансфердаги иштирокидан кўнгли тўлмаганлигини маълум қилганди. Чунки клуб у хоҳлаган кучли марказий ҳужумчини харид қилмади ва Неймарни сотиб юбормади. Миш-мишларга биноан, мутасаддилар Мбаппега Роберт Левандовскини сотиб олиш ва захира варианти сифатида Жанлука Скамаккани олиб келишни ваъда қилишганди. Бироқ амалда польшалик тўпурар «Барселона»ни танлади, италиялик «Вест Хэм»га йўл олди. Парижликлар эса иқтидорли, лекин жуда ёш Юго Экитикени «Реймс»дан олиб келишди.

Мазкур хариднинг ўта ғўр эканлигини «ПСЖ» бош мураббийи Кристоф Гальтье ҳам тан олди. Мбаппе билан доимий мулоқотда бўлгани боис, шогирди учун 4-4-2 ва 3-5-2 схемаларида ҳам савияли «тўққизлик» муносиб шерик бўлишини мураббий яхши билади. ЕМЛ турнири доирасидаги учрашувдан кейин Мбаппенинг ўзи ҳам таъкидлаб, терма жамоада Оливье Жиру ва Карим Бенземалар ёнида самарали ўйин кўрсатишини маълум қилганди.

Ҳаммаси қанчалик жиддий?

Агар фақат футболга оид муаммоларни оладиган бўлсак, ҳужумчида исён кўтаришга арзийдиган жиддий эътирозлар йўқ. Боз устига, Мбаппе клубнинг трансфер сиёсатида ҳал қилувчи мақомдаги Луиш Кампуш билан самимий муносабатда. Лекин L~Equipe нашрининг сўнгги ахборотига кўра, ҳужумчининг муаммолари футбол доирасидан ташқарида ва унга атрофидагилар халал бераётганлари анча хавотирли. Манба футболчининг атрофидагиларни тилга оляптими, демак, бу шунчаки, қуруқ гап эмас. Бу - айнан Мбаппе ва Неймарга ўхшаган ўйинчиларга хос услуб.

Мазкур хабар зарбасига Луиш Кампуш кўксини қалқон қилиб, «Бенфика»га қарши баҳс арафасида Canal} вакилига шундай деди: «Мбаппе «ПСЖ»ни тарк этиш истагини менга ҳам, Носир ал Ҳелайфига ҳам ҳеч қачон гапирган эмас. Бу ерда у бахтиёрми? Бу саволни унинг ўзига берасиз. Бу жиддий савол. Мен эса унинг юксак савияли профессионал мақомида ишлаётганини кўриб турибман. Менинг Париждан кетишим хусусидаги гаплар ҳақиқат эмас. Мен ҳеч қаёққа кетмайман. Бу ерда бахтиёрман ва 3 йиллик шартномам бор. Вазифам - шу давр ичида муҳим совринларни қўлга киритиш».

Табиийки, Кампуш бу сов­ринларга Мбаппе билан биргаликда эришиш ниятида, ҳозирда ҳал этиши лозим бўлган вазифаси эса нафақат нав­батдаги можарони ечиш, балки январда Килианга мос ҳужумчини топиш. Бу эса ўзи бир пайтлар «Монако»нинг ёшлар жамоасидан асосий таркибга ўтказишни тавсия этган футболчини тинчлантиришдан кўра қийинроқ юмуш. Айни паллада «Милан» қишда Рафаэль Леауни ҳатто 150 млн. евро эвазига ҳам қўйиб юборишига ишониш қийин.

Қаерга кетиши мумкин?

Айнан Мбаппе ҳақида фикр билдирадиган бўлсак, ўзини-ўзи ҳибс этган олтин қафасдан озод бўлиш у учун осон бўлмаслиги аниқ. Мисол тариқасида франциялик касбдошимиз ҳужумчи янги шартномани имзолаганидан кейин унинг баҳоси билан қизиққанлар воқеасини келтирди. Унга кўра, Луиш Кампуш билан анчайин мураккаб муносабатда бўладиган клуб спорт директори Антеро Энрике Килианнинг баҳоси 400 млн. евро эканлигини айтган.

Ҳозир инглиз манбалари гап 300-350 млн. фунт устида бораётганлигини айтмоқдалар. Бунга Британиянинг қандай дахли бор? Бу саволнинг жавоби «ПСЖ» Мбаппени «Реал»га қўйиб юбормасликка қатъий қарор қилганлигида. Шу боис, «Ливерпуль» франциялик юлдузнинг ягона харидори. Бироқ «қизиллар» шунча маблағдан воз кечишларини тасаввур қилиш ўта кучли фантазиядан ўзга нарса эмас.

Қолаверса, бу ёқда Флорентино Перес Килианнинг болаликдаги «Реал»да тўп суриш орзуси рўёбга чиқмаслигига ишонмаяпти. Мадридликлар фақат бир нарсани яхши тушунадилар: Мбаппени қишда харид қилишнинг иложи йўқ. «Реал»га яқин манбалар тахминига кўра, «қироллик клуби» фаол ҳаракатларни 2023 йилнинг ёзида ёки ҳужумчининг шартномаси ниҳоясига етадиган 2024 йилда бошлаши мумкин.

Иккинчи уриниш билан бўлса ҳам, ҳужумчини текинга ўз сафига қўшиб олиш мадридликлар учун ўта манфаатли вариант. Чунки дон Флорентино «Сантьяго Бернабеу»да нафақат Мбаппени, балки унинг ёнида Эрлинг Холандни ҳам кўриш иштиёқида.

The Athiletic маълумотига кўра, норвегиялик снайпернинг «Манчестер Сити» билан имзолаган шартномасида ҳужумчини 2024 йилнинг ёзида Англиядан ташқаридаги жамоа 200 млн. фунт эвазига харид қилиши белгилаб қўйилган. Ва Эрлинг Килиан учун ажойиб шерик бўла оладиган ўйинчи. Лекин ҳозир эмас. Ҳозирча, сешанба оқшомида «ПСЖ»нинг ЕЧЛдаги энг яхши тўпурарига айланган мерган борига шукур қилиб туришга мажбур.
 
Клуб мутасаддилари эса бир неча ой муқаддам лойиҳанинг бош иштирокчиси сифатида эътироф этилган юлдуз бахтиёр тўп суриши ва ҳеч бўлмаганда 2025 йилгача «Парк де Пренс»да қолиши учун тегишли чораларни кўришлари лозим. Агар анчайин худбин табиатли юлдуз клуб учун ўта зарарли шахсга айланиб қолмаса, албатта.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:09, 27.10.2022.
Ўқилди: 3629 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.