"Барселона" клубида сўнгги 12 ой давомида катта бўҳронлар юз берганди. Натижада, кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, таркибда ҳам. Футболчилар кўп экани сабабли, клуб айрим аъзоларини ижарага беришга мажбур бўлди. Қуйида 2022-23 йилги мавсумда "Барса"га тегишли футболчиларнинг ишлари қандай кетаётганига эътибор берамиз.
Клеман Лангле
Лангле учун ижарами ёки доимий, жамоадан кетиш жуда ҳам зарур эди. Чунки ҳимоячи асосий таркибдан тушиб қолаётганди. Буни унинг ўтган мавсумдаги статистикасидан ҳам билиб олиш мумкин. Лангле "Барселона" сафида атиги 7 та баҳсда иштирок этган. Француз футболчиси жорий мавсумда "Тоттенхэм" сафида ҳаракат қилмоқда. У барча мусобақаларда 14 та ўйин ўтказишга улгурди. Хусусан, АПЛда у қатнашган ўйинлар сони 8 тага тенгдир. Шунга қарамай, сўнгги хабарларга кўра, "шпорлар" Ланглени доимий сотиб олишни режа қилмаган.
Франсишку Тринкан
Португалиялик ҳужумчи ўтган мавсумни "Вулверхэмптон" сафида ўтказган эди. Аммо бу давр 22 ёшли учун унчалик ҳам омадли бўлди дея олмаймиз. Тринкан ўз ривожланиш йўлида бу мавсумдан "Спортинг"да ҳаракат қилишга қарор қилди. Бу эса нисбатан тўғри қарор эди. Чунки у ҳозирга қадар Лиссабон клуби учун 5 та гол ва 1 та ассист ижро этишга эришди.
Нико Гонсалес
Хавида бу мавсум учун етарлича ярим ҳимоячи танлови мавжуд эди. Бу нарса Гонсалесни бир мавсумга бошқа жамоа қидиришини англатарди. Ёзда у "Барса" билан аввалига янги, 2026 йилга қадар мўлжалланган битим тузди. Кейин эса "Валенсия"га ижарага берилди. Нико "кўршапалаклар" сафида бу мавсумда 12 та ўйинда иштирок этди.
Алекс Колладо
Колладо Ла Масиядан чиққан. У 2009 йилдан бери академияда эди. Бу мавсум Колладо "Элче" сафига тажриба тўплаш учун жўнатилди. Аммо бу жамоанинг натижалари анча ёмон. Ла-лиганинг 20-ўрини, айнан "Элче" томонидан банд этилган. Бу клуб ҳали бирорта ўйинда ғалаба қозона олмади.
Самюэль Умтити
Умтити "Барселона"да қувғинга учраган дейиш мумкин. Каталон клуби анчадан буён уни сотиб юборишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, француз футболчиси сўнгги икки йилда "Барса"да жами 7 марта майдонга тушган. Шу сабаб у Италиянинг "Лечче" жамоасига ижарага берилди.
Сержиньо Дест
Сўнгги маълумотларга қараганда, "Милан" Дестни бутунлай сотиб олишни ўйламоқда. Ҳа, америкалик ҳимоячи миланликлар сафида мавсум мобайнида кўп кўриниш бермади. Аммо 22 ёшли футболчининг келажаги ҳали ҳам ёрқин бўлишига ишонувчилар топилади. Харҳолда, "Милан" раҳбарияти шундай ўйламоқда.
Абде Эззалзули
Эззалзули Жаҳон чемпионатида Марокаш сафида ҳаракат қилди. Унинг клуби эса "Осасуна" саналади. У ерда 20 ёшли ярим ҳимоячи яхши амалиётга эга. Хусусан, у 2 та ассистга муаллифлик қилишга улгурди. Кўрамиз, унинг кейинги тақдири не кечаркин.
ИСМАТОВ Ж.