Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миралем Пьянич Осиё Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи

Баҳо:
+ | -

Босниялик Миралем Пьянич 2016-2020 йиллар оралиғида «Ювентус» билан қўлга киритган барча совринларини ғурур билан эслайди.

 Фаолиятини БААнинг «Шаржа» клубида давом эттираётган футболчи Туринда 4 марта скудетто соҳибига айланишдан ташқари, Италия кубоги (2 бора) ва суперкубогини ҳам боши узра баланд кўтарганди. «Мураббий Аллегри ҳар доим такрорлаганидек, вақт ўтиши билан ғалаба қозониш ғайриоддий нарса эканлигини тушунасиз. Афсуски, биз барчасини оддий қабул қила бошлагандик...», - деди Миралем Турин суперклуби расмий сайтига берган интервьюсида. Умуман, «Ювентус» ҳамон унинг қалбида, дейлик, ҳозир БААда ҳам жамоани мунтазам кузатиб боради.

- Миралем «Шаржа»да фаолиятингиз қандай кет­япти?

- Ҳаммаси зўр: Дубайда яшаяпман. Муҳими, ғайратим баланд: бор кучимни бериш ва имкони бор ҳар қандай совринларга эга чиқиш, хусусан, ОЧЛда ўйнашни хоҳлайман. Бу турнир даражаси анча юқори. Ҳа, Европаникидан фарқ­ланади, лекин менга жуда ёқди. Умуман, Амирликларда ҳаммаси аъло: клубнинг ташкилий ишлари жуда яхши, ажойиб мураббий ҳам бор. Тўғриси, бу ердаги муҳитдан бироз ҳайратдаман - гап йўқ.

- Роналду ҳам яқинда араб диёрига юзланди...

- Криштиану катта амбицияга эга «Ал-Наср»га ўтди. Ишончим комил, Яқин Шарқда футбол келажаги зўр. Зеро, аксарият мамлакатларда имкониятлар етарли, фақат ҳозирча уларнинг барчасидан фойдаланилмаган. Қисқаси, Криштиану танловидан умуман ҳайрон қолмадим, Сау­дия Арабистони футболи даражаси одамлар ўйлагандек паст эмас. Менимча, у мамлакат футболига янада кучли туртки беради. Бунда Саудия имиджи ва араб болаларида қизиқиш ортишини назарда тутяпман.

- «А» серия ҳақида нима дея оласиз, чемпионат ўйин­ларига ҳали ҳам қизиқасизми?

- Албатта! Мунтазам кузат­япман, дейлик, «Юве»нинг деярли барча ўйинларини кўрдим.

- «Бьянконерлар»нинг ғалабали сериялари сизни ажаблантирдими?

- Йўқ! Худди шундай бўлишини сезгандим. Ҳа, йигитлар аввалига қийинчиликка дуч келишди. Бундай пайт қайси рақиб билан ўйнашингнинг аҳамияти йўқ: «ПСЖ» бўладими ёки «А» серия аутсайдери - ҳаммаси бир хил кўринади. Ўйлашимча, жамоа қўрқув ва ноаниқлик таъсирида шундай ҳолатга тушади кўпинча. Лекин ҳар доим айтганман, Аллегридан бошқа ҳеч ким бу вазиятни ўзгартиролмасди. Мана, умумий ҳолат яна барқарорлашди, чунки Аллегри «Юве»ни тўғри йўлга қайтарди. Аммо эҳтиёткорликни унутмаслик керак: мавсумнинг энг қийин қисми олдинда. Ҳар қандай ҳолатда, оёққа туриб олгач, мувозанатни ушлаш, барқарор тарзда очко тўплаш ва ишлашда давом этиш талаб этилади. Менимча, март ойига бориб, кўп нарса ойдинлашиб қолса керак.

- Хўш, Аллегри мураккаб вазиятдан чиқиш йўлини қандай топди?

- Аввало, мавсум давомида ҳамиша қийинчилик юзага келишини ҳисобга олгани ҳисобига. Албатта, ҳар бир мураббий ҳаммаси силлиқ кечишига умид боғлайди, шунинг баробарида эҳтимолий омадсизликларга қарши чора ҳам излайди, албатта. «Юве»да яна ташқи босим ҳам кучли: жамоа ҳамиша ғалаба қозониши, етакчилар қаторида юриши шарт. Асосийси, Аллегри футболчилар руҳиятига қандай таъсир ўтказишни яхши билади, «бўрон» пайти ҳам хотиржамликни сақлайди. Унинг Италия футболи тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири эканлиги бежиз эмас. Ғалаба ва мағлубиятлар ўз йўлига, Массимилиано турли ҳолатларга тайёр туради, жамоада мувозанатни яхши ушлайди. Яна бир томони, Аллегри на жароҳатлар ва на бошқа муаммолардан шикоят қилади. Фақат ихтиёридаги таркиб билан кифояланади ҳамиша. Шунинг эвазига раҳбарият алмашган пайтдаги улкан инқирозни бартараф этди. Қисқаси, «Юве»нинг курашга қайт­ганида мураббийнинг хизмати катта.

- Спаллетти ҳақида қандай фикрдасиз?

- Очиғи, менга шу мураббий масаласида омад кулиб боқмади, ахир у билан атиги 6 ой ишладим. Муҳими, шу қисқа вақтда чинакамига роҳатландим. Спаллетти футболи чиндан ҳам, жуда қизиқарли. «Наполи»нинг ҳозирги натижаларида ажабланадиган томони йўқ. Ҳар доим унинг жамоаси ўйинини томоша қилиш ёқимли. «Наполи» ҳақли равишда 1-ўринда бормоқда. Бор гап шу.

- Спаллеттининг асосий сифатларини айта оласизми?

- Бош белгиси - ҳимоя ва ҳужумда бир хил ишлаш. Лучанода ўйин тузилмалари ва футболчилар манёврлари бўйича режалар саноқсиз, шунинг ҳисобига майдонда қувноқ футболни йўлга қўяди. Шогирдлари эса қандай ҳаракатланиш кераклигини яхши билишади. Ўйинда муаммо йўқми, демак, бу Спаллеттининг жамоани пухта тайёрлаганидан далолат. Бу мураббий ўта талабчан, шунинг баробарида футболчиларга кўп нарса беради ҳам. Спаллеттининг яна бир жиҳати, номларга асло қарамайди - унга сизнинг кимлигингиз мутлақо аҳамиятсиз. Фақат қандай ўйнашингизга қарайди, тамом.

- Пирло ортидан Пьянич... «Ювентус» сиз кетганингиздан буён муносиб дирижёр қидирмоқда. Аллегри айни пайт эътиборини кўпроқ Локателлига қаратмоқда, гарчи Паредес ҳам бўлсада. Бу борада бирор маслаҳатингиз борми?

- Ҳа, мендан олдин Пирло бор эди, айнан шу позицияда фаолиятимнинг юқори нуқтасига чиқдим: скудетто ютдик, ЧЛ финалида ўйнадик. Ўйлайманки, футболчи бу ролда масъулиятни тўлиқ зиммасига олиши, фақат жамоа учун ишлаши кераклигини тушуниши керак. Бунда креативлик киритишингиз, ўзгача ҳаракатланишингиз, асосийси, майдонда устунликни таъминлаш учун тезкор қарор қабул қилишингиз талаб этилади. Яна баъзи хатоларга қарамай, фақат олдинга интилишингиз муҳим. Қолгани Аллегри кўрсатмаларини қандай бажаришингизга боғлиқ.

- Пьянични Италияда яна кўришимиз мумкинми?

- Ҳа! Ҳали қайтаман, чунки Италияни яхши кўраман. Қишки трансферлар бозоридами? Билмайман, ҳали ҳеч ким қўнғироқ қилгани йўқ...

- Ҳозир Дубай - деярли орзулар маконида яшаяпсиз. Барчаси урушлар домидаги Боснияда бошланганини ўйласак...

- Ҳаётда чўққиларни забт этиш йўлида қанча тер тўкканим ўзимга аён. Бунга бутун борлиғимни бағишладим. Бугун бошқа қитъадаман, асосийси, ҳамон ўзимга ёққан иш билан машғулман. Бутсаларимни михга илганимдан ке­йин ҳам футбол оламида қоламан. Ҳаммаси туш каби. Ахир Европанинг энг катта клубларида ўйнадим: Франция, Италия, Испания ва Туркияда. Қандай йўлни босиб ўтганимни асло унутмайман - бу ёқимли тажриба. Босниядаги урушдан қочиб, Люксембургга бордим, шу митти мамлакатда катта иштиёқ билан ишга киришдим, якунда «Лион», «Рома», «Ювентус», «Барселона», «Бешиктош» клубларини кўрдим. Бу ўзим ва оилам учун - шарафли йўл. Энди БААда яшаб, ўғлимга қадриятларни етказишга ҳаракат қиляпман.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:30, 26.01.2023.
Ўқилди: 1329 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.