Ферланд Менди тахминан бир ойни ўтказиб юбориши мумкин.
Испания кубоги 1/4 финали доирасидаги «Атлетико»га қарши ўйинда (3:1) жароҳат олган «Реал»нинг чап қанот ҳимоячиси кейинги ўйинларда жамоасига ёрдам бера олмаслиги мумкин.
27 ёшли франциялик футболчининг чап сонида жароҳат бор. Якшанба куни у «Реал Сосьедад»га қарши ўйнамайди.
Ферлан шанба куни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади. Агар дастлабки ташхис жиддий чиқса, футболчи тахминан бир ойни ўтказиб юборади.
Бу ҳолатда у 21 февраль куни «Ливерпул»га қарши Чемпионлар лигаси 1/8 финалининг биринчи ўйинида майдонга тушмаслиги мумкин.
Жорий мавсумда Менди Ла Лиганинг 14 учрашувида 1 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.