Кириш Регистрация
02/12 00:45 Лечче - Ювентус
02/12 01:00 Реал Сосьедад 2-0 Бетис
03/12 00:45 Рома - Аталанта
03/12 01:00 Севилья 1-1 Осасуна
03/12 23:00 Мальорка - Барселона
04/12 00:30 Ипсвич - Кристал Пэлас
04/12 01:15 Лестер - Вест Хэм

"Андижон" аъзолари ташриф буюрган ўйинда "Антальяспор" ғалаба қозонди

Баҳо:
+ | -

Хабар бериб ўтганимиздек, “Андижон” клубининг Туркия Суперлигаси иштирокчиси – “Антальяспор” билан йўлга қўяётган ҳамкорлиги доирасида мезбонларнинг “Газиантеп”га қарши ўйинига Александр Хомяков бошчилигидаги жамоамиз ҳам таклиф қилинганди. Шу боис “Андижон”га ўйинга бориб-келиш учун шароит яратиб берилди.

Стадионга кириш учун қаттиқ тартиб ўрнатилган. Бунинг учун кучайтирилган учта чиғириқдан ўтилди. Эътиборлиси, ҳар бир кирадиган мухлис клубнинг электрон базасида рўйхати шакллантирилади ва алоҳида платиск кўринишидаги карта мухлисга топширилади. Ушбу карта 2029 йилгача амалда бўлиб, шу давр мобайнида сиз бемалол Туркия чемпионатининг исталган ўйинларига кириш имкониятига эгасиз. Фақат унга етарли маблағни ўтказиб турасиз ва стадион кассасида ўша картадан чипта учун пулни ечиб олишади.

“Антальяспор” стадионида 14 категория бор. Қайси секторга киришингизга қараб сиздаги махсус картадан пул ечиб олинади. Чипта нархлари 40 дан 150 турк лирасигача. Бизнинг сўмга 25 мингдан 80 минггача.

“Андижон”нинг ҳар бир аъзосига стадионга кириш учун ана шундай махсус карталар берилди. У орқали алоҳида турникетлар орқали стадион ичига кира оласиз. Электрон базада аренага қанча томошабин кирганлиги аниқ рақамлар орқали акс этади.

Стадиондаги муҳит чиндан аъло даражада. Барибир европача муҳит сезилиб туради. Албатта, учрашувда эътиборга молик ҳолатлар ҳам кузатилди. Масалан, ўйиннинг 15-дақиқасида баҳс тўхтатилди. Бунга сабаб трибунадаги мухлислардан бирига тезкор тиббий ёрдам зарур бўлиб қолди. Қизиғи, мухлислар ҳайқиргач, буни майдондаги футболчилар пайқаб қолдилар ва шу заҳоти учрашувни тўхтатиб шифокорларни ёрдамга чақирдилар. Иккала жамоанинг тиббий гуруҳи трибуна томон югуриб кетди. Табиийки, стадиондаги тез ёрдам машинаси ва бошқа шифокорлар ҳам етиб келди. Янада эътиборлиси, мана шундай ҳолатлар учун тез ёрдам машинасига трибуна билан майдон чети ўртасида юриш учун йўлакча қилинган. Тахминан 6-7 дақиқалардан кейин учрашув яна давом эттирилди. Беморни эса шифохонага олиб кетишди. Ўша ишқибознинг тақдирига бефарқ қараб турмадик ва кейинроқ маҳаллий мухлислар билан боғланиб, аниқлашимизча, юраги билан боғлиқ хасталик бўлган экан ва у ҳамон шифохонада. “Антальспор” мухлисига соғлик тилаб қоламиз.

Беллашувнинг 29-дақиқасида мезбонларнинг анголалик легионери Фреди Рибейро томонидан киритилган гол якунда “Антальяспор”га ўта муҳим уч очкони келтирди.

Стадионда мухлислик маданияти ва ўз жамоасини жўр бўлиб қўллашларига ҳам гувоҳ бўлдик. Учрашув охиригача барчани ҳаяжонда ушлаб турди. Чунки “Газиантеп” мағлубиятдан қутулиб қолиш учун роса ҳаракат қилди. Баҳс охирларида меҳмонлар футболчиси иккинчи сариқ карточка туфайли майдондан четлатилди.

Шу тариқа, “Андижон” жамоаси ташриф буюрган беллашувда “Антальяспор” ғалаба қозонди. Дарвоқе, стадионда ишқибозлар учун барча шароитлар яратилган. Егуликлар учун ҳам алоҳида савдо дўконлари хизмат кўрсатади. Стадион ёнидаги клуб футболкалари, атрибутикалари сотиладиган дўкон ҳам мухлислар билан роса гавжум бўлди ва савдо ҳам шунга яраша эди. Ўйинни жонли равишда кузатиб бориш барчада ўзгача таассуротларни уйғотди.  

Учрашувдан кейин жамоамиз мураббийи Артём Петросян ҳамда ҳужумчи Шаҳбоз Эркиновнинг фикрларига қулоқ солдик.

Артём Петросян:  “Антальяспор” ва “Газиантеп” ўртасидаги учрашувдаги муҳит менга жуда ёқди. Мухлислар стадионда ажойиб шоуни яратиб бердилар. Ўзимизни худди театрга келгандек ҳис қилдик, стадион чиройли экан. Ташкилотчилик ҳам аъло даражада. Иккала жамоада футболчиларнинг техник маҳорати юқорилигини кўрдик. Майдондаги барча футболчилар тез ва ақлли ўйнашди. Ўйин темпи ҳам зўр бўлди. Тўп йўқотилганидан кейин ҳам, уни олиб қўйгач ҳам тез фикрлашяпти. Футболчилар жуда сифатли. Ҳаммаси бақувват, техникаси юқори ва тезкор. Лекин тактик бўйича ҳеч қанақа янгилик кўрмадим. Фақат техник жиҳатдан кучли. Биз шу томондан ўсишимиз керак. Ҳар бир ўйинчи вазият тугамагунча охиригача югуряпти".

Шаҳбоз Эркинов: "Анчадан бери жонли футбол кўрмаган эканман. Стадиондаги муҳит ёқди. Туркияда футболни жуда ёқтиришади. Футболни мухлислар орасида кўришни ҳам ўзига яраша гашти бор. Буни ўзимда ҳис қилдим. Мухлислар қандай ўйинни кўради, қандай мухлислик қилади, биз ҳам майдонда ўйнаганимизда буларни ҳис қилишимиз учун керакли ва фойдали бўлди.

Футболга бўлган муносабати, шароитлар ва муҳити яхши. Майдонда олдинги юлдузлар ҳам бор эди. Масалан, Адриано, Фернандо кабиларни “Спартак”даги ўйинлари билан эслаймиз. Тезкор қарор қабул қилишлари, ҳаракатчанлиги ва тўғри йўл тутишлари кўриниб турибди. Ўзбек футболида шу томондан оқсаймиз. Шуни ҳисобига футболимиз секинроқ кўринади. 98 дақиқа мобайнида жамоалар охиригача курашишди. Рақиб дарвозабони ҳам ҳужумга қўшилди. Бизга адреналин бўлди.

Маълум йиғиндан кейин футболчиларга озгина хордиқ керак эди. Машғулотлардан бироз чалғишимиз бу руҳий томондан ҳам ёрдам бўлади. Янги ҳафтани янгича куч билан бошлашимиз жуда яхши бўлди. Ўйин давомида жамоадошларимиз билан учрашувни таҳлил қилиб, маслаҳатлашиб ўтирдик. Бизни футбол билан таққослаганда катта фарқи йўқ. Фақат боя айтганимдек, тўғри ва тез қарор қабул қилиш, тўп билан муносабати, прессинг қилишлари каби бир қанча омилларнинг ҳисобига футболи тезкор кўринади".

"Андижон" матбуот хизмати.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 15:43, 05.02.2023.
Ўқилди: 1330 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.