АҚШнинг энг бой оилаларидан бири бўлган Глейзерлар йигирма йилга яқин даврдан буён "Манчестер Юнайтед"га эгалик қилиб келаётган эди. Бундан бир неча ой олдин улар клубни сотувга қўйилишини маълум қилди. Айни дамда харидорларнинг ичида бештаси ўта жиддий номзод сифатида қаралмоқда. Қуйида уларнинг ким эканига тўхталиб ўтамиз.
"Қизил иблислар" Глейзерлар томонидан ноябрь ойидаёқ сотувга қўйилган. Унгача эса жамоа мухлислари томонидан узоқ вақт давомида норозилик намойишлари ўтказиб келинаётганди. Савдони олиб бориши белгиланган Қўшма Штатларнибг "Raine" банки харидорлар учун 17 февралга қадар вақт берди. Демак, яна олти кун ичида даъвогарлар ўзларининг якуний таклифларини билдириши керак.
Улар ичида Британиянинг энг бой кишиси саналган Сер Жим Рэтклифф ҳам бор. Жорий ҳафтанинг бошида қатарлик бойлар ҳам курашга қўшилганди. "Mail" нашри берган хабарда айтилишича, клуб учун бешта қонуний талабгорлар мавжуд.
Хусусан, Рэдклифф "Манчестер Юнайтед"ни сотиб олиш учун Уолл Стритда катта қудратга эга бўлган "JP Morgan" ва "Goldman Sachs" банкларидан ёрдам сўради. Бироқ, қатарликларнинг таклиф этадиган пули кўпроқ бўлиши ва бу Глейзерларни ўзига жалб қилиши айтилган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, "МЮ"га қизиқиш билдирган Қатар компанияси ҳеч қанақасига "ПСЖ"га эгалик қиладиган "Qatari Sports Investment" гуруҳига алоқаси йўқ. Шу сабабдан улар ўзларини бу пойгада ютиб чиқишига ишонмоқда.
Бу курашда, шунингдек, бир нечта Саудия Арабистони компаниялари ҳам мавжуд. Аммо уларнинг ҳеч бири "Ньюкасл"га эгалик қилувчи гуруҳга аффилланмаган. Ноябрь ойида "МЮ" афсонаси Дэвид Бекхэм ҳам ўзининг севимли жамоасини сотиб олишга ҳаракат қилганди. Эски харидорлар ичида "Apple" ҳамда испан конгломерати Амансио Ортега ҳам бор эди.
Глейзерлар 20 марта Англия чемпиони бўлган жамоа учун 6 миллиард фунт атрофида пул олишни истайди. Бироқ, даъвогарлар томонидан бериладиган 4,1 дан 4,5 миллиард фунтгача бўлган таклифлар қабул қилиниши мумкин. Кимки клубни сотиб олса, яна 2 миллиард фунтни "Олд Траффорд" ва Каррингтонни янгилаш ва яхшилаш учун ишлатиши шарт. Чунки инфратузилма масаласи ҳозир энг кескин ва муҳим масала бўлиб турибди.
ИСМАТОВ Ж.