Мавсумнинг биринчи ярмида «Милан» унчалик барқарор эмас эди, аммо А Cерияда юқори ўринларни эгаллаш имкониятини сақлаб қолди. «Интер» ва «Ювентус» очко йўқотаётган эди, шу боис «россонерилар» маълум вақт давомида жорий мавсумда «Наполи» билан чемпионлик учун курашиш имкониятига эга бўлди. Бироқ жаҳон чемпионати учун танаффусдан сўнг «қизил-қоралар» учун ҳаммаси тескарисига кетди. Кетма-кет учта мағлубият ва барча мусобақалардаги ғалабасиз етти ўйинлик серия Стефано Пиоли шогирдларини кучли тўртликдан жой учун курашга олиб келди. «Торино» устидан қозонилган ғалаба бу ҳолатда алоҳида таъкидланадиган кўрсаткич эмас. «Милан» аввалдан унчалик барқарор бўлмади ва энди ниҳоят тўхтаб қолди. Бунинг сабаблари бор.
Асосий дарвозабоннинг жароҳати
Майк Меньян 2021 йилнинг ёзида 15 миллион евро эвазига «Лилл»дан «Милан»га ўтган эди. Франциялик футболчи «ПСЖ»га жўнаб кетган Жанлуижи Доннаруммани тўлиқ алмаштирди. «Сан-Сиро»даги биринчи мавсумида у 17 та ўйинда қатнашиб, «А» Сериянинг энг яхши дарвозабони бўлди. Меньян «россонерилар»нинг чемпионлигига катта ҳисса қўшди. Жорий мавсумда у Италия чемпионатида бор йўғи 7 та ўйин ўтказди. Франциялик футболчи жароҳат олган, шу сабабли у октябрь ойидан бери майдонга тушмаяпти. Унинг ўрнини Чиприан Тэтэрушану эгаллади, аммо у ҳозирча унчалик яхши ишламаяпти. Руминиялик дарвозабон катта тажрибага эга бўлишига қарамай, кўпинча жамоани қутқариб қолишнинг уддасидан чиққани йўқ. Жорий мавсумда 36 ёшли дарвозабон А Сериянинг 15 та учрашувида 22 та гол ўтказиб юборди. Ўртача ҳисобда бу ҳар бир ўйинга 1,5 тадан тўғри келади ва бу жуда кўп. Тэтэрушануни оқлаш учун айтиш мумкинки, «Милан»нинг орқа чизиғида ҳам катта муаммолар бор. Ҳимоядаги ўйинчилар тўпни олдинга кўп вазиятларда хато етказишади ва ҳужум билан боғламлар узилган. Дарвозабон ҳимоячиларга, улар эса олд чизиқ вакилларига яхши таянч бўла олишмаяпти. Муаммо ўзаро боғлиқ.
Психологик муаммолар
«Россонерилар»нинг ноаниқ ҳаракатлари психологик муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Натижалар ҳар қандай жамоага босим ўтказади ва «қизил-қоралар» умуман яхши формада эмаслар. 2023 йилда «Милан» уч марта ҳалокатли тарзда мағлуб бўлди. «Россонерилар» «Лацио» (0:4) ва «Сассуоло»га (2:5) ютқазди, Италия Суперкубоги учун ўйинда «Интер»га ҳам имкониятни бой берди (0:3). Шундан сўнг «нерадзуррилар»дан яна бир мағлубият қайд этилди, аммо минимал ҳисобда. Доимий очко йўқотишлар давом этди, Италия кубогидан эрта чиқиб кетишди. «Милан ҳозир яхлит жамоа эмас. Улар бир жамоа бўлиб ўйнаб, Скудеттони қўлга киритгандилар, аммо энди бу хусусиятларни йўқотдилар. Бу яна содир бўлиши мумкин. Ёшлар билан ишлашда сабрли бўлиш керак. Бу ёш йигитлар алоҳида мавқега эга: «скудетто»ни муносиб қўлга киритиб, тўсатдан катта саҳнага чиқишди. Бу вазиятни беқарорлаштириши мумкин, бироқ айни дамда эмас», - деди «қизил-қоралар»нинг собиқ мураббийи Арриго Сакки.
Пиоли жамоа ишончни йўқотаётганини тасдиқлади:
«Кўп жиҳатлар яхши ишламаяпти, ҳам ақлий, ҳам тактик томонлама. Охирги ўйинлардаги салбий натижалар ўзимизга бўлган ишончни олиб ташлади. Ҳаммасини бошидан бошлашимиз керак», - деди «Милан» бош мураббийи.
Муҳим ўйинчиларнинг жароҳати
Бу, биринчи навбатда, французларга тегишли - Тео Эрнандес ва Оливье Жиру. Ҳар иккиси ҳам жаҳон чемпионатидан чарчоқ билан келган, формада эмас. Сўнгги уч мавсумда Тео А Серияда гол+пас тизими бўйича камида 10 очко тўплади. Жорий мавсумда 25 ёшли ҳимоячи бор-йўғи 2 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. 2023 йилда француз деярли ҳар бир ўйинда 90 дақиқани майдонда ўтказган бўлсада, фақат битта гол урди. Эрнандеснинг паслар самарадорлиги, биринчи навбатда, жамоанинг ҳужумдаги салоҳиятини акс эттиради, чунки рақиблар учун энг кўп хавфлар доимо унинг қанотидан келган. Худди шу нарса Жиру учун ҳам амал қилади. Златан Ибраҳимовичнинг узоқ вақт йўқлиги сабабли, франциялик футболчи «россонерилар»нинг асосий зарба берувчи кучи бўлиши керак эди, бироқ у ҳар доим ҳам самарали ҳаракат қила олмайди. Жаҳон чемпионатидан қайтгач 36 ёшли ҳужумчи бор-йўғи 2 та гол урган. «Қизил-қоралар»нинг чемпионлик мавсумида Жиру жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди. Жорий мавсумда у кўпинча дарвозани аниқ нишонга олмоқда, бироқ гол уриш бўйича анча оқсаяпти (26 та самарасиз зарба). Фақат Лаутаро Мартинес ундан кўпроқ вазиятларни кўкка совурган (33 марта), лекин шу билан бирга «Интер» ҳужумчиси Жирудан 2 баравар кўп гол урди.
Муваффақиятсиз трансферлар
Ўтган ёзда «Милан» трансферлар учун 46 миллион евро сарфлаган. Бу маблағнинг 32 миллиони «Брюгге»дан Шарл де Кетеларени сотиб олишга кетган. Ўтган мавсумда бельгиялик ўз чемпионатида 14 та гол урди, шундан сўнг унга топ-клублар томонидан қизиқиш пайдо бўла бошлади. «Россонерилар» бу борада ҳаммадан ўзиб кетди ва истиқболли ўйинчини қўлга киритди, аммо у Италия чемпионатида ўзини кўрсата олмаяпти. А Сериянинг жорий мавсумида 21 ёшли ярим ҳимоячи 18 та ўйинда атиги битта голли узатмани амалга оширган. Бу ҳужумкор ярим ҳимоячи учун жуда заиф кўрсаткичдир.