Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Азамат Абдураимов: «Андижон»нинг ўз ўрни бор»

Баҳо:
+ | -

«Андижон» жамоаси 21-миллий чемпионатни кўнгилдагидек ўтказа олмаяпти. Биринчи даврадаги муваффақиятсизликдан кейин таркибга яна янги футболчилар таклиф этилганди. Бир қарашда жамоа учун иккинчи давра яхши бошлангандек эди. Чунки сафарда «Бунёдкор» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб қайтиши мухлисларни қувонтирди. Аммо кейин Александр Аверьянов шогирдлари ўз уйида «Навбаҳор»га 0:1 ва «Шўртан» майдонида 6:1 ҳисобларида мағлубиятга учраб ишқибозларини яна қаттиқ ранжитди. Шу сабабли катта умидлар билан таклиф қилинган россиялик мураббий истеъфога чиқарилди. Натижа ўта салбий кўриниш олди ва жамоа охирги ўринга тушиб кетди. Шу боис янги бош мураббий сифатида ёш истеъдодли Азамат Абдураимов таклиф этилди. Унинг қандай футболчи бўлганлигини барча яхши билади. Мураббий сифатида ҳам ўз олдига катта мақсадларни қўйган Азамат қийин вазиятга тушиб қолган «Андижон»ни бошқаришга рози бўлди. Энди ҳамма ушбу мураббийга умид кўзи билан қарашмоқда.

-  Азамат Биродарович, «Андижон» вариантини қандай қабул қилганингиз хусусида гапириб берсангиз?

- Бир пайтлар дадам «Шаҳрихон» жамоасида ишлаганди. Ёшлигимда мен бу ерларга келганман. Шунинг учун «Андижон» тўғрисида тасаввурга эгаман. Бу ерда ҳамиша футболга эътибор юқори бўлиб келган. Чемпионатда ҳам етакчи клубларга жиддий қаршилик кўрсатишга қодир. Шунингдек, Андижонда болалар футболига бўлган эътибор ҳам юқори даражада. Масалан, Ўзбекистонда биринчи бўлиб ихтисослаштирилган футбол мактаб интернати айнан Андижонда барпо этилди. Бундан ташқари мен ажойиб жамоанинг ажойиб ишқибозлари борлигини ҳам яхши билардим. Табиийки. Қониқарсиз натижалар мухлисларни қониқтирмаяпти. Бир сўз билан айтганда, «Андижон» чемпионатимизда ўз анаънасига эга бўлган жамоа саналади. Охирги ўринларни эгаллаб юрадиган клублар қаторига кирмайди. Қолаверса, ўзининг бой тарихига ҳам эга. Умуман, шулар ҳам уларнинг таклифини қабул қилишимга туртки бўлди.

 

- Бунгача Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида Аҳмаджон Мусаевга ёрдам бериб келаётгандингиз. Шу боис «Андижон»дан тушган таклиф устида узоқ ўйладингизми ёки тезда розилик бердингизми?

 

- Бунгача яъни, «Андижон»дан таклиф тушгунига қадар ишсиз эмасдим, ростдан! Аввал Алексей Евстафеевга ёрдам бердим. Биз ёшлар терма жамоаси билан саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўта олдик. 22 ёшлилар ўртасидаги қитъа чемпионати 2014 йили бўлиб ўтади.  Кейин эса Аҳмаджон Мусаев билан бирга фаолият олиб бораётгандим. Бу жамоа ноябрда БААда ўтадиган Осиё чемпионатига қизғин равишда тайёргарлик кўрмоқда. Бу жамоа сафида Аббос Махситалиев, Тимур Ҳакимов сингари кўплаб иқтидорли ўйинчилар бор. Мен бу жамоада иккинчи мураббий сифатида ишлаётгандим. Бу орада эса  менга «Андижон» клубидан қўнғироқ қилишиб бош мураббийликка ишга таклиф қилишди. Шу сабабли Андижонга жамоа раҳбарлари билан гаплашгани келгандим. Вилоят ҳокими билан учрашганимда Аҳмаджон Тугиловични яна бир бор футболни яхши тушунишига ва уни қаттиқ севишига амин бўлдим. Умуман, раҳбарлар билан гаплашганимизда биринчи вазифа сифатида клубни олий лигада олиб қолиш зарурлиги муҳокама қилинди. Бундан ташқари келаси йили юқори мақсадлар қўйилишини ва имкон бўлса Осиё майдонларида иштирок этвучи йўлланмалардан бирини қўлга киритиш вазифаси борлиги айтилди. Лекин бундай мақсадга бир йилда эришиш қийин эканлигини ва бунинг учун камида 2-3 йил керак бўлишини тушунтирдим. Нега деганда, бундай жиддий мақсад учун таркибда кучли футболчилар бўлиши ва юқори маҳоратли легионерларни жалб қилиш зарур. Тайёргарлик ҳам шунга яраша бўлиши шарт. Умуман айтганда, бирданига бундай натижаларга эришиб бўлмайди. Бунинг учун астойдил эринмасдан ишлаш керак. Ана ўшанда босқичма-босқич яхши натижаларга эришса бўлади. Барибир мен «Андижон»га улкан мақсадлар билан келганман. Қўлимдан келганича бу ерда яхши жамоани шакллантиришга ҳаракат қиламан.

 

- Азамат Биродарович, ёшлар терма жамоаси билан бутунлай хайрлашдингизми?

 

- Ҳозир «Андижон» қийин вазиятга тушиб қолган. Тезроқ жамоани бундай ҳолатдан олиб чиқиш керак. Боз устига иккинчи давра бошланган ва таркибга янги ўйинчиларни қўша олмаймиз. Шу сабабдан ҳозирги таркиб билан қийин вазиятдан чиқишимиз лозим. Бунинг учун эса жамоа ўйинини ҳамда футболчиларнинг ҳарактерини кучайтиришимиз керак. Ҳаммаси эса ўйинчиларга боғлиқ. Агар уларда рақибни ютишга тўла ишончи бўлса, «Пахтакор»ни ҳам, «Бунёдкор»ни ҳам мағлуб этса бўлади. Олдимиздаги вазифа осон эмаслиги сабабли мен бор эътиборимни фақат «Андижон»га қаратишга қарор қилдим. Чунки клуб билан терма жамоада ишлашнинг фарқи бор. Мисол учун терма жамоада ойда бир-икки марта йиғин бўлса, клубда доимо бирга бўлишинг керак. Шунинг учун ҳам «Андижон»га бор эътиборимни қаратдим.

 

- Жамоани қийин вазиятга тушиб қолганлигини ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз. Имкони қадар тезроқ юқорига кўтарилиши устивор вазифалардан бирига айланган. Умуман, «Андижон»нинг бу борадаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

 

- Тўғри, биз учун қийин бўлади. Боз устига мен қандай жамоани қабул қилиб олганимни жуда яхши тушуниб турибман. Бундан ташқари ёшлар терма жамоаси билан «Андижон»даги ишимни бир-бирига солиштириб бўлмайди. Иккаласининг ўртасида катта фарқ бор. Аммо шуни ўз ўрнида айтишим керакки, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновга миннатдорлик билдираман. У киши билан учрашганимда менинг «Андижон» клубини бошқаришимга қаршилик қилмади. Аксинча менга янги жамоамда омад ва муваффақият тилади. Албатта мен клубга ёрдам бериш учун келганман ва шу мақсадда ишга киришдим. Ҳаммамиз ҳамжиҳатликда, бир оёқадан бош чиқариб ишласак олдимизга қўйилган вазифани бажара оламиз деб ўйлайман.

 

- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беришини аниқлаб олгандирсиз?

 

- Шу ўринда бир нарсани айтишим керакки, «Андижон»га келиб революция қилиш ниятим йўқ. Бу ерга келишимдан олдин бош мураббий, дарвозабонлар мураббийи ва жамоа бошлиғи истеъфога чиқарилган экан. Маҳаллий мураббийлардан Виталий Легай ўз ишини давом эттиряпти. Дарвозабонлар мураббийлигига тажрибали Вячеслав Томилинни таклиф этдик. Мен уни жуда яхши биламан. Ўз пайтида бирга ўйнаганмиз. Тажрибали дарвозабон бўлган. Барибир яна битта мутахассисни мураббийлар штабига жалб қилишимиз ҳам мумкин. Аммо бу ҳозирча аниқ эмас. Жамоа бошлиғи вазифаси маҳаллий футболни яхши тушунадиган мутахассис тайинланади. Тўғри, мен сеҳргар мураббий эмасман. Лекин боя айтиб ўтганимидек, барчамиз ҳамжиҳатликда ишласак тезроқ пастки ўринларни тарк этиб юқорига кўтариламиз.

 


- Айтингчи, бунгача Александр Аверьянов бошчилигидаги «Андижон»нинг ўйинларини кузатганмидингиз?

 

- Ҳа, Аверяьянов бошчилигидаги жамоанинг ўйинларини кўрганман. Тошкентда «Пахтакор»га қарши ўйинини, яқинда «Бунёдкор» билан беллашувини ҳам кўрдим. Етакчи жамоаларга қарши андижонликлар ёмон ўйин кўрсатишмади. Айниқса, «Бунёдкор» билан бўлиб ўтган учрашувда яхши таассурот қолдирдилар. Биринчи даврада «Андижон»да Владимир Шишелов бор эди. У ўзининг тажрибаси билан ажралиб турарди. Шунингдек, клубда ёш иқтидорли футболчилар кўплигини ҳам айтиб ўтишим жоиз. Мен Александр Аверьяновни клубда қандай иш олиб борганини муҳокама қилмоқчи эмасман. Биламанки, у яхши савиядаги мутахассис ҳисобланади. Бу мураббий Андижонда қўлидан келган барча ишни қилди. Албатта, жамоани охирги ўринга тушиб қолишига мураббий жавобгар бўлади. Бу нарса ҳар қандай мураббийнинг бошига тушади. Масалан, мен «Динамо»да фаолият олиб борганимда, у ерда ёмон жамоани шакллантирмаганман. Бироқ мағлубиятларга учраганимиздан кейин ҳамма айб менга тушган ва натижада «Динамо»дан кетишимга тўғри келганди. Ҳозирги пайтда муваффақиятсиз ўйинларни тезроқ унутиб футболчилар ўзларини кўрсатишлари муҳим.

 

- Александр Аверьянов бош мураббийлигида «Андижон» ҳимояга асосланган ҳолда ўйин кўрсатди. Олдинлари эса ҳужумкор футбол кўрсатарди. Сиз эса қандай футболни ётқирасиз?

 

- Яна қайтараман, Аверьяновнинг ишини муҳокама қилмайман ва андижонликлар унақа ёки бунақа ўйнади деб айтмайман. Ҳар бир мураббийнинг ўз тактик, услублари бўлади. Ҳужумкор ёки ҳимояга асосланиб ўйин кўрсатиш рақибга қараб белгиланади. Албатта, ҳамма ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишни хоҳлайди. Лекин пайти келганда ҳимояда ҳам ишончли ўйин кўрсатишни билиш керак.

 

- «Андижон»га келиб бирични машғулотингизни ўтказдингиз ва футболчилар билан яқиндан танишдингиз. Дастлабки таассуротларингиз нималардан иборат?

 

- Биринчи машғулотимиз яхши ўтди. Футбочиларнинг ўз устида ишлашлари ва уларнинг иштиёқлари менга ёқди. Тўғри, «Шўртан»га йирик ҳисобда мағлубиятга учралганидан кейин бу футболчиларга руҳий томондан таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Аммо жамоада Лочин Солиев, Мўйдин Мамазулумов, Иброҳим Отахоновга ўхшаган бир қатор маҳоратли ўйинчилар бор. Мен «Андижон»даги ишимни энди бошладим. Шу сабабли барибир футболчилар билан бир-биримизни яхши тушуниб олиш учун вақт керак. Қолаверса, улар сен талаб қилаётган нарсаларни бажаришларини тушуниши учун ҳам вақт зарур. Биринчи кундан бошлаб улардан кўп нарсани талаб қилиш қийин.

 

- Мухлислар янги мураббийдан яхши натижаларни кутишяпти. Улар жамоани тезроқ юқорига кўтарилишини хоҳлашмоқда. Сиз уларга нима дея оласиз?

 

- Янги мураббийдан дарҳол натижа кутиш нотўғри. Буни тўғри тушуниш ва тўғри қабул қилиш керак. Жамоа ёмон ўйин кўрсатмаяпти. «Андижон»ни тинмай қўллаб-қувватлаб турадиган ажойиб мухлислари бор. Лекин натижа кўнгилдагидек эмас. Демак, бунда биргина мураббийни эмас, балки бутун жамоанинг айби бор. Энди биз олдимизда турган ўйинларга ҳам қарашимиз керак. Масалан, биз «Машъал», «Динамо», «Бухоро» каби клубларнинг меҳмони бўламиз. Булар ўз уйида очко беришни хоҳлашмайди. Негаки, турнир жадвалида яқин бораётганимиз учун улар айни пайтда бизнинг асосий рақобатчиларимиз ҳисобланишади. Ўз майдонимизда эса «Пахтакор», «Насаф» сингари етакчи жамоаларни қабул қиламиз. Табиийки, бу учрашувлар осон ўтмайди. Чунки улар чемпионлик учун жиддий кураш олиб боришмоқда. Ҳаммаси фақат ўзимизга боғлиқ. Бунинг учун майдонга фақат ғалаба илинжида тушиш, футболчилар тўп учун охиригача курашишлари талаб этилади. Тўғри, айни пайтда сафимизда Владимир Шишелов ёки Месси, Роналду каби футболчилар йўқ. Лекин жамоавий ўйин бўлса натижа яхши томонга ўзгаради. Агарда яхши ўйинлар кўрсатиб ғалабалар қозона олсак, ўз-ўзидан юқори ўринларга кўтарила оламиз.

 

- «Андижон» сизнинг мураббийлик фаолиятингизда иккинчи жамоангизга айланди. Бунгача 2009 ҳамда 2010 йилги мавсумларда «Динамо»да ишлагансиз. Айтингчи, ўша пайтдан бери мураббий Абдураимов қай даражада ўзгарди?

 

- «Динамо»дан кетганимдан кейин жамоада ишлаб йўл қўйган хатоларимни ўрганиб чиқдим ва таҳлил қилдим. Камчиликларимни кўрдим, уларни бартараф этиш устида ишладим. Ҳар қандай мураббий ўқиб, изланса йилдан-йилга малакасини ошириб бораверади. Менда ҳам малака янада ошди. Бор билим ва тажрибам билан «Андижон»га ёрдам бериш ҳақида ўйлаяпман. Умид қиламанки, биз чемпионатни яхши ҳолатда якунлай оламиз.

 

- «Андижон»да ўйнаётган Ислом Аҳмедовни яхши биласиз. «Динамо»да бу футболчи сизнинг қўли остингизда тўп сурганди. Бу ерга келиб унда қандай ўзгаришларни сездингиз?

 

- Ислом яхши йигит ва яхши футболчи. Самарқандда ўтказган фаолияти давомида менда илиқ таассурот қолдирганди. Лекин ўша пайтда унинг «Динамо»дан кетишини хоҳламагандим. Аммо оилавий сабаблар туфайли у ўз хоҳиши билан кетишини айтган. 2-3 йил давомида Ислом Аҳмедовнинг маҳорати ошганлиги сезилиб турибди. Чунки у ўз устида ишлайдиган йигит. Энди бу футболчи билан «Андижон»да яна бирга ишлаш имконияти туғилди. Умуман олганда, Андижондан яхши савиядаги футболчилар етишиб чиққан. Бунга Баҳтиёр Ҳамидуллаевни мисол қилишим мумкин. У яхши савиядаги футболчи бўлган. Узоқ йиллар давомида тўпурарлигини намойиш эта олган. «Андижон»да ҳам кўп йил тўп суриб меҳнати синган. Бунга ўхшаган футболчилар яна етишиб чиқишига тилакдошман.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 15:08, 02.09.2012.
Ўқилди: 5304 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.