Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Маркус Рэшфорд: Ўзлигидан ўзган иқтидор

Баҳо:
+ | -

Ниҳоят, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган Маркус Рэшфорд ҳужумчи эканлигини эслаб қолди ва Эрик тен Хагга янги «МЮ»ни шакллантиришда ёрдам бериш учун енг шимариб ишга киришди.

2020 йилда у белидан жароҳат олиб, ярим йилга сафдан чиқди, унинг асоратида юзага келган оғриқлар спорт формасини буткул барбод қилди. Тўғри, Сульшер даврида ҳужумчи мунтазам равишда майдонга тушди. Лекин аввалги кескинлик ва тезкорликни кўрсата олмади. Энг асосийси - Маркус ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўйди. Унинг Евро-2020 финалидаги голга айланмаган пенальти нечоғлик азоб эканлигини фақат Маркус билади. Кейинги мавсумда Рэшфорд атиги 7 (5+2) балл билан кифояланди ва Рангникнинг захира ўриндиғи «қўриқчиси»га айланди.

Издан чиққан фаолиятни тиклаш учун бор-йўғи битта ёз фасли ва нидерландиялик мураббий етарли бўлди. Мавсумдаги 36 учрашувда Маркус жамоага 24та гол ва 8та ассистни тақдим этди. Голларнинг 10тасини АПЛдаги 10та ўйинда урди. Умуман, «МЮ» тўпурарининг ЖЧ-2022дан кейинги кўрсаткичи ҳайратланарли: 17та ўйинда 21 (16}5) балл! Айни паллада, Рэшфорд - дунёдаги энг сермаҳсул снайпер: янги йилда у топ-чемпионатлар ва ички мусобақаларда барча касбдошларидан олдинда бормоқда - 13та гол. Холанд­да 5, Осимхенда 9, Бен-Йеддерда 8, Мбаппеда 7та гол бор.

«Рэшфорд дунёдаги энг яхши ҳужумчилардан бири эканлиги аниқ. Бунга илк учрашувдаёқ амин бўлдим. У билан ишлаётганимдан мамнунман. Биз янада ёрқинроқ натижаларга эриша оламиз, унинг очилмаган қирралари етарли», - деди мураббий «Лидс»га қарши беллашув (2:0) якунида. Бу ўйинда ҳам Маркус жамоани оғир вазиятдан олиб чиқди: 80-дақиқада Люк Шоу узатмасини боши билан дарвозага жойлаб, ҳисобни очди. Хен Хагнинг эътирофи Маркусга аталган мақтовларнинг дебочаси, холос.

Ҳозирча Рэшфорд ўзининг 2019|2020 йиллардаги савиясига кўтарила олгани йўқ. Лекин унга кун сайин яқинлашмоқда. Ундаги услубий ва руҳий ўзгаришлар чинакам машинага айланишига олиб келди.

Роналдудан кейин «МЮ» жонланди, Рэшфорд бутунлай очилди

Криштиану жамоа учун заҳарли ва худбин ўйинчи бўлиб қолганди. У туфайли тизим ишдан чиққанди: Сульшер ва Рангник португалиялик афсона манфаати учун Рэшфордни ноқулай ўнг қанотга суриб қўйишди. қўшимчасига, спорт формасини тиклашга улгурмаган Маркус фойдасиз ўйинчи бўлиб қолди. буни тезда англаган Эрик тен Хаг Роналдуни захирага олди. Бундан ранжиган асабийлашди ва можароли интервьюдан кейин жамоани тарк этди. Шундан кейин Рэшфорд севимли чап қанотига қайтди ва кенг ваколатга эга бўлди.

Энди «қизил иблислар»да Роналдуни тўп билан таъминлаш мажбурияти йўқ, Маркус чизиқлар бўйлаб доимий изланишда. Боз устига, Бруну Фернандеш ва Кристиан Эриксеннинг узатмаларини қабул қилишга шай туради. Шунингдек, орқа чизиқда Шоу билан самарали ҳаракатларни йўлга қўйди.

Ўтган мавсумда Роналду тўпнинг қанотга узатилганини кўриши билан жарима майдончасига югурар ва узатмани кутарди. Англиялик ҳужумчи эса доимий равишда комбинацион ўйинда фаол. Бу ҳаракатлари сермаҳсулликка халал бермаяпти.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мураббий барча шогирдларига бирдек талабчан - «Вулверхемптон»га қарши баҳсга (1:0) ўз вақтида етиб келмаган Маркусга тен Хаг захира ўриндиғини кўрсатди, кейин ҳужумчи захирадан майдонга тушди ва гол урди.

«Ҳа, қоидамиз шунақа. Бунақа хатолар бўлиб туради, деб ўйлайман. Албатта, кеч қолиб, бошланғич таркибда майдонга туша олмадим. Ухлаб қолибман. Лекин ғалаба қозонганимиздан мамнунман», - деди ҳужумчи ўйиндан кейин.

Бош билан ўйнашдаги ижобий ўзгариш

Балки бу Рэшфорд фаолиятидаги парвознинг энг қизиқарли жиҳатидир. Ҳар ҳолда, статистик маълумотларга кўра, айнан шундай:

7 голнинг 3таси - тугалланмаган жорий мавсумга тегишли. Маркус ҳужумкор қуролларига бош билан гол уришни ҳам қўшиб қўйди. Кўпчилик бу ўзгаришни яқинда «МЮ» мураббийлар штабидан жой олган «Аякс», «Порту» ва «Блэкберн» жамоаларида тўп сурган собиқ ҳужумчи Бенни Маккартига боғламоқда. Маккарти машғулотларда ҳужумни якунлашга жиддий эътибор қаратади. Жумладан, бош билан зарба йўллашга ҳам. Манфаатли сабоқ учун устозига миннатдорчилик изҳор этди: «Штабда ҳужумкор гуруҳ билан шуғулланадиган мутахассиснинг борлиги жамоага катта манфаат келтиради. Бенни Маккарти шахсан менга жуда кўп нарсаларни ўргатди».

Янги иш услуби Рэшфорднинг жарима майдончасидаги самарадорлигини оширди. Ҳозир у 2019|2020 йиллар мавсумидагидан ҳам фойдалироқ тўп сурмоқда.

Маркус саломатлигини тиклади ва хавфли тўпурарга айланди

Бугунги Рэшфорднинг услуби дриблинг сони ва сифатига боғлиқ эмас: алдаб ўтиш маҳорати ҳозир иккинчи даражали қурол, асосийси, тезкорлик. Авваллари Маркусга соғлигидаги муаммолар имкон бермаганди. Белидаги жароҳатдан фориғ бўлишга улгурмаган ҳужумчининг тез орада елкасида ҳам муаммо пайдо бўлди. Шу боис, Маркус анчагача оғриқ билан тўп сурди, Евро-2020да қатнашиш учун ҳатто жарроҳлик муолажасидан воз кечди.

2021 йилнинг ёзида Рэшфорд жарроҳлик муолажасини олди, параллел равишда тўпиғини ҳам даволатди. Бироқ спорт формасини тиклаш даври «МЮ»нинг инқирозига тўғри келди. Натижада у мураббий ва Англия терма жамоаси ишончини йўқотди. Маркус буни қуйидагича изоҳлади:

«Бу мен учун ҳам, бошқалар учун ҳам янги старт бўлди. Ҳозир аъло спорт формасидаман, ўзимни кучли ҳис этяпман. Танаффус ва ҳордиқдан фойдаланиб, саломатлигимни тиклаб олдим, 2019 йилдан бери илк марта мавсумолди тайёргарлик жараёнида иштирок этдим. Мавсум стартига 6 ҳафта тайёргарлик кўрдим. Мен жуда бахтиёрман. Очиғи, авваллари ҳозиргидек ёрқин ўйин кўрсатганимни, завқ олганимни эслай олмайман. Мен гўё тамоман ўзгача услубда ўйнайдиган жамоага келиб қолгандекман. Бундан кейин ҳам завқу,шавқ билан тўп суришда давом этаман», - деганди Маркус ноябрь ойида Лига Кубоги доирасидаги «Астон Вилла» устидан эришилган ғалабадан кейин.

Сўнгги воқеалардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Маркус Рэшфорд тобора шиддатни оширмоқда ва тўхташни хаёлига ҳам келтирмаяпти.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:30, 28.02.2023.
Ўқилди: 2056 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.