Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

«Тўпчилар»нинг тенгсиз топилмаси

Баҳо:
+ | -

«Арсенал»нинг жорий мавсумдаги ғолибона юриши беихтиёр 2004 йилда якунига етган мавсумни эслатади.

Ана шу ижобий ўхшашликнинг асосий сабабчиларидан бири, «Атлетико»дан келганидан бери тобора очилиб бораётган ганалик таянч ярим ҳимоячиси Томас Парти.

«Парти тенги йўқ ўйинчи. У жисмонан жуда бақувват ва рақиб ҳужумларини ишончли тарзда тўхтатади. Томас - мен билан ўйнаган энг яхши ярим ҳимоячилардан бири», - деганди Киран Триппьер ганалик касбдоши Лондонга келганида.

Ўша паллада Томасни жароҳатлар қийнаб қўйган, 2020 йилнинг ноябридан 2022 йил августига қадар у 38та учрашувни ўтказиб юборганди. Аммо ҳозир яхши спорт формасини тиклаб, ишончли ўйин кўрсатмоқда. қуйидаги ҳикоя Партининг «тўпчилар»даги ўрни ва муваффақиятга қўшаётган улуши ҳақида.

Тўпни эгаллаган пайтида «Арсенал» эластик схемани қўллайди. Майдон марказида барқорор учлик шаклланган: Парти ҳужум пайтида тўпни сақлаб қолиш ва олдинга етказиб бериш учун масъул. Жака чап қанотда босимни ошириб, жарима майдончаси томон рейдлар уюштиради, Эдегор майдон кенглиги бўйича бўшлиқ топиш билан машғул.

Томас ҳимоя ва ҳужум чизиқлари ўртасидаги боғловчилик ролини аъло даражада уддалаяпти. Ўйин амалиёти ва узатмалар сони бўйича яқин кўрсаткични қайд этаётган Жоржиньо ва Фабиньоларга таққослаганда, Томас узатмани чизиқлар оралиғида, аниқроқ ва тезроқ амалга оширади. Бундан ташқари, турли финтлар ёрдамида тўпни ҳар хил услубда олиб юради. Узатмаларининг атиги 50 фоизида у осонроқ ва оддий вариантларни танлаган.

Агар «тўпчилар» таянч ярим ҳимоячиси босимни оширадиган усулни танласа, узатмаларининг 52 фоизида хавфли вазиятлар юзага келган. «Тоттенхэм»га қарши ўйин бунга мисол бўла олади. Парти босим остида - энг осон вариант тўпни Габриэлга узатиш эди. Бироқ Томас энди очилаётган Эдегорни пайқади ва тўпни тўхтатмасдан унга узатди.

«Партининг энг асосий вазифаси - ҳужумга ўтишда тўғри мувозанатни ва керакли ҳаракатчанликни таъминлаш», - деганди Артета 2021 йил сентябрида «Бёрнли» устидан эришилган ғалабадан кейин. Лекин тўпни қабул қилиш учун аввало, бўшлиқда очилиш керак. Бу борада Партида камчилик йўқ. У жамоанинг 5 узатмасидан биттасини қабул қилишга доимо шай, агар ҳужум ўз ярим майдонидан бошланса, 4 узатманинг биттасига қулай вазият яратади. «Атлетико»дан келганида, янги жамоа услубига мослашиш Парти учун ҳал қилувчи масала бўлганди. Жорий мавсум у ҳужумкор услубда тўпни топларга хос маҳорат билан олиб юришини тасдиқлади. Уни топларга қиёслашганди, энди у топлардан ҳам олдинда.

Тўпсиз ҳаракатланишда ҳам Томас эътиборни тортмайдиган, лекин ўта муҳим вазифаларни адо этади. Прессинг чоғида жамоадошини страховка қилади, марказий ҳимоячилар билан ишончли ўйнайди. Агар рақиб босимдан чиқиб кетса, тўп билан эркинликка эришади. Шу сабабли, таянч ярим ҳимоячиси ва ҳимоячилар улкан ҳудудни қўриқлашларига тўғри келади.

Қаҳрамонимизнинг таянч ҳудудидаги яна бир муҳим жиҳати - вазиятга жуда тез баҳо бериш ва қарорга келиш. Шу фазилати эвазига у рақибнинг тўсатдан уюштирган рейдларини тўхтатиш ва жамоадошларининг хатоларини тўғрилашга улгуради. «МЮ»га қарши баҳсда «Арсенал» юқори прессингни қўллади. Де Хеа тўпни Шоуга узатганда, Уайт ҳимоячи томон юрди. Эриксен қанотга силжиб, чап қанот ҳимоячисига ёрдамга ошиқди. Бироқ Парти ўз ҳудудини вақтинча тарк этди ва даниялик рақибига тўпни эгаллаб олиш имконини бермади.

Томас мунтазам равишда ортга чекиниб, олдинга ўтиб кетган ҳимоячилар ўрнини тўлдириб туради. Чунки у ҳушёрлиги эвазига рақибнинг қарши ҳужумларини олдиндан ҳис этади ва қарши чораларни кўради. «Тоттенхэм»га қарши охирги дерби баҳси Томаснинг тўпсиз фойдали ҳаракатларига мисол бўла олади. Бу ҳаракатларни бир неча тоифага бўлиш мумкин:

• Қанотни қўриқлаш. Ўйиннинг илк дақиқаларида Уайт олдинга ўтиб кетгани боис, тўпни эгаллаш учун ортга қайтди. Парти бу лаҳзада марказда эди. У жарима майдончаси томон интилиб, Сессеньонга яқинлашди ва унинг узатмасини бартараф этди.

• Ҳимоя марказини қўриқлаш. Юқоридан йўлланган тўп учун Габриэль курашга киришганда, Томас унинг позициясига ўтиб, ҳимоянинг яхлитлигини таъминлади.

• Марказдаги узилишларда қўриқлаш. 28-дақиқада Габриэль Кулушевскини тўхтатиш учун қанотга оталаганида, Парти унинг ўрнини эгаллади. Айнан шу ҳудуддан Сон ҳужумга ўтиши мумкин эди. Томас уни бартараф этди.

• Прессинг пайтида қўриқлаш. Ноодатий вазият - Салиба прессингга ёрдам беришга кетиб, рақиб жарима майдончаси яқинида Сонни зарарсизлантирди. Парти эса зудлик билан унинг ҳудудига ўтди, «Тоттенхэм» французнинг йўқлигидан фойдалана олмади.

• Таянч ҳудудидаги бузғунчилик. 2-бўлимда Уайт ўнг қанотдан олдинга ўтди ва тўп билан келаётган рақибга ташланди. Унинг ёнида бўш қолган Сонни эса Томас тўхтатди. Жуда кўп вазиятларда у тўпга тегинмаган бўлсада, зукколиги эвазига ишончли ҳимояни таъминлади.

«Томас ўтиш фазаларида аъло даражада ҳаракатланди!» - Микель Артетанинг 2021 йил сентябридаги эътирофи яна бир марта тасдиқланди. Авваллари бунақа мақтовни фақат онда,сонда эшитардик. Ҳозир барқарорликка эришган Парти ҳар бир учрашувда мақташга арзийдиган ўйин кўрсатмоқда. У том маънода «Арсенал»нинг тенгсиз жавоҳирига айланди.

Парти Жаканинг янги ролга мослашишига ҳам ёрдам берди. «У олис йўлни босиб ўтди ва мақсадимизни тушунадиган бўлди. Унинг тиришқоқлиги ва жамоадошлари билан ҳамжиҳатлиги тобора ортиб бормоқда», - деганди мураббий ўтган мавсум якунида.

Дарҳақиқат, сўнгги ойлар ичида Томас юксак спорт формасига эришди. Усиз «тўпчилар» бунчалик самарали ва ишончли ўйинни кўрсата олмасдилар. Партининг ёнида Жака ҳам чинакамига «очилди». Жорий мавсумда Гранит кўпроқ вақтини рақиб ярим майдонида, жарима майдончаси ичида ўтказмоқда. Мазкур ижобий ўзгаришлар Томаснинг барқарорлиги билан боғлиқ. У Жаканинг ҳудудини ишончли тарзда қўриқлаб, тўп йўқотилган паллада тезроқ эгаллаб олиш ва майдоннинг иккинчи ярмига етказишни таъминлайди. Томаснинг талабга жавоб бермайдиган жиҳати йўқ, юқорида зикр этилган позицияларда у лиганинг энг сара ўйинчиларидан бири. Партининг ўрнини тўлдиришнинг ҳозирча, иложи йўқ. «Арсенал»нинг таянч ҳудудида у каби рангба,ранг сифатли ўйинчи йўқ. Эль,Ненни тўпсиз ҳаракатланганда кўпроқ манфаат келтиради ва узатмаларни Парти ҳажмида амалга ошира олмайди. Локонгага эса барқарорлик етишмайди, барча позицияларда ўртамиёна ўйин кўрсатади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, «Арсенал»нинг август ойида «МЮ»дан қабул қилган АПЛдаги ягона мағлубиятида жароҳатдан кейин муолажа олаётган Томас Партининг йўқлиги сезилиб қолганди. Артета унинг ўрнини тўлдиришга уриниб кўрган бўлсада, бунга тўлиқ эриша олмади. «Парти ўйин шиддатини яхши ҳис этади, жисмоний тайёргарлиги аъло даражада, ностандарт ҳаракатларни қойилмақом қилиб уддалайди. У майдонда бўлса, биз доимо ҳукмронлик қилишга қодирмиз», - деганди мураббий.

Тенгсиз - ҳозирги «Арсенал» учун Томас Парти айнан шу мартабага лойиқ. Сака, Эдегор ёки Зинченко балки ёрқинроқ ўйнаётгандир. Лекин нима бўлганда ҳам, агар «тўпчилар» 19 йиллик танаффусдан кейин яна шоҳсупага кўтарилсалар, Партининг улуши уларникидан кам бўлмайди.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:43, 06.03.2023.
Ўқилди: 1767 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.