Ла Лига Европанинг энг зўр вингерлари билан мақтанаяпти, бу ажойиб дриблинг маҳоратига эга, биз уларни мунтазам равишда лига ўйинларида кўрамиз. Ла лиганинг энг кучли дриблинг устаси номини тахмин қилиш мумкин. Аммо кучли 5ликда сиз танимаган номлар ҳам мавжуд.
5. Ферран Торрес ("Барселона") – ҳар бир ўйинда 2,6 дриблинг.
Ха, кучли 5ликда "Барселона" футболчисини кўриш ажабланарли эмас. Аммо Дембеле ва Рафинья сингари кучли дрибблинг соҳиблари орасида, Ферран улардан кўра кўпроқ дриблинг ишлатган бўлиб чиқмоқда. Гол уришни белмайдиган дея таърифланаётган футболчи бу мавсум кам вақт майдонда ҳаракат қилган бўлса-да ушбу рўйхатда пешқадамлар қаторидан жой олмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири испаниялик вингер "Кадис"га қарши ўйинда 12 бор дриблинг ишлатган ва унинг 10таси муваффақиятли чиққан. Мессининг энг гуллаган давридаги ўйинини Ферран бир марта ҳеч бўлмаса дриблингида кўрсата олибди.
4. Ян Коуто ("Жирона") – ҳар бир ўйинда 2,6 дриблинг.
"Жирона"да қандайдир иқтидорли футболчи кўрсангиз, билингки у "Манчестер Сити"га алоқадор футболчи бўлади. У ёки "Сити" умидларни оқлай олмай кетган, ёки ўзини кўрсатиши ва ўйин амалиёти учун ижарага берилган бўлиб чиқади. Одатда ижара манзили ҳам аниқ - "Жирона". Икки клубнинг ҳамкорлиги туфайли Ян Коуто "Жирона"да ўйнамоқда ва у асли "Ман Сити"га тегишли футболчи. Коуто 2002 йил Бразилияда туғилган. Унинг асл позицияси марказий ярим ҳимоячи. Бундан келиб чиқсак, Пеп истайдиган ярим ҳимоячи "Жирона"да етилиб келмоқда. Кузатамиз, балки Коуто кейинги мавсумдан "шаҳарликлар" таркибида пайдо бўлар.
3. Адриан Эмбарба ("Алмерия") - ҳар бир ўйинда 2,9 дриблинг.
Ушбу рўйхатдаги қария бу мавсумни яхши ўтказмоқда. 1992 йил Испанияда туғилган футболчи "Алмерия"да энг яхшилардан бири бўлиб келмоқда. Умуман олганда испанияликнинг ўйин вақти нисбатан камроқ ва бу унинг ҳаракатчанлиги билан боғлиқ дея баҳоланмоқда. Эмбарба 20 ўйиннинг 9тасида заҳирадан майдонга тушган. Унинг яна бир устунлиги калит узатмаларини ҳам кўп бор амалга оширади. Аммо жамоада супер голеадор йўқлиги сабабли ҳам унинг статистикаси ва фойдали иш коэффициенти паст кўрилади.
2. Самуэль Чуквуэзе ("Вильярреал") – ҳар бир ўйинга 3,1 дриблинг.
Ушбу футболчи ҳамон "сариқ субмарина" таркибида эканлиги ажабланарли. Иқтидорли ва ёш футболчини ҳалигача ҳеч бир гранд жамоа ўз сафига қўшиб олишга шошилгани йўқ. 1999 йилда туғилган нигериялик футболчи нафақат дриблинг сони кўплигида, балки муваффақиятлилигида ҳам иккинчи поғонада бормоқда. Мавсум давомида 3 гол ва 5 ассистни ўз ҳисобига ёзишга улгурган Самунинг трансфер нархи 21 миллион еврога баҳоланмоқда.
1. Винисиус Жуниор (“Реал Мадрид”) – ҳар бир ўйинда 3,2 дриблинг.
Албатта бу йўналишда Винисиусдан бошқа футболчи етакчилик қилиши қийин. Бразилиялик нафақат Ла лигада балки Европадаги энг яхши вингерлардан бири ҳисобланади. Менимча, у аниқлик устида яна ҳам ишласа, жамоага Мбаппе керак бўлмайди.