Ёдингизда бўлса, Корея интернет сайтларидан бири Корея терма жамоаси Ўзбекистонни мағлуб этса, ФИФА рейтингида кучли 20ликка кириб, Осиёнинг биринчи рақамли жамоасига айланиб олиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.
Ўйин эса дуранг билан хотима топди. Ана энди биз Ўзбекистон терма жамоасининг октябрь ойида эълон қилинажак рейтингини тахмин қилиб кўрамиз. Бунда бизга ФИФА расмий сайтининг рейтинг бўлими ёрдамга келади.
Терма жамоамиз 7 сентябрь куни Кувайтни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, кеча Ж.Корея билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу ҳисобларни тегишли бўлимга киритсак, бизга қуйидаги натижаларни ҳисоблаб берди:
Ўзбекистон - Кувайт - 3:0. Бериладиган балл - 371.95
Ўзбекистон - Ж.Корея - 2:2. Бериладиган балл - 258.
Ушбу очколар терма жамоамиз ҳисобига қўшилади ва ўртача балл ҳисобланганда, Ўзбекистоннинг баллари 470дан 479га кўпаяди. Ўзбекистон бу натижа билан тахминан 5-6 ўрин юқорига кўтарилади (сентябрь ойи рейтингида 70-ўринни эгаллаб турганимиздан хабарингиз бор).
Дарвоқе, Корея терма жамоаси ушбу дурангдан кейин ўз очколари сонини 7тага оширди ва энди уларда 776 очко бор. Австралиянинг мағлубиятидан кейин Япония Осиёнинг биринчи рақамли жамоасига айланса, Корея қитъада 2-ўринга кўтарилади.