Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Акмал Холматов: «Кучим етгунича ўйнайман»

Баҳо:
+ | -

"Нефтчи" (Фарғона)даги ёрқин ўйинлари билан мухлис ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлган Акмал Холматовнинг айни пайтда "Локомотив"да тўп сураётганидан хабарингиз бор. Миллий чемпионатимизнинг 20-турида "темирйўлчилар" "Металлург"ни қабул қилиб, йирик — 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Мезбонларнинг 2-голига айнан Холматов муаллифлик қилди ва Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клуби аъзосига айланди. Бошқача ифода этсак, унинг голлари сони 100тага етди. Мамлакатимизда фаолият юритаётганидан буён тажрибали ярим ҳимоячининг миллий чемпионатимизда 73, Ўзбекистон кубоги баҳсларида 20та ва Осиё кубокларида (ОЧЛ ва ОФК кубоги) 7 марта зафар қучгани дарҳақиқат, эътиборга лойиқ. Шуни назарда тутиб, фахрий клубнинг янги аъзосини суҳбатга чорладик.

— Акмал, аввало, мамлакатимиздаги фаолиятингиз давомида 100-голингизни урганингиз билан табриклаймиз.
— Раҳмат. Бу ишни амалга оширганим ва номим ўзбек футболи тарихида қолаётганидан хурсандман. Қолаверса, бу билан Ўзбекистон чемпионатининг жорий мавсумида голларим ҳисобини очдим. Кейинги баҳсларда ҳам мураббийлар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан, албатта.

— "Металлург"га қарши ўйин ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз.
— Гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, учрашув қийин кечди. Бекобод клубида ўйин уйғунлиги кучли. Яъни футболчилари ўзаро яхши тушунган ҳолда тўп суришади. Қолаверса, ҳисобни ҳам улар очишди. Жамоамиз жорий мавсумда 4-поғонани эгаллаш учун кураш олиб бормоқда ва очко йўқотишимизга ҳаққимиз йўқ эди. Буни ҳис қилган ҳолда майдонда ўзгача иштиёқ билан тўп суриб, якунда рақиблар дарвозасига 5та гол уришга муваффақ бўлдик.

— Миллий чемпионатимизга 2 йиллик танаффусдан кейин қайтдингиз. Қандай ўзгаришларни сездингиз?
— Авваллари "Бунёдкор" ва "Пахтакор" клублари бошқалардан бир бош устун эдилар. Энди кўряпманки, қолган клублар ҳам савия бобида ривожланибди. Бир сўз билан айтганда, ўсиш бор. Миллий чемпионат савияси кўтарилганининг терма жамоага ҳам фойдаси бор. Бунга 11 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги ўйин мисол. Ўша куни баҳсни бевосита стадионда кузатиб, терма жамоангизга мухлислик қилдим. Гарчи таркибда Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов ва Шавкат Муллажонов сингари етакчи футболчилар йўқ бўлишса-да, мезбонлар Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши жуда яхши ўйин намойиш этишди. Хусусан, миллий чемпионат вакиллари ҳам чакки кўринишмади.

— Эроннинг "Пас" клубида тўп сурдингиз. Жамоангизнинг сиз ўйнаган пайтдаги натижалари борасида нима дея оласиз?
— Жамоа таркибига қўшилганимда, "Пас" олий лигада ўйнарди. Афсуски, ўша йили клубимиз омадсизликка учраб, қуйи лигага тушиб кетди. Биринчи лигада эса, жорий мавсумда 4-ўринни эгалладик.

— Сизнингча, "Пас"нинг муваффақиятсиз иштирокига нима сабаб бўлди?
— Биз — футболчилар сабабчимиз. Зеро, яхши ўйин намойиш этолмадик.

— Эрон чемпионати ҳақида маълумот берсангиз...
— Олий лигада 18та жамоа ўйнайди. Сўнгги икки ўринни банд этган клуб қуйи лигага равона бўлади. Биринчи лигада эса 26та, яъни 2та гуруҳда 13тадан жамоа қатнашади. Ўз гуруҳларида ғолибликни қўлга киритган клублар элитага тўғридан-тўғри йўл оладилар.

— У ерда асосан қайси мамлакатдан ташриф буюрган хорижлик футболчилар тўп суришади?
— Бразилия, Сербия ва арманистонлик легионерлар кўпроқ. Клубимизда ҳам ушбу мамлакатлардан биттадан вакил бор эди. Арманистонлик жамоадошим ўз миллий терма жамоасига номзод саналарди.

— Чемпионатда легионерлар чеклови қандай?
— Ҳар бир жамоа 5 нафар хорижликни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Аммо майдонда бир вақтнинг ўзида 3 нафарининг тўп суришига рухсат берилади, холос. Бундан ташқари, қоидага кўра, легионернинг ўрнига айнан хорижлик футболчи майдонга тушиши шарт. Мен борган вақтда "Пас"ни маҳаллий мутахассис бошқарарди. Кейинчалик жамоа бошқа­рувини хорватиялик мураббий ўз қўлига олди.

— Жамоада нечта гол урдингиз?
— Бор-йўғи 2та. Кези келганида таъкидлашим жоизки, "Пас"да "Нефтчи"да бўлгани каби стандарт вазиятларни мен амалга оширмадим. Чунки бунга салоҳияти юқорироқ жамоадошларим кўп эди. Менимча, шу боис голларим сони кўпаймади. Лекин бемалол айтишим мумкин, Эрон чемпионатида ўз тажрибамни оширишга муваффақ бўлдим.

— Умуман, Эрон ва Ўзбекистон миллий чемпионатларини солиштира оласизми?
— Индивидуал жиҳатдан форслар кучли. Чемпионлик учун 5-6та клуб кураш олиб боради. Бундан ташқари, баҳслар натижасини олдиндан башорат қилиш қийин. Чунончи, пешқадам клубнинг аутсайдердан мағлубиятга учраши ҳеч гап эмас. Ўзбекистонда эса футболчилар техник жиҳатдан кучлилар.

— Хориждаги фаолиятингизни тамомлаганингиздан кейин нима учун ўзингизга қадрдон бўлган "Пахтакор" ёки "Нефтчи" эмас, "Локомотив" таркибига қўшилдингиз?
— Бу ҳолат кўпчиликни ажаблантириши мумкин. "Пас"га озод агент сифатида ўтгандим. Бундан ташқари, собиқ жамоаларим ўз эътиборларини кўпроқ ёш футболчиларга қаратишяпти. Балки шунинг учун мени таклиф этишмагандир? "Пас" билан тузилган шартномам якунига етганидан сўнг менга айнан "Локо"дан чорлов бўлди. Асосийси, жамоада мени яхши кутиб олишди. Ҳозирги клубдошларимнинг кўпчилиги билан вақтида бир-биримизга қарши тўп сурганмиз, айримлари билан бирга ўйнаганмиз. Қисқаси, уларни яхши биламан. Умуман, биргаликда олдимизга қўйилган вазифани уддалашимизга ишонаман. Айтмоқчиманки, ҳозирги таркибимиз бунга қодир.

— Собиқ жамоаларингизнинг тақдирига бефарқ бўлмасангиз керак? "Нефтчи" ва "Пахтакор" клубларининг жорий мавсумдаги ўйинлари борасида нима дея оласиз?
— "Пахтакор"нинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги ўйинларини кузатиб, унга мухлислик қилдим. Афсуски, жамоа ушбу турнирда муваффақиятсизликка учраб, гуруҳ баҳсларидаёқ курашдан чиқиб кетди. Менимча, "Пахтакор"га бироз омад етишмади. Собиқ клубларимнинг миллий чемпионатдаги иштироклари борасида гапиришим эса бироз ноқулай. Чунки ҳозирда "Локо" аъзосиман. Қолаверса, четда туриб баҳо бериш ножоиз.

— Эътиборлиси, "Локомотив"да қисқа вақт ичида асосий таркибдан жой олдингиз. Демак, жисмоний ҳолатингиз чакки эмас...
— 36 ёшга тўлган бўлсам-да, ҳали ҳам ўз устимда кўп ишлайман. Ахир футболчи айнан машғулотларда "пишади".

— Яна неча йил футбол ўйнамоқчисиз?
— Соғлигим кўтаргунича, кучим етгунча (кулади). Ҳарқалай, ҳозирча фаолиятимни якунлаш хусусида ўйламаяпман.

— Биламизки, футбол сир-асрорларини Тожикистонда ўргангансиз...
— Футболчи бўлишимда акаларим Иброҳим ва Фарҳоднинг ҳиссалари катта. Улар болаликларидан Душанбе шаҳридаги БЎСМ футбол тўгарагига қатнашарди. Мен ҳам эргашиб, 7 ёшимдан миллионлар ўйини билан шуғуллана бошладим. Тақдир тақозоси билан акаларим кейинчалик бошқа касб этагини тутишди.

— Юртимизга келишингиз қай тарзда содир бўлган?
— Ўзбекистонга келишимга фарғоналик тадбиркор Алижон ака сабабчи. "Нефтчи" устози Юрий Саркисян билан айнан у таништирганди. Юрий Вазгенович эса мени синаб кўриб, ўз жамоасига қабул қилган. Ўзингизга маълум, фаолятимнинг энг ёрқин дамлари "Нефтчи" билан боғлиқ. Фарғоналиклар таркибида 11 мавсум тўп суриб, мамлакат чемпиони бўлдим, Ўзбекистон кубоги соҳибига айландим. Қисқаси, айнан "Нефтчи"да Акмал Холматов бўлиб танилдим. Бунда айниқса, жамоа устози Юрий Вазгеновичнинг хизматлари беқиёс. Фурсатдан фойдаланиб, унга яна бир марта ўз миннатдорчилигимни билдираман.

— Кейин эса "Пахтакор" таркибига қўшилдингиз...
— Шунчаки, муҳитни ўзгартиришни лозим топгандим. Айтганча, пойтахтликлардан таклиф тушганида, аввало, Юрий Саркисяннинг розилигини олганман.

— Аммо "Пахтакор"да жароҳат туфайли ўзингизни кўрсатолмадингиз. Бундан афсусланмайсизми?
— Йўқ. Инсон тақдирида борини кўради. Ўтган ишга салавот...

— Одатда "Нефтчи"ни тарк этган футболчиларнинг бошқа клубларда унчалик ўйинлари қовушмайди. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
— Гапингизга қўшилмайман. Чунки нафақат "Нефтчи", балки бошқа клуб футболчилари ҳам ўз жамоаларини алмаштиришса, бирданига яхши ўйин намойиш этолмайдилар. Бунга мисоллар талайгина. Бошқа томондан, янги жамоага мослашиш ҳар қандай футболчидан вақт талаб қилади.

— Вақтида Тожикистон терма жамоасида тўп сургангиз. Негадир сўнгги пайтларда миллий жамоага жалб этилмаяпсиз...
— Айни пайтда Ўзбекистон фуқаросиман. Шу боисми, мени чақиришмаяпти.

— Футболда кўп нарсага эришдингиз. Айтингчи, нимани кўзлагансизу, унга етолмагансиз?
— Кўп маротаба ОЧЛ турнирида иштирок этган бўлсак-да, унда ғолиб бўлолмадик. Қолаверса, Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси мақомини қўлга киритолмаганим ҳам армон.

— Имкони бўлганида, футболда нимани ўзгартирардингиз?
— Ҳеч нарсани. Шунчаки, футбол жароҳатлардан холи ўйин бўлишини истардим. Бироқ бунинг иложи йўқ.

— Мухлисларга тилакларингиз...
— Севимли жамоаларининг ғалабаларидан завқ олаверсинлар. Худо хоҳласа, Ўзбекистон терма жамоаси бу сафар ЖЧга чиқади. Ўзбек футболи фанатларига шуни тилайман.

Маълумот учун
Акмал Холматов
Туғилган санаси ва манзили: 1976 йил 4 апрель, Тожикистон (Душанбе шаҳри)
Футбол билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган
Биринчи мураббийи: Валерий Урунов
Душанбедаги БЎСМни тамомлаган
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари:"Регар-Тадаз" (Турсунзода, Тожикистон) — 1992-1994 йилнинг 1-давраси; "Қайрат" (Олма-Ота, Қозоғистон) — 1994 йилнинг 2-давраси; "Нефтчи" (Фарғона) — 1996 — 2007; "Пахтакор" (Тошкент) — 2008-2010 йилнинг 1-давраси; "Пас" (Эрон) — 2010 йилнинг 2-давраси — 2012 йилнинг 1-давраси. 2012 йилнинг 2-даврасидан "Локомотив"да
Оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси

Геннадий Краcницкий номидаги тўпурарлар клуби аъзолари

Акмал Холматов фахрий клубга 30-аъзо сифатида кирди. Яъни унгача 29 нафар футболчи 100лик довонини забт этганди. Айтганча, Акмал мазкур клубдаги ягона легионер ҳисобланади (тўғри, у ҳозирда Ўзбекистон фуқароси). Табиийки, юксак маррадан ўтган аксарият футболчилар ҳужум чизиғи вакилларидир. Холматов эса Миржалол Қосимов ва Сервер Жепаров каби асосан ярим ҳимоячи сифатида тўп сурган ҳолда 100тадан кўп гол урган футболчилардан бири.

100лик клубининг барча аъзолари
Анвар Бердиев
Зафар Холмуродов
Шуҳрат Мирхолдиршоев
Жаъфар Ирисметов
Равшан Бозоров
Анвар Солиев
Бахтиёр Ҳамидуллаев
Ойбек Усмонхўжаев
Умид Исоқов
Рустам Дўрмонов
Фарид Хабибулин
Нўъмон Ҳасанов
Мухтор Қурбонов
Олег Шацких
Сервер Жепаров
Шуҳрат Раҳмонқулов
Неъматулло Қутибоев
Зайниддин Тожиев
Шуҳрат Мақсудов
Миржалол Қосимов
Леонид Кошелев
Вали Келдиев
Сергей Ни
Александр Гейнрих
Собир Ходиев
Дилшод Ўрмонов
Илҳом Мўминжонов
Азамат Абдураимов
Марсель Идиатулин
Акмал Холматов

Умид АЛИ суҳбатлашди

Манба: www.lokomotiv.uz
Киритилди: 20:30, 26.09.2012.
Ўқилди: 5421 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.