Қизиқ, дарвозабонни ҳисобга олмаганда, қайси амплуа вакиллари захира ўриндиғида кўпроқ қолиб кетишяпти замонавий футболда?
Таҳлилларга қараганда, Европанинг кучли 5та лигаси қаторида Италия «А» серияси захирачиларга нисбатан шафқатсизроқ. Ҳар ҳолда, Италия чемпионатида мураббийлар захира вакилларига мурожаат қилиш масаласида анчайин эҳтиёткорлар. Амплуалар бўйича айтсак, ҳимоячилар захирада кўпроқ қолиб кетишади одатда. Захира ўриндиғида энг кўп ўйин ўтказган 15 нафар футболчи (дарвозабонлар қўшилмаган, албатта) рўйхатида бирор ҳужумчи йўқлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.
Футбол статистикаси билан шуғулланувчи fbref сайтида ўта қизиқарли маълумотлар жуда кўп. Жумладан, ўйинлар давомида фойдаланилмаган захира футболчиларига боғлиқ кўрсаткичлар ҳам бор. Тан олайлик, футбол статистикасининг бу томони кўпчилик учун янги қирра, албатта. Ҳарқалай, фойдаланилмаган захира кучи ҳақида илк марта катта таҳлилий мақола берилмоқда. Аввало, айтиш керак, fbref сайти бу борада 2014/2015 йиллар мавсумидан эътиборан ўйинлар қайдномасига кирган, аммо майдонга тушмаган футболчилар кўрсаткичларини ҳисоблаб чиқди. Шунга асосан тузилган «10 нафар содиқ захирачи» рейтингида пешқадамлик роли «А» сериянинг нақ 177та ўйинини бошидан охирига қадар ўриндиқда кузатган Андреа Раноккияга насиб этди. 2-ўриндаги Даниэле Руганида бундай ўйинлар сони анча кам - 148та. Шу жойда яна бир муҳим эслатма, рейтингга фақат майдон футболчилари киритилган, яъни дарвозабонлар кўрсаткичлари ҳисобга олинмаган. Акс ҳолда, кучли 10талик захира киперларидан ортмасди.
*** Ўтган йилнинг кузида бутсаларини михга илган Андреа Раноккия ҳали-вари пешқадамликни бой бермаса керак. «Монца» сафига қўшилганидан кўп ўтмай, футболдан кетишга қарор қилган италиялик ҳимоячи захирадаги ўйинларини асосан «Интер»да тўплаганини алоҳида айтиш жоиз.
*** Тўғри, Даниэле Руганининг истиқболи жуда катта. Биринчидан, Раноккиянинг ватандоши эндигина 28 ёшга тўлди. Иккинчидан, «Ювентус» билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Қисқаси, Даниэле агар иш жойини ўзгартирмаса, Раноккиядан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас.
*** Захира ўриндиғида энг кўп ўйин ўтказган 10 нафар футболчи рейтинги тўлиқ ҳимоя вакилларидан шаклланди. Топ-15таликка қарасак, бегона амплуалардан фақат бир футболчи бор - ярим ҳимоячи Коке.
*** Рейтингда марказий ҳимоячиларнинг мавқеи жуда баланд. Дейлик, кучли учликда фақат марказ вакилларини кўриш мумкин - Андреа Раноккия, Даниэле Ругани ва Жуан Жезус. Ҳаммаси мантиқан тўғри, мураббийлар марказий ҳимояда эксперимент қилишга мойил эмаслар. Улар бу нуқтада тажрибадан ўтган жуфтликка таянишади кўпинча.
*** Диққат, захирада энг кўп ўйин ўтказган 15 нафар футболчидан 10 нафари (!) «А» серияга бегона эмас. Оддий айтганда, топ-15дан жой олган Мартин Келли, Кевин Лонг, Фил Бардсли, Коке ва Хавьер Манкильогина Италия чемпионатида ўйнашмаган. «А» серия кўрсаткичларидан ортиқча ҳайратланишга ҳожат йўқ. Гап шундаки, Италияда захира ўриндиғи нисбатан «узун»: маҳаллий федерация ўйин қайдномасини доимий равишда кенгайтириб бормоқда. Дейлик, охирги 5 йилда захирада ўтирадиган футболчилар сони 9 нафардан 15 нафарга кўпайди. Бунда клублар ўриндиққа 2 нафар дарвозабон ва 13 нафар (бутун таркибдан ҳам ортади) майдон ўйинчисини жойлаштириши мумкин.
*** Агар «А» серия вакилларини қўшмасдан рейтинг тузилса, яна бир қизиқарли рўйхат юзага келади. Бунисида ҳам ҳимоячилар яққол устунлар, албатта. Хулоса шуки, футболда энг дахлсиз позиция - бу ҳимоя (дарвоза чизиғидан ташқари, албатта).
*** Мураббийларнинг ўйинлар давомида ҳужумкор футболчиларни тез-тез алмаштиришлари сабаби ўз-ўзидан тушунарли. Лекин захирада энг кўп қолиб кетган 15 нафар футболчи орасида испаниялик ярим ҳимоячи Хуан Мата ҳам бор. У жами 88та ўйинни ўриндиқда кузатган.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади