Тошкентда бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида ярим финалнинг кечки дастуридан ўрин олган жанглар бошланди.
51 кг. вазндаги вакилимиз Ҳасанбой Дўсматов финал йўлланмаси учун испаниялик Мартин Молинага қарши рингга кўтарилди. Ҳамюртимиз рақибга нисбатан бўй ва қўлларининг узунлиги жиҳатдан устунликка эга бўлмаса-да, у дастлабки икки раундда тактик жиҳатдан тўғри жанг қилиб, амалда тўқнашув тақдирини ҳал қилиб қўйди.
Ҳасанбой учинчи раундда таваккал қилиб олдинга ташланган европалик рақибига имкон бермасликка интилди ва буни уддалади. Баҳолар — 5:0.
Дўсматов фаолияти давомида иккинчи марта ЖЧ финалига чиқди. У Гамбург-2017 турнир финалида кубалик Хоанис Архилагосга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Бу сафар у чемпионлик учун франциялик Беннама Билолга қарши рингга кўтарилади.
Шу тариқа, жаҳон чемпионатида финалга чиққан боксчиларимиз сони тўрттага етди.