Маурисио Почеттино "Челси"нинг доимий мураббийи бўлишга яқин турибди. Аммо айтиш керакки, собиқ "Тоттенхэм" устози Лондоннинг кўк томони билан ҳар доим келишавермаган. Аргентиналик мутахассис "шпорлар" билан 2014 йилнинг майидан, 2019 йилнинг ноябрига қадар бирга бўлиб, бу вақт давомида "Челси"нинг турли хил мураббийлари билан курашиб кўрган эди. Почеттино бир вақтлар "Арсенал"ни бошқаришдан кўра, ўз томорқасида ишлашни маъқул кўришини айтади. Шунингдек, у "Эспаньол"га устозлик қилганидан кейин "Барселона"да ҳеч қачон ишламаслигини билдирган. Бироқ, "Челси" борасида бундай дея олмаймиз. Биз қуйида Почеттино томонидан "Тоттенхэм" мураббийи сифатида айтилган "аристократлар" ҳақидаги фикрларни йиғдик.
Сунъий "Челси"
Почеттино 2017 йилда АПЛни "Челси"га бой бергач, шундай дейди: "Биласизми, "Тоттенхэм" "Челси" каби сунъий барпо бўлган жамоа эмас. Улар фантастик жамоа тузишга бир дунё пул ажратишади. Бизда эса вазият бошқачароқ. "Тоттенхэм" ақлли, прогрессив ва табиий йўл билан ривожланади. Бу жамоа дунёда танҳо".
Катта рақобат
"Бизнинг мухлислар жамоадан ҳар мавсумда кўпроқ нарсани кутиши, биз учун яхши сигналдир. Негаки, ўзингиздан кучли жамоалар билан рақобат, сизни ўсишингизга ёрдам беради. Биз учун "Челси", "Арсенал" ва "Вест Хэм" энг катта рақобатчилар саналади. Аммо ҳозир бу ҳолат бироз ўзгарган. Негаки, бизнинг жадвалдаги ўрнимиз олдингидан яхшироқдир. Сўнгги йилларда "Челси" доимо жадвал юқорисида бормоқда. "Арсенал" эса 20 йилдан бери илк бор биздан пастда қолди".
Ўзаро рақобат ҳақида
"Ҳаммамиз шу ерда, кураш учун келганмиз. "Челси" каби катта жамоаларга қарши ўйнаш осон иш эмас. Негаки, улар совринлар учун курашади. Майдондаги таранглик футболда нормал ҳолат саналади. "Челси"нинг ғалаба учун курашаётгани, бизнинг улар олдидаги мавқейимизни кўрсатиб беради.
Стив Холланд ҳақида
Почеттино ўз китобида "Челси" ёрдамчи мураббийи Холланд ҳақида шундай ёзади: "Ҳозир "Челси"да терма жамоаларда ҳам фаолият юритган кучли мутахассис мавжуд. У жамоада янги стандартлар ўрнатади. Шахсан мен унинг жамоага бўлган таъсирини юқори баҳолаган бўлардим".
Кристиан Пулишич ҳақида
"Челси" каби жамоалар битта трансфер учун катта пул сарфлаб, сотиб олинган футболчини ижарага юборади. Сизнингча, "Тоттенхэм"нинг қўлидан шундай иш келадими? Албатта, йўқ! Аммо сўнгги йилларда "Тоттенхэм" ҳам шундай қудратли жамоалар билан тенгма-тенг кураша бошлади. Шу сабаб, бу жамоа ажралиб туради. Айнан мана шу сабабли ҳамма биз билан курашиб, мағлуб этишни хоҳламоқда".
ИСМАТОВ Ж.