Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Акмал Шораҳмедов: «Мағлубиятдан ҳеч ким ҳимояланмаган»

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони «Бунёдкор» жорий мавсумда ўз унвонини сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, «қалдирғочлар»да Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш ҳамда Осиё Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш имконияти мавжуд. Жамоа ютуқларида маҳоратли ҳимоячи Акмал Шораҳмедовнинг муносиб ҳиссаси бор. Уни бемалол мавсумнинг ёрқин кашфиётлари қаторида эътироф этсак бўлади. Акмал билан 23-тур доирасидаги баҳс арафасида бафуржа суҳбатлашдик.

- Акмал, 22-турда «Бунёдкор» «Локомотив»дан мағлубиятга учради. Натижада «Пахтакор»нинг имконияти бироз ошди ва чемпионлик курашида «интрига» кучайди. «Темирйўлчилар»дан учралган мағлубиятни қандай изоҳлайсиз?
- Ўзингизга маълум, «Локомотив» билан баҳс олдидан, яъни 3 октябрь куни ОЧЛ чорак финал жавоб ўйини доирасида Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клубига қарши қийин учрашувда майдонга тушгандик. «Яшил қитъа» вакиллари билан ўйин 120 дақиқа давом этди. Худога шукр, якунда омад бизга кулиб боқди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритдик. «Локомотив» билан баҳснинг биринчи бўлимидан сўнг 1:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Аммо иккинчи 45 дақиқаликда чарчоқ ўз таъсирини кўрсатди, чоғи. Оқибатда имкониятни бой бердик. Лекин бундан фожиа ясаш ноўрин.

- Жорий мавсумгача «Бунёдкор» чемпионлик унвонини ҳал этмагунча ютқазмаганди. Бу йил эса ҳозиргача 3 марта мағлубиятга учради...
- Бунга рақибларимизнинг бизга қарши кечадиган баҳсларга ўзгача тайёргарлик кўришлари сабаб бўляпти. Ҳеч қайси клуб мағлубиятдан ҳимояланмаган. Шундай экан, бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Қолаверса, олий лигамизда иштирок этаётган бошқа клублар ҳам анча кучайишган. «Пахтакор» ва «Насаф»дан ташқари, «Шўртан», «Локомотив» ҳамда «Нефтчи» клублари бизга муносиб қаршилик кўрсатиш-япти.

- Асосийси, жамоангизда ўзи қатнашаётган барча турнирларда ғолиб чиқиш имконияти бор...
- Клубимизнинг олдига ҳар бир турнирда максимал натижага эришиш вазифаси қўйилган. Футболда олдиндан башорат қилиш қийин. Чемпионлик кураши йўлидаги асосий рақобатчиларимиз «Пахтакор» ва «Насаф»нинг кейинги учрашувларда очко йўқотишлари эҳтимолдан холи эмас. Кези келганида шуни таъкидлаш жоизки, жамоамиз айни пайтда бирданига 3та турнир - миллий чемпионат, Ўзбекистон кубоги ва ОЧЛда иштирок этяпти. Бундан ташқари, айрим футболчиларимиз миллий терма жамоага номзод саналишади. Шу сабабли футболчиларда толиқиш юзага келди ва ўйинларни барқарор ўтказиш қийинлашмоқда. Масаланинг шу жиҳатларини ҳам инобатга олиш лозим. Лекин чемпионлик унвонини сақлаб қолиш учун охиригача кураш олиб борамиз. Ахир айтишадику, чемпион бўлиш осон эмас, лекин унвонни сақлаб қолиш ундан ҳам қийин.
ОЧЛдаги иштирокимизга тўхталсам, очиғини айтиш керак, клубимизнинг гуруҳ босқичида Шарқий Осиё жамоаларига рақиб бўлиши маълум бўлгач, кўпчилик бизга ишонқирамай қараганди. Мамлакатимиз клублари ичида фақат биз «ўлим гуруҳи»дан жой олгандик. Ахир «Аделаида Юнайтед» (Австралия), «Гамба Осака» (Япония) ва «Поханг Стилерс» (Жанубий Корея) клубларининг ҳар бири ўзига яраша обрўга эга. Шунга қарамай, гуруҳдан чиқиш масаласини ижобий ҳал этдик. Кейин 1|8 финалда Жанубий Кореянинг «Сеонгнам Ильва Чунма» (1:0), чорак финалда эса эски «таниш» - «Аделаида Юнайтед» (2:2, 3:2) клубларини доғда қолдириб, ярим финалга йўл олдик. Ушбу босқичдаги рақибимиз «Ульсан Хюндай» тўсиғидан ҳам Худо хоҳласа, ўтамиз. Финалга йўл олсак, ҳал қилувчи баҳс пойтахтимизда ўтказилади ва бунда жамоамизнинг ғолиб чиқиш имконияти ошади. Чунки маҳаллий мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга қўшимча куч бағишлайди. Бу йил ўзбек футболи ўзининг 100 ёшини нишонлаяпти. ОЧЛдаги зафаримиз бунга муносиб тўёна бўларди.
Ўзбекистон кубоги ярим финалининг дастлабки баҳсида «Пахтакор» билан дуранг қайд этдик - 1:1. Энди жавоб баҳсида зафар қучиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Айтганча, фаолиятим давомида ҳали кубок соҳиби бўлмаганман. Демак, бу йил илк марта биллур совринни бошим узра баланд кўтаришим мумкин.

- Жамоа муваффақиятининг сири нимада?
- Бош мураббийимиз Миржалол Қосимовнинг биз - футболчиларга ишонч руҳини сингдира олди. Миржалол ака обрў-эътиборли мураббий. Шу билан бирга яхши руҳшунос. У собиқ футболчи сифатида ҳам ўйинчиларнинг кўнглига йўл топишни билади. Шу билан бирга қаттиққўл ва талабчан. «Бунёдкор»да талабчан бўлмасликнинг иложи йўқ. Зеро, клубимиз обрўли. Ўртамиёна жамоага имкониятни бой берсак, бу шов-шувга айланади. Ҳар бир футболчи доимо босим остида. Чунки очко йўқотадиган бўлсак, бошқа жамоалар бундан самарали фойдаланиб қолишлари мумкин.

- «Бунёдкор»да рақобат кучли бўлишига қарамай, жамоанинг асосий таркибидан мунтазам жой олиб келяпсиз. Бунга ниманинг ҳисобига эришяпсиз?
- Тўғри, ҳар бир чизиқда рақобат кучли. Жумладан, мен тўп сурадиган ҳимояда Хайрулла Каримов, Анвар   Ғофуров, Славолюб Жоржевич, Артём Филипосян ва Саҳоб Жўраев сингари тажрибали ҳамда маҳоратли футболчилар бор. Шунга қарамай, иложи борича машғулотларда кўп тер тўкиб, мураббийлар ишончини оқлашга интиляпман.
Тажрибали футболчилар Виктор Карпенко ва Хайрулла Каримов менга доимо ўз маслаҳатларини бериб туришади. Қаерда қандай ҳаракат қилиш лозимлигини ётиғи билан тушунтиришади. Айниқса, Карпенко 35 ёшга тўлганига қарамай, ўз универсаллигини намойиш этиб, майдоннинг ҳар ерида доимо ҳозир-у нозир. Бундай футболчилар ёшларга ҳар томонлама ўрнак.

- Негадир жамоа легионерлари жорий мавсумда кутилган ўйинни намойиш этмадилар...
- «Бунёдкор»да ўйнашнинг ўзига яраша масъулияти бор. Шунинг учун таркибдан ўрин олган айрим футболчиларнинг ўйинлари унчалик қовушмаслиги мумкин. Легионерлар хусусида тўхталадиган бўлсам, мавсум арафасида яхши ниятлар билан таклиф этилган Эмиль Кенжисариев ва Дэвид Карни клубимизни тарк этишди. Бу футболчилар ёмон ўйнашди, деёлмайман. Масалан, Эмилни анчадан буён танийман. У ўз вақтида Қозоғистоннинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлган. Жамоамизда босимнинг кучлилиги Кенжисариевга салбий таъсир кўрсатди, менимча. У биз билан суҳбатларда олдин ўйнаган жамоаларида бундай босим бўлмаганлигини таъкидларди. Карни эса ОЧЛда жамоамизга кўп ёрдам берди. Аммо бошқа турнирлар доирасидаги учрашувларда кутилган ўйинни намойиш этолмади. Оқибатда сафимизни тарк этишга мажбур бўлди. Славолюб Жоржевич ўтган йили яхши ўйин кўрсатганди. Жорий мавсумда эса айрим баҳсларда қўпол хатоларга йўл қўйди. У энди кўпроқ захира ўриндиғидан жой оляпти. Ян Козак эса юқори савияли футболчи эканлигини исботлаяпти, менимча.

- Бу йил миллий жамоамиз ўйин-ларига жалб этиляпсиз. Бош жамоамиздан таклиф олишингизга клубингиз билан бирга термамизни ҳам бошқараётган Миржалол Қосимовнинг имкониятларингизни яхши билиши сабаб бўлса керак...
- Бу ҳам муҳим роль ўйнаган, албатта. Чунки ОЧЛда Кореянинг 2та клубига қарши майдонга тушдик ва корейсларнинг ўйинларидан яхши хабардорлигим Миржалол Қўшоқовичга маълум эди. Лекин «Андижон»да ўйнаётганимда, терма жамоамизни Вадим Абрамов бошқараётганида ҳам, йиғинга таклиф этилиб, Албанияга қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушгандим. Илк расмий ўйинимни эса ЖЧ-2014 саралаш баҳслари доирасида Жанубий Корея термаси билан ўтказдим. Бунгача ўртоқлик баҳсларида иштирок этгандим. Дебютим омадли чиқди. Ҳарқалай, кореяликлар билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этдик. Бунгача қувайтликларга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, йирик ҳисобда ғалаба қозондик - 3:0. Бу ютуқ бизга руҳий устунлик тақдим этди. Бундан ташқари, Қувайт термаси билан ўйинда мураббийларимиз ҳар бир футболчининг жисмоний ҳолати қандайлигини кўздан кечиришди, рақибга мос тактика танлашди. Бир сўз билан айтганда, қувайтликлар билан баҳс Жанубий Кореяга қарши ўйинга ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади. Аслида кореяликларни мағлубиятга учратишимиз ҳам мумкин эди. Аммо омад бироз юз ўгирди. Қитъамизнинг кучли термаларидан бири билан муроса йўлини танлаш ҳам яхши натижа, менимча.
Ўйиндан олдин устозимиз Миржалол Қўшоқович Жанубий Корея термасини 18 йилдан буён ютолмаётганимиз, бу сафар нохуш анъанага барҳам бериш лозимлигини таъкидлаганди. Қисқаси, майдонга ўзгача иштиёқда тушдик. Ўша ўйинда терма жамоамиз етакчилари Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов ҳамда Шавкат Муллажонов ўйнашмади. Улар сафда бўлишганида, балки бошқача натижа қайд этилармиди? Лекин терма жамоа 1-2 нафар футболчига боғланиб қолмаслиги керак. Уларнинг ўринларини босадиган бошқа ўйинчилар ҳам бор.

- Терма жамоамизнинг 2014 йилги мундиал йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Мана, Қатарда ғоят муҳим 3 очкони қўлга киритдик. Бироқ асосий рақобатчимиз дея қаралаётган Эрон термаси ҳам ғалаба қозонди. Энди гуруҳ пешқадамларидан 2 очко ортда қоляпмиз. Лекин биттагина ўйин барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. Агарда кейинги учрашувда Эронни мағлуб этишни уддаласак, имкониятларимиз анча ошарди. Ўйлайманки, Теҳронда ҳам худди Ж.Корея ва Қатарга қарши ўйинларда бўлгани каби бор куч билан ҳаракатланиб, мухлисларимизни яна қувонтирамиз.

- Шу ўринда футболни танлашингизда кимнинг турткиси катта роль ўйнаганига ҳам тўхталиб ўтсангиз...
- Болалигимда дадам қўлимдан етаклаб, «Пахтакор» футбол мактабига олиб борганлар. У ерда ака-ука Бахтиёр ва Дилшод Нуралиевдан футбол сирларини ўргандим. Фурсатдан фойдаланиб, айни пайтда Ўзбекистон ўсмирлар термасида фаолият юритаётган Дилшод акани Осиё чемпионатидаги зафар билан чин дилдан қутлайман. Илоҳим, устозимга ўзбек футболига шундай шукуҳли онларни тақдим этиш яна кўп марта насиб этсин. «Пахтакор» футбол мактабида таҳсил олган бўлсамда, ҳозирча ушбу клубда тўп сурмадим. Катта футболдаги фаолиятимни «Сўғдиёна»да бошладим. Кейин «Навбаҳор» ва «Андижон»да тўп сурдим. 2011 йилдан эса «Бунёдкор»даман.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 19:59, 25.10.2012.
Ўқилди: 4274 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.