"Манчестер Юнайтед" ўз тарихида кўп бор собиқ футболчиларини қайта сотиб олган. Аммо бу юришларнинг ҳаммаси ҳам режадагидек бўлавермади. Жонни Эванс ўша юлдузларнинг сўнггисидир. 35 ёшли ҳимоячи Эрик тен Хаг жамоаси билан қисқа муддатли шартнома тузган эди. Эванс "МЮ" тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўзининг биринчи даврида асосий таркиб футболчиси бўлган ва майдонга 200 дан ортиқ баҳсларда туширилган. Ҳимоячи ўшанда клуб билан 6 та титул ютишга эришганди. Бу титуллар ичида АПЛ ва ЕЧЛ бор. Қуйида Эванс каби "қизил иблислар" сафига қайтган бир нечта футболчиларни билиб оласиз. Уларнинг кетма-кетлиги иккинчи даврининг муваффақиятига кўра белгиланди.
Том Хитон
Хитон ҳам худди Эванс сингари клуб тарбияланувчиси эди. У асосий жамоада бирорта баҳсда майдонга тушмай, 2010 йилда эркин агент сифатида клубдан кетади. Дарвозабон орада "Кардифф Сити", "Бристол Сити", "Бёрнли" ва "Астон Вилла"да фаолият юритди. Бирмингем клубини 2021 йилда тарк этган Хитонни "МЮ" олиб келади. Футболчи 2021 йилнинг декабрида ЕЧЛ доирасидаги "Янг Бойз"га қарши баҳсда дебют қилганди. 37 ёшли футболчи яқинда "Лион"га қарши ўтган ўртоқлик баҳсида ҳам асосий таркибда майдонга тушди.
Поль Погба
Погба 2010 йилда "МЮ" ёшлари билан Англия кубогига эга чиқади. Аммо у Фергюсон жамоасида 7 тагина баҳсда майдонга тушди. 2012 йилнинг ёзида Погба эркин агент сифатида манкунианликлар сафини тарк этишга мажбур бўлади. Франция терма жамоаси аъзоси "Ювентус"да порлаган эди. Буни кўрган "МЮ", уни 89 миллион фунт эвазига сотиб олади. Клуб тарихидаги энг қиммат трансфер ҳисобланган ярим ҳимоячи 2022 йилда иккинчи бор текинга қўйиб юборилган эди. Погба яна жонажон "Ювентус"ига қайтди.
Криштиану Роналду
Роналду "МЮ"даги биринчи даврида учта АПЛ ва ЕЧЛ бош совринини ютган эди. У 2009 йилда рекорд суммада "Реал"га трансфер қилинади. Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтди ва ҳужумчи яна Англияга қайтадиган бўлди. "Манчестер Сити" билан музокаралардан кейин, ҳаммаси ўзгариб кетди. Орага "МЮ" аралашиб, Роналдуни ўзиники қилди. Португалиялик қайтиш мавсумида фантастик даража кўрсатди ва мавсумни тўпурар сифатида якунлади. Гарчанд 24 та гол урган бўлса ҳам, унинг жамоаси тарихдаги энг паст натижани кўрсатганди. Ҳаммасини тўғирлаш учун олиб келинган Эрик тен Хаг эса ишни Криштиану Роналдуни йўқотишдан бошлайди. Афсонанинг клубдан кетиши чиройли бўлмади. Афсуски, бу – ҳақиқат.
Пол Скоулз
Скоулзнинг "МЮ"даги биринчи даври жуда ҳам шонли кечган. Жамоадан кетишидан олдин у 2011 йилги ЕЧЛ финалида "Барселона"ни таслим этишда катта ёрдам беради. Ярим ҳимоячи футболдан кетишини эълон қилганди. Аммо орадан етти ой ўтгач, унинг номи яна "МЮ" таркибида, бўлибам, "Манчестер Сити"га қарши ўйинда пайдо бўлди. Скоулз "қизил иблислар" сафида ўйнашни давом эттирди. Яна 41 та ўйиндан кейин, у кетди. Аммо бу кетиш 2013 йилда, йигирманчи АПЛ титули қўлга киритилгач рўй берди.
Марк Хьюз
"МЮ" академиясидан чиққан футболчи 1986 йилга қадар 121 та ўйинда 47 та голга муаллифлик қилади. Хьюз ўша йили ёзда, "Барселона"га йўл олганди. "Камп Ноу"да бирор ишни қойиллатмаган ҳужумчи 1988 йилда Сер Алекс Фергюсон томонидан яна "МЮ"га олиб келинади. Хьюз шундан кейин яна беш йил "қизил иблислар" билан бирга бўлди. Бу вақт давомида у 116 та голга муаллифлик қилиб, 2 та АПЛ, 2 та Англия кубоги, битта лига кубоги ва кубок эгалари кубогига эга чиқади. Хуллас, афсонавий ҳужумчи 90 йиллардаги "МЮ" рамзларидан бирига айлана олди.
ИСМАТОВ Ж.