Аслида Ўзбекистонда айни маҳалда футбол мавсуми ўз ниҳоясига етган пайт. Барча жамоалар танаффусга чиқиб кетган: дам олишяпти. Шу боис футбол оламида яқин икки-уч ҳафта мобайнида аслида сокинлик ҳукм суриши керак эди. Аммо, лекин, бироқ...
Ўтган ҳафтада Ўзбекистоннинг етакчи клубларидан бири – «Бунёдкор»да бир эмас, бирданига иккита воқеа чақмоқ каби «гумбурлади». Биринчиси – клуб раҳбари, «Бунёдкор»нинг биринчи вице-президенти, бош директори Баҳромжон Давлатов 4 декабрь куни ўз аризасига кўра – соғлиги ёмонлашиб қолганлигини асос қилиб келтириб – лавозимини ҳамда клубни тарк этди. Бу, албатта, клуб фаолиятида алоҳида ўрин тутадиган воқелик. Аммо биз ҳозир унга кўп ҳам тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. «Келажак ёшлар қўлида!» дейилади. Шунинг учун биз ўтган ҳафтада ўринга эга бўлган, «Бунёдкор» билан боғлиқ иккинчи воқеага – умидли, келажаги порлоқ саналган ёш футболчи – Алибобо Раҳматуллаев атрофидаги гап-сўзларга эътиборимизни қаратамиз. Бу масалани «Раҳматуллаев иши» деб юритсак ҳам бўлаверади. Зеро, бу иш энди алоҳида муҳокамага эга мавзуга айланиб улгурди.
6 декабрь куни «Пахтакор» ФК веб-сайти жамоа 21 ёшли ярим ҳимоячи Алибобо Раҳматуллаев билан уч йилга мўлжалланган шартнома имзоланганини ёзиб чиқди. «Қалдирғочлар» билан тузган шартномаси якунига етган футболчи эркин агент сифатида «шерлар» сафига келиб қўшилди», - деган сатрлар келтирилган ўша хабарда.
Алибобо 2012 йилда чин маънода ўзини кўрсата олди. Келажакда ундан яхши савиядаги ҳужумкор футболчи чиқишига умид қилса бўлишини исботлади. Миллий терма жамоамиз учун муносиб кадр етишиб бораётганини намойиш қилди. Лекин Олий лига клублари бунақанги истеъдодларни «кундуз куни чироқ ёқиб топишолмаётган» бир пайтда «Бунёдкор» клуби раҳбарлари қаёққа қарашаётган эди?! Наҳотки улар футболчи кадрлар масаласида оқилона сиёсат олиб боришолмаса?!
«Бунёдкор»да футболчилар сиёсати билан бир неча йиллардан буён клуб спорт директори Бахтиёр Бобоев шуғулланади. Бироқ клубда негадир талантли ёшлар билан ишлаш борасида клубнинг спорт бўғини кетма-кет тарзда панд бермоқда. «Бунёдкор» ФК яхши футбол академиясига эга бўлишига қарамасдан, жамоанинг асосий таркибига академиядан ҳали ҳеч ким тўлақонли аъзо сифатида келиб қўшилмади. Аммо бир пайтлар клубда бўлган иқтидорли ёшларни биз ҳозир «Бунёдкор»ни тарк этган ҳолатда учратяпмиз. «Қалдирғочлар» сафида 5 йил олдин (!) порлаган Дмитрий Кузин якунда асосий таркибда пайдо бўлмади. Ҳозир у қаердалигини кўпчилик ҳам билмайди. Темурхўжа Абдухолиқов ўз отаси билан бирга клубга келиб, спорт директордан унга тўланаётган пулни ошириш ҳамда асосий таркибга жалб қилиш вақти келганини талаб қилишганида, уларга очиқчасига «эшик қаёқда эканлиги» кўрсатилган. Натижада, Абдухолиқов ҳозирда бош рақобатчи жамоа бўлмиш «Пахтакор» таркибида бевосита «Бунёдкор»нинг ўзини киритаётган голлари билан жазоламоқда. Бўлиб ҳам, ҳозирда ўзбек футболида яхши ҳужумчилар танқис маҳал. Темурхўжанинг шундоққина бой берилгани шуниси билан ҳам икки, керак бўлса, уч ёки ундан ҳам ортиқ баробар аламли.
Ёки «Бунёдкор»нинг ўринбосарларидан асосий таркибга эмас, аксинча, «сендан яхши футболчи чиқмайди» деб, «Бунёдкор» мини-футбол жамоасига сургун қилинган Олег Зотеевни олайлик. Клубнинг спорт директори жавобгар бўғинининг навбатдаги «узоқни кўра билмаслиги» натижасида, Зотеевдек иқтидор йўқотилди. У «Олмалиқ»даги чиройли ўйинлари орқали аввал олимпия, эндиликда эса миллий терма жамоамизгача етиб келди. Бир вақтлар шундоқ қўйиб юборилган футболчини энди «Бунёдкор» катта маблағ эвазига ўзига қайтармоқчи. Олегни-ку «Олмалиқ»дан пул эвазига трансфер қилиш мумкиндир. Аммо Абдухолиқов энди ҳеч қандай маблағ эвазига ҳам «Бунёдкор»га қайтмаса керак.
...«Алибобо Раҳматуллаев иши». Бу воқеа юз бермасди, агар... Агар ёзда Алибобо клуб спорт директори олдига кирганда ҳамда Бахтиёр Бобоев ёш футболчи билан тушунтириш ишини керакли тарзда олиб борганида, Алибобо «Бунёдкор»дан кетишни хаёлига асло келтирмасди ҳам. У ҳам, одатдагидек, унинг маошини оширишлари сўраган. Лекин клуб спорт директори бунинг эвазига унинг қўлига бўм-бўш шартнома тутқазиб, имзо чекиб беришини талаб қилган. Шунда унинг устидан масхара қилинаётганига чидолмай, важоҳатда, Раҳматуллаев ёздаёқ «Пахтакор»дан тушган таклифга розилик бериб қўйган ва шартнома масаласи келишиб бўлинган. Фақат бу факт оммага энди ошкор қилинди, холос.
«Бунёдкор»да жорий йилнинг иккинчи ярми футболчиларнинг норозиликлари остида ўтди. Уларга клуб раҳбарияти ваъда қилинган пулларни бермаяпти дейилди. Мазкур ҳолат жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовга ўйинчилар билан ишлашда катта муаммолар туғдирди. Чемпионликнинг бой берилишида бу ҳам асосий омиллардан бири бўлди. Бу можаро қурбони ўлароқ клуб биринчи вице-президенти – бош директори Баҳромжон Давлатов ишдан кетди. Қосимовга ишлаш учун яна ҳам қулайроқ бўлиши учун, энди клубга яна битта «янги қон» керак бўлади. Қосимовга жамоани ёшартиришда ёрдам бера оладиган, ёш футболчилар кўнглига тил топа оладиган, бекордан-бекорга уларнинг йўқотилишига йўл қўймайдиган яхши савиядаги ва энг муҳими Қосимов билан ҳамфикр бўла оладиган янги спорт директори зарур. Жуда ҳам зарур.
Солижон