Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Илкай Гюндоган: «Сояда ўзимни қулайроқ сезаман»

Баҳо:
+ | -

Илкай Гюндоган - ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби. Яна қудратли «Манчестер Сити» сардори сифатида. Германиялик туркда футболга нисбатан ўзгача қарашлар мавжуд. Ҳар ҳолда, тажрибали ярим ҳимоячи янги мавсум олдидан Хосеп Гвардиоланинг механизм каби ишлаётган фантастик жамоасидан воз кечиб, Хави  тузаётган «Барселона»га ўтди. «Футболни чинакамига яхши кўраман, таъбир жоиз бўлса, тўп билан ухлаймай», - дейди Илкай. У «Сьюдад Депортива» матбуот марказида суҳбат учун белгиланган вақтдан 5 дақиқача олдин кўриниш берди. Гюндоган оҳиста, лекин аниқ гапиради, нутқининг равонлиги ўйин услубини эслатади. Туркиялик муҳожирлар оиласида туғилган Илкай энди Германия миллий жамоасини ҳам сардор ролида майдонга бошлаб тушяпти. Хўш, «Барселона» футболчисининг маданият, ҳаёт, етакчилик, мураббийлик ва замонавий футбол маркетингига нисбатан қарашлари қандай?

- Сизни ижтимоий интеграция рамзи сифатида кўрсатиш мумкинми?

- Турк миллатига мансуб германияликман ва болалигимдан уйғун маданият дунёқарашига содиқман. Ҳаётим давомида хилма-хил маданиятларга дуч келдим ва бу борада маълум тушунчам йўқ эмас. Бинобарин, 7 йил Англияда ўйнадим, яшадим. Мана, яна янги маданий тажрибага дуч келдим. Бу мени табиатан янада очиқроқ бўлиш, бошқалардан кўпроқ ўрганишга ундайди. Шу тариқа нафақат атрофдаги одамлар, балки ўзимни ҳам яхшироқ тушунаман. Масалан, Германияда туғилган ва фақат шу мамлакатда яшаган одамлар дунёқараши бошқача. Туркияда ҳам худди шундай. Демоқчиманки, умр бўйи ўз мамлакатларидан чиқмаган кишилар чет элликларга хос маданиятнинг айрим жиҳатларини тушунишда қийналадилар. Менимча, ҳаётда саёҳатнинг ўрни ҳам катта. Хусусан, турли маданиятлар билан танишиш нуқтаи назаридан. Асосийси, маданиятларни тушунсангиз, ҳақиқий ҳаёт ритмини билиб оласиз. Дейлик, ақлли бўлмаслигингиз мумкин, лекин дунё ҳамжамиятига бефарқ қарамайсиз.

- Шахсан сизда немис ва турк менталитетлари улуши қандай?

- Менталитетимда немислар табиати мужассам: ҳар куни қаттиқ шуғулланишга мойилман, изчиллик ва қатъий тартибга ҳам. Ҳамиша ўзимни энг яхши томондан кўрсатишга интиламан - муҳим ва катта ишларда ҳам, аҳамияти пастдек кўринадиган юмушларда ҳам. Яна энг кичик деталлар ва интизомга жиддий эътибор қаратаман.

- Қизиқ, қатъий тартиб ўзингизга ёқадими?

- Ҳа, кўпинча. Мана фаолия­тим давомида кўплаб турнирларда ғалаба нашидасини сурдим: АПЛ, Англия кубоги, ЧЛ... Қизиқ томони, зафар нуқтасида дам олиш ва завқланиш ўрнига дарҳол янги чақирув ҳақида ўйлайман. Бу - такомиллашиш талаби. Эҳтимол, келажакда муваффақиятлардан етарлича завқланмаганимдан афсусланарман, лекин ўзгармайман, барибир. Машғулотлар масаласида ҳам худди шундай. Одатда ҳар бир машғулот олдидан бироз асабийлашаман.

- Наҳотки? Шу ёшда-я...

- Ҳа, чунки машғулотларга худди расмий ўйиндек ёндашаман. Бордию, хатога йўл қўйсам, асабийлик даражаси ўз-ўзидан ошади. Қисқаси, ҳар бир узатмам тўғри чиқиши, барчаси мукаммал бўлиши керак. Ҳар бир машғулотдан кейин нимани тўғри бажарганим, қаерда хато қилганимни обдон ўйлайман.

- Сизда турк қонидан нима борлигини ҳам айта оласизми?

- Кучли туйғу, жўшқинлик. Шахсий ҳаётда оилам ва дўстларимга жуда эътиборлиман.

- Футболда ҳам серқиррасиз: «6-рақам», «8-рақам», «10-рақам», ҳаттоки, «9-рақам» позицияларида ўйнашингиз мумкин.

- Агар барчасини умумлаштирсак, футболчилар икки тои­фага бўлинишади: гол ва узатмалар билан ўйин боришини ўзгартирадиганлар ҳамда майдонда ўзгача нимадир кўрсатадиганлар. Оддий айтганда, иккинчи тоифа вакиллари жамоада ажралиб туришни исташади. Шунингдек, индивидуал даражада унча порламайдиган, майдонда кўринмайдиган футболчилар ҳам бор. Агар сиз жамоанинг барча аъзолари, ҳатто ажралиб турадиганлардан ҳам сўрасангиз, энг муҳим «фигура» сифатида айнан шу кўзга ташланмайдиган ижрочиларни тилга олишади. Зеро, улар ҳамма учун ишни осонлаштириш билан овора бўлишади бутун ўйин давомида. Бунга Бускетсни мисол келтириш мумкин.

- Қандай муҳитда ўзингизни қулайроқ ҳис қиласиз: эътбор марказидами ёки сояда?

- Менимча, сояда. Шуниси ички характеримга кўпроқ мос келади. Қолаверса, кучли эътиборга муҳтож эмасман. Қўлимдан нима келиши ва келмаслигини яхши биламан. Ажойиб ижрочига айланиш учун қандай йўл тутсангиз жамоага яхши бўлишини билишингиз шарт. Ўйлашимча, мустаҳкам ва мослашувчан футболчиман, ҳаттоки, бир маромда кечаётган ўйин давомида ҳам кескин ўзгаришим мумкин. Ҳар доим жамоа манфаати йўлида, албатта.

- Бу лидерлик белгисими?

- Ҳа, сокин етакчилик. Майдонда диққатни тортмасангиз ёки овозингиз чиқмаса, сизни етакчи сифатида кўришмайди. Мен учун эса етакчи - бу жамоа мароми, ўйин динамикасини ўзгартирадиган ижрочи. У баланд овозда бақириши шарт эмас. Ҳаётда тинмай гапирадиган одамлар бор, лекин уларни ҳеч ким тингламайди. Шунингдек, кам гапирадиганлар борки, уларнинг ҳар бир сўзлари инобатга олинади. Қисқаси, лидер атрофидагиларга таъсир кўрсата олиши шарт.

- Хўш, сизни тинглашяптими?

- Одатда энг муҳим жиҳат ҳақида гапираман, шунда ҳам барчасига тўлиқ ишонч ҳосил қилганимда.

- Замонавий футболда ўйинни маркетингдан ажратиш мумкинми?

- Сўнгги йиллар ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сони катта аҳамият касб этмоқда. Дейлик, ёмон ўйнашингиз мумкин, лекин кичик муваффақиятли ҳаракатингиз видеосини қўйсангиз, одамлар сизни мақташга тушишлари мумкин. Бу янги авлод вакиллари билан боғлиқ: улар шундай нарсаларни ёқтиришади. Битта чиройли кадр тайёрлайсиз ва одамлар оғизларини очишади... Лекин бу майдонда ҳеч ёрдам бермаслиги аниқ.

- Манчестерликлар келажакда буюк мураббийга айланишингизни тахмин қилишмоқда.

- Такаббурликни ёқтирмайман, лекин мураббийликка потенциалим бор, менимча. Қолаверса, фаолиятим давомида омадим ҳам кулди: энг кучли мураббийлар билан ишладим. Гвардиола билан 7 йил, Клопп билан 4 йил, Тухель билан 1 йил - бу бесамар кетмаслиги керак. Энди эса Хави қўл остида шуғулланяпман. Бундай шахслар сизга қайсидир томондан таъсир кўрсатишлари тайин. Демоқчиманки, яхши мураббий бўлиш учун кўп нарсаларни кўрдим, лекин келажакда шу йўналиш бўйича юришни хоҳлаётганимга ҳали 100 фоиз ишончим комил эмас.

М.Пўлатов тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:52, 25.10.2023.
Ўқилди: 1475 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.