Мен аввал агентлик ҳақида ёзгандим, "ўзим ҳам агент бўлиб ишлаганман", деб айтдим. Шунинг учун бугунги ўйинимиз олдидан яна шу мавзуга боғлаб фикрларимни ўтроқлашмоқчиман.
Иш давомида ҳар хил шартномаларни кўрганман ва баъзилари мени ҳайрон қолдирган бўлса, баъзи шартномалардаги моддалар ўзим кўрмасам ишонмайдиган даражада ғайриоддий туюлган. Масалан, ўша машҳур "Барселона" футболчилари ўзи оёқ тирноғини олиши мумкин эмаслиги ва бу уларнинг шартномасида ёзилган бўлиши, оёқ тирноғини фақат клубнинг ёлланган вакиллари олиб қўйиши" ҳақида эшитган бўлсангиз керак.
Терма жамоамизда легионер ўйинчилар кўпайиб боряпти, бу яхши. Улар ўзлари билан чет тажрибаларини, чет малакаларини олиб келишади, бу албатта четга борганда эришиладиган “яхшироқ ўйинчи бўлиш” деган асосий ютуққа қўшимча бонус биз учун.
Легионерларимиз сабабли бизга витаминлар кириб келди – эсингизда бўлса чет клубларидаги ўйинчиларимизнинг тавсиялари билан витаминизация кучайганди бизда бир неча йил аввал, буни футбол ичида юрганлар яхши эслашади.
Бугун бўладиган ўйин сунъий майдонда ўтади ва бунда мен Файзуллаевнинг Москва клубида ўйнаётганидаги фойдани сезяпман. Агар у такибда тушадиган бўлса, ЦСКА стадионидаги сунъий қоплама аралашмасига ўрганиб кетгани бизга терма жамоамизда фойда берган бўлади, кўрасиз.
Лекин иккинчи томондан, сунъий майдон биз кутмаган бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин – масалан Алижонов сунъий майдонда ўйнашига ишонмайман, жароҳати сабабли ўзини ҳимоя қилиб бугун майдонга тушмаса керак. Ким билади, балки яна бошқа ўйинчилар ҳам қўшилар бунга ўзлари хоҳлаб ёки хоҳламасдан. Агар Машариповнинг янги жамоаси билан шартномасида “сунъий майдонда ўйнаш мумкин эмас” деб ёзилган бўлса ким буни ўзгарта олади, айтинг-чи? Агар шунақа сабаб билан у бугун ўйинга тушмаса ва бизга унинг ёрдами етмай, Худо кўрсатмасин, очко йўқотсак, кимни сўкамиз. Сунъий майдон танлаган туркманларними, шу майдонни тасдиқлаган ОФКними ёки Машариповнинг шартномасини тузган Грек клуби ҳуқуқшуносиними?
Нима бўлганда ҳам қизиқ ўйин кутяпти бизни. Жамоамизга омад!
Равшан Салимов.