Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Воҳа футболи: кеча ва бугун!

Баҳо:
+1 | -

Ўтган йилда Ўзбекистон футболи 100 ёшга тўлди. Бу байрамни ажойиб тарзда нишонладик. Байрамларимиз, ютуқларимиз кўпаяверсин. Хўш, энди, Қашқадарёга футбол қачондан кириб келди - шу хақида қисқача тўхталсак. Қашқадарёга футбол қачондан кириб келганлигини аниқ тахмин қилолмасак-да, 30-йиллардаёқ футбол Қаршида спортнинг севимли турига айланиб улгурган эди, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Кекса отахон, Қарши шаҳрининг илк футболчиларидан бири бўлмиш П.С.Овечкин шундай хотирлайди:

— Илк жамоани 1937 йилда Қаршидаги 1-мактаб ўқитувчилари тузишган, номи ҳам “Ўқитувчи” эди. Сўнгра темир йўл ходимлари “Локомотив” жамоасини ташкил этишди. Ўйинлар фақат шу икки жамоа ўртасида бўларди. Ўзим 1939 йилдан “Пешевик” жамоасида ўйнай бошладим. Афсуски, Қаршининг кўплаб футболчилари иккинчи жаҳон урушидан қайтиб келмади.

Собиқ футболчи, қарийб 20 йил Вилоят футбол федерацияси ва ҳакамлар гуруҳини бошқарган С.А.Закеря Қашқадарё футболи ҳақида шундай дейди:

— Урушдан сўнг Қаршида “Искра”, “Локомотив” ва нон заводининг “Пешевек” жамоалари турли мусобақаларда қатнаша бошлади. 1950 йилда касаба уюшмалари кўнгилли спорт жамияти қошида биринчи бор вилоят футбол жамоаси тузилди. Ана шу футбол жамоасининг футболчилари қўл кучи билан майдонда чим ётқизишди, дарвозалар қурилди. Жамоанинг асосий рақиби шаҳарнинг бошқа бир жамоаси “Локомотив” жамоаси эди. ”Искра” эса, шаҳар терма жамоаси ҳисобланар ва 1953 йилдан бошлаб 3 марта вилоят кубогини қўлга киритган эди. У вақтларда футболчиларга патефон, самовар, фотоаппарат, милтиқ каби совғалар бериларди.

Қаршига номдор дарвозабон Алберт Шеглов келиб мураббийлик ишларини бошлагач, профессионал футболчилар авлоди тарбиялана бошланди. 1965 йилда тузилган “Қаршистрой” жамоаси асосан А.Шеглов шогирдларидан иборат эди. Ушбу жамоанинг номи йиллар давомида “Бешкент”, ”Геолог”, ”Тонг”, ”Пахтачи” деб ўзгариб турди. 1993 йилда жамоа “Насаф” номини олди. 1996 йилда эса “Динамо-Насаф” деб ўзгартирилди. 1997 йил жамоа Ўзбекистон олий лигасига иштирокини бошлагач жамоа яна “Насаф” номига қайтарилди.

"Насаф" — бу номни эшитган одамнинг кўз олдида кўхна ва навқирон Қарши шаҳрининг тарихи, олдинги номи ва ўтмиши гавдаланади. Лекин шундай бир жамоа борки, у Қаршининг фахрига айланган. Бу "Насаф" футбол жамоасидир. Қашқадарё заминида "Насаф" жамоасининг Ўзбекистон чемпионатида қатнашиши воҳамизда футболнинг жадал суратда ўсишига замин яратди. Жамоанинг ютуқларига келсак, "Насаф" Осиё қитъасининг нуфузли турнири бўлмиш Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалигача етиб борди. ОФК кубогининг "Ҳалол ўйин” соврини эгаси. ОФК кубоги - 2011 соҳиби, мамлакат чемпионатининг кумуш ва бронза медаллари соҳиби. Лекин айни пайтда жамоанинг ўйинига пасайиш кузатилмоқда. Ҳозир "Насаф" пойтахт жамоаларини олдинга ўтказиб юборган. Нима учун Қашқадарё футболи бугунги кунда шундай ахволга тушиб қолди, нега 2012 йилги мавсум воҳамиз жамоалари учун омадсиз якунланди. Бу борада кўп ва хўп ёзиш, гапириш мумкин, менимча мураббийларнинг ишга тўғри ёндашмаслиги сабаб бўлди, деб ўйлайман. Тўғри бошқа муаммолар, яъни молиявий муаммолар бўлди, лекин бошқа жамоаларда ҳам молиявий муаммолар бўлди-ку, уларда натижа яхшику. Масалан, "Бунёдкор" 2-ўринни олди чемпионатда, ОЧЛда ярим финалгача борди. "Насаф"нинг ашаддий мухлислари ўтган мавсумда жамоаларини ёлғизлатиб қўйишмади, лекин мухлислари ташрифи борасида "Насаф"нинг Олий лига-2012даги натижаси ҳавас қиларли даражада эмас. "Насаф" чемпионатда яхши натижа қайд этиб, ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган бир пайтда кутилмаганда Бердиевнинг мураббийлар штабидан олиниши, мухлисларнинг ўз норозиликларини айнан мана шу орқали билдиришига сабаб бўлди. "Насаф" раҳбарияти бунинг сабабини ОЧЛдаги мағлубиятлар, яхши иштирок эта олмагани билан изоҳлади. Лекин "Насаф"нинг ОЧЛдаги илк ўйини жуда яхши таассурот қолдирганди кўпчиликда. Айниқса, ўйиннинг биринчи бўлими. Кейинчалик жамоада тажриба етишмаслиги панд берди. ОЧЛ катта турнир, унда "Насаф"дан олдин пайдо бўлган жамоалар бор, доимий иштирок этадиганлари бор. Бердиев эса илк бор шундай катта турнирда мураббий сифатида ишлаётган эди. Шахсан менга "Насаф"нинг ОЧЛдаги ўйинлари яхши эди-ю, натижа йўқ эди. Баъзи бир ўйинларда   "Насаф" футболчилари бўш қолган дарвозага ҳам гол уролмаганликларининг гувоҳи бўлдик. Бунинг сабаби руҳият билан боғлиқ, яъни футболчи ўша ўйинга ўзини руҳан тайёрлай олмаган. Балки, бу мураббийнинг айбидир. Демьяненко даврида "Насаф" яхши ўйин кўрсата олмаслиги мумкин эди, лекин натижа бор эди. Ҳозирги футболда чиройли ўйин эмас, натижа муҳим. Албатта, бу камчиликларни мураббий бартараф эта олса, "Насаф" яна ОЧЛда мазмунли, энг муҳими натижали ўйин кўрсатади.

Чемпионатда ишлар яхши эди. Кейинчалик мураббий ўзгарди, стадионга мухлислар ташрифи кескин камайди. Тошев - бу мураббий яхшидир балки, аммо "Насаф" савиясидаги мураббий эмасди. Тошев қаерда ишламасин, ҳар доим у ишлаган жамоа пастга шўнғиган. Мисол учун "Шўртан", "Буҳоро", "Насаф" ва яна "Насаф". Энг алам қиладиган томони шуки, "Насаф" ўз майдонидаги "Пахтакор" билан ўйиндан олдин, чемпион бўлиш имконияти бор эди. Бунинг учун эса Пахтакорни мағлуб этиш талаб этиларди. Минг афсуслар бўлсинки, "Насаф" бундан фойдалана олмади, мураббийлар тўғри тактика танлай билишмади.  Бу ўйинга тайёрланишда тўғри ёндашишмади. Натижада эса, нафақат чемпионлик, балки бронза медали ҳам қўлдан кетди. Мураббийни ёмонлаш ниятим йўқ, лекин ишга тўғри ёндашганда балки ҳозир ОЧЛ  ўйинларига тайёргарлик кўраётган бўлармидик! 2011 йилда Ўзбекистон чемпионатида кумуш медалини қўлга киритган ва энг муҳими ОФК кубогини қўлга киритган жамоанинг қандайдир атиги бир йил ичида бу даражада пастлаши кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Матбуотда, интернетда бу ҳақида кўплаб ёзилди, мен бу нарсани яна қайтармоқчи эмасман, аксинча, Бердиев ўзига керакли хулоса чиқарди, деб ўйлайман. Энди бошланиши кутилаётган бу мавсумда Бердиевга қанақанги босим тушишини тасаввур қилиб кўринг! Натижалар ижобий бўлсаку яхши, аммо худо кўрсатмасин, ёмон натижа сал бўй кўрсатса, унда нима бўлади? Жамоа ҳозир асосан маҳаллий футболчиларга эътибор қаратмоқда ва бошланажак мавсумда битта легионер билан иштирок этиши аниқ бўлди. Бу яхши албатта, кўплаб футбол ишқибозлари билан суҳбатлашганимда, улар маҳаллий футболчилар камлигини айтишарди. Мана улар истаганидек бўлмоқда. "Насаф"нинг кўплаб совринлари ҳали олдинда, насиб этса бир вақтлар жамоанинг юрагига айланган, кўп йиллик сардори Р.Бердиев яна жамоага мураббий сифатида қайтарилди. Келажакда фарзандларимизга мана шундай тарихга эга бу жамоа деб фахр билан сўзлаймиз. Зеро биз катталардан ўргандик, улғайиб келаётган ёш авлод эса биздан ўрганади. Ҳаёт занжири шу зайлда давом этаверади.

Улуғбек Яҳёев
"Камолот" ЁИҲ журналистлар клуби сардори

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 11:20, 20.01.2013.
Ўқилди: 4304 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.