Шу кунларда мамлакатимиз спортчилари 2014 йилда Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказиладиган XXII қишки Олимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Давлатимиз томонидан яратилган замонавий шарт-шароитлар самарасида мамлакатимизда қишки спорт турлари ҳам изчил ривожланмоқда. Моҳир спортчилар, малакали мураббий ва тажрибали ҳакамлар тайёрланмоқда. Спортчиларимиз қишки Олимпия ва Осиё ўйинларида мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларга эришаётир.
Мустақил мамлакатимизнинг илк олимпия медали ҳам қишки спорт тури бўйича қўлга киритилган эди. 1994 йили Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган XVII қишки Олимпия ўйинларида Лина Черязова чанғи акробатикаси бўйича олтин медалга сазовор бўлди.
– Ёшларимиз ўртасида тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл, фигурали учиш, хоккей каби қишки спорт турлари тобора оммалашиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси бош котиби Евгений Нуждин. – Тошкент вилоятидаги Белдорсой, Янгиобод, Чимён спорт базаларида чанғи, фристайл, сноуборд, пойтахтимиздаги "Айс ринк" сунъий муз қопламали спорт саройи ва “Айс авеню” муз саройида фигурали учиш ва хоккей машғулотларини ўтказиш учун замонавий шароитлар мавжуд.
“Айс ринк” спорт иншооти майдони махсус синтетик материалдан ишланган сунъий муз билан қопланган ва халқаро талабларга тўла жавоб беради. Бундай майдон ёш болалар учун фигурали учишнинг бошланғич техник усуллари ва асосий элементларини ўзлаштиришга жуда қулайдир.
“Айс авеню”да эса ёшлар фигурали учиш билан бирга хоккей билан шуғулланиш имкониятига ҳам эга. Бу ердаги майдон махсус қурилма орқали ҳосил қилинган табиий муз билан қопланган. Унда машғулот ва мусобақаларни ташкил қилиш учун барча шароит бор. Айни пайтда муз саройида қишки ва техник мураккаб спорт турлари бўйича олий спорт маҳорати мактаби тарбияланувчилари ва Ўзбекистон махсус олимпиада терма жамоаси аъзолари, шунингдек, ҳаваскорлар ўн нафарга яқин тажрибали мураббий раҳбарлигида машғулотларда қатнашмоқда.
Қишки спортнинг энг нафис тури – фигурали учиш бўйича мамлакатимизда кучли мактаб шаклланган. Етакчи спортчимиз Михаил Ге бугун олимпия йўлланамасига асосий даъвогарлардан. У 2013 йилги масъулиятли мавсум арафасида Финляндия, Австрия, Польша, Германия ва Болгариядаги халқаро турнирларда қатнашиб, битта олтин, иккита кумуш медаль ҳамда муҳим рейтинг очколарини жамғарди. 21 ёшли спортчимиз февраль ойида Японияда бўладиган Осиё, Америка, Африка ва Австралия қитъаларининг энг моҳир спортчилари иштирокидаги тўрт қитъа чемпионатида қатнашади. Ушбу нуфузли мусобақа март ойида Канада мезбонлик қиладиган ва Сочи Олимпиадасининг дастлабки йўлланмалари ўйналадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Шунингдек, фигурали учуш бўйича Анна Нагорнюк ва Виктор Коваленко жуфтлиги ҳам бу йил олимпия лицензияси учун курашади.
Етакчи спортчиларимиз ортидан етишиб чиқаётган ёшларнинг натижалари мутахассисларни хушнуд этмоқда. 2012 йили фигурали учиш бўйича ёш спортчиларимиз Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд ва Қирғизистонда ўтказилган халқаро мусобақаларда 23 медални қўлга киритди.
– Конькида учиш бўйича 2012 йили Дубайдаги халқаро турнирда кумуш, Бишкекдаги мусобақада олтин медални қўлга киритган эдим, – дейди Шоҳсанам Тоҳирова. – Бу йил ҳам кўплаб халқаро мусобақаларда иштирок этиш ниятидаман. Бунинг учун ўз устимда кўпроқ ишлашим, тажриба ва маҳоратимни оширишим керак. Мақсадим – Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш.
Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциациясидан маълум қилишларича, тоғ чанғиси бўйича Олимпиадага боришни мақсад қилган спортчилар февраль ойида Австрияда бўладиган жаҳон чемпионатида қатнашади. Айни пайтда улар Чимён, Белдорсой ва Янгиободдаги спорт базаларида янги мавсумнинг бўлажак беллашувларига пухта тайёргарлик кўрмоқда.