«Интер Майами» ҳужумчиси Лионель Месси Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғи орқали видеомурожаат тайёрлаб, нима учун Гонконгга қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этмаганига изоҳ берди.
«Гонконгга қарши ўйиндан кейин мен кўп нарса ўқидим ва эшитдим. Мен бу видео орқали аслида нима бўлганини тушунтириб бермоқчиман.
Одамлар мени сиёсий ва бошқа кўп сабаблар туфайли майдонга тушмади, дея гапиришаётганини эшитдим, аммо бу ҳақиқатга мос келмайди. Агар бундай бўлганида, мен Япония ва Хитойга бормаган бўлардим. Фаолиятимнинг илк давридан бошлаб менда Хитой билан яқин ва ўзига хос муносабатлар бўлган.
Мен матбуот анжуманида айтиб ўтганимдек, мушагимда оғриқ ҳис қилдим. Шунинг учун ҳам Саудия Арабистонидаги биринчи ўйинда иштирок эта олмадим. Ўшанда оғриқни ҳис қилгандим. Иккинчи ўйинда майдонга тушдим, аммо оғриқ кучайиб кетди. Гонконгга қарши ўйиндан бир кун аввал эса машғулотга келганларни қувонтириш учун бор кучимни бериб ҳаракат қилдим.
Орадан бир неча кун ўтиб ўзимни яхши ҳис этдим. Шунинг учун мавсумга жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарлик кўриш мақсадида Японияда баҳсда ўйнадим. Формага кириб олишим керак эди», – деди Месси.