Кириш Регистрация
16/06 18:00 Польша - Нидерландия
16/06 20:00 Сўғдиёна 1-0 Насаф
16/06 20:00 Пахтакор 0-0 Навбаҳор
16/06 21:00 Словения 1-1 Дания
16/06 23:59 Сербия 0-1 Англия
17/06 18:00 Руминия - Украина
17/06 20:00 Локомотив - Динамо
17/06 20:00 Олимпик - ОКМК
17/06 21:00 Бельгия - Словакия
17/06 23:59 Австрия - Франция
18/06 21:00 Туркия - Грузия
18/06 23:59 Португалия - Чехия

Грузин футболининг янги қаҳрамони

Баҳо:
+ | -

У Грузия миллий жамоасини Евро-2024 финал босқичига тортди. У вақтида Карло Анчелотти штабида ишлаган.

У Германия-2006 мундиали финалида иштирок этган. У кимсан Зайниддин Зиданга ҳам жаҳл қилган. Гап Грузия футболининг янги қаҳрамони Вилли Саньоль ҳақида кетмоқда. Ҳа, франциялик мутахассис грузинларни ўз тарихларида илк марта Европа чемпионати финал раунди сари етаклаб, катта шуҳратга бурканди.

Жаҳоннинг вице-чемпиони ва  Зиданга ғазаб

Вилли Саньоль юқори савия нима эканлигини яхши билади. Дейлик, у ЖЧ-2006 финалида ўйнаган ва Карло Анчелотти методларини пухта билади. Виллининг фаолияти «Сент-Этьен» клубида бошланган. Эътиборлиси, у жамоа академиясида атиги 13 ёшида таҳсил ола бошлаган. Ундан олдин эса номаълум жамоа­чаларда тўп ортидан югурган. Саньоль меҳнаткаш қанот ҳимоячиси эди - камдан-кам ҳолда кўзга ташланадиган, аммо ўта фойдали футболчи. Вилли 1997 йили «Монако» сафига қўшилади ва жамоада мавсум-1999/2000 якунида Франция чемпиони бўлади. Умуман, тиришқоқ ҳимоячи бутун мавсум давомида қаттиқ меҳнат қилади, шу тариқа мукофот тариқасида «Бавария»дан таклиф олади. Мюнхенда эса бир уринишда жамоа билан хайрлашган Маркус Бабел ўрнини босади. Яъни Саньоль дебют мавсумидаёқ асосий таркибга ўрнашиб, совринлар коллекцияси йиғишни бошлайди. Ҳар ҳолда, унинг бисотидаги нуфузли кубоклар тўплами ҳар қандай футболчида енгилгина ҳавас уйғотиши турган гап. Зеро, франциялик ҳимоячи Бундеслигада 5 марта чемпионликни нишонлаш баробарида Германия кубогида 4 бора зафар қучади. Шунингдек, ЧЛ-2000/2001даги ғалаба ёнига Қитъалараро кубокни ҳам қўшиб қўяди. Хуллас, Германиядаги фаолиятининг бошланғич қисмидаёқ барча нуфузли совринларни йиққан Саньоль шундан кейин ҳам ўз даражасини сира туширмайди.

Вилли жумладан, 2006 йили айнан Германия­да ўтказилган жаҳон чемпионатида «олтин маъбуда» ютишга жуда яқин келади. Аммо Франция миллий жамоаси финал ўйинидан кейинги пенальтилар сериясида итальянларга ютқазиб қўйишади. Ўшанда 4-зарбани амалга оширган Вилли гол урганди, аммо бу ғалабага камлик қилади. Айнан Саньолнинг зарбаси Франция термаси учун охиргиси бўлганди. Яъни 5-уринишга ҳожат қолмаганди. Эътиборли томони, ҳимоячи 2-ўрин ва кумуш медалдан асло қониқмайди. Эсласангиз, Зайниддин Зидан ўша финалда Марко Матерацци фитнасига учган ва унинг кўкрагига «калла қўйиш» асносида қизил карточка олганди. Жамоа Францияга қайтгач, Зизуни ўша хатти-ҳаракати учун ҳеч ким ортиқча айбламаган, фақат Вилли Саньолгина буюк афсонага қаҳрини сочганди. «Ҳа, Зиданнинг узрини қабул қилмадим, у билан гаплашишни ҳам хоҳламадим. Кечирим билан кўнгил жойига тушадиган вақт эмасди, чунки мислсиз даражада асабий ҳолатда эдик. Эсимда, ўйиндан кейин тўғри ҳожатхонага кирган ва чамаси 10 дақиқа ичида 250 дона сигарета тутатгандим. Шу-шу Зидан билан деярли 2 йил гаплашмаганман», - деганди Саньоль кейинчалик. Улар фақат 2008 йили, Виллининг никоҳ тўйи баҳона ярашганларини ҳам айтиш жоиз. 

Саньоль 30 ёшга яқинлаш сари бирин-кетин жароҳатларга йўлиқади. Хусусан, пай чўзилиши оқибатида деярли 1 йил четда қолади. У ҳар сафар жароҳатдан кейин аста-секин спорт формасини тиклашга тушган паллада дарҳол яна қандайдир муаммога учрайди ва 31 ёшида бутсаларини михга илишдан ўзга чора тополмайди. Эҳтимол, Феликс Магатнинг ўта оғир машғулотлари ҳам ҳимоячига салбий таъсир қилгандир... Ваҳоланки, Саньоль ҳамиша жисмонан бақувват эканлиги билан ажралиб турган. Аммо тикланиш палласида оғир юкламалар ҳар қандай футболчига акс таъсир этиши мумкин.

Анчелотти ассистенти, ирқчилик айблови

Вилли Саньоль мураббийлик фаолиятини 2013 йили Франция U-21 терма жамоаси бошлайди. Эътиборли томони, унинг бошқарувидаги жамоа йил давомида бирор марта мағлубиятга учрамайди: 9та ўйинда 7та ғалаба, голлар нисбати - 29:6. Ёш мураббий ўшанда Антони Мартиаль, Люка Динь, Флориан Товен каби энди кўтарилаётган қатор юлдузчалар билан ишлаганди. Ёшлар термасининг бундай натижалари таъсирида Саньолни тезда «Бордо»га таклиф этишади. Умуман, Францияда унга мамлакат футболининг энг истиқболли мураббийларидан бири сифатида қарашади. Вилли ишончга яраша, «Бордо»даги дебютида клубнинг бир йил олдинги натижасини нисбатан яхшилайди - 6-ўрин (клуб бунга қадар 7-поғонани эгаллаганди). Кўпчилик Саньоль катта футболда дебютант эканлигидан келиб чиқиб, якуний натижага яхши баҳо беради. Бироқ истиқболли мураббий 2014 йилнинг кузида кучли можаро туфайли клубдан кетади. Саньоль ўшанда «Бордо» унинг бошқарувида африкалик футболчиларни имкон қадар камроқ сотиб олишини айтганди. Буни эса африкаликлар ҳар 2 йилда мавсумнинг қоқ ўртасида қитъа кубогига жўнаб кетишлари билан изоҳлайди. Аммо мураббийни дарҳол ирқчиликда айблашади. Боз устига, шу вақт натижалар ҳам пасайиб, «Бордо» турнир жадвалининг 14-поғонасига тушиб қолади. Шу тариқа клуб раҳбарияти Саньолни истеъфога чиқаришни маъқул кўради.

Собиқ ҳимоячи 2017 йилга келиб, «Бава­рия»га қайтади ва Карло Анчелотти ассистенти ролида иш бошлайди. Аммо орадан атиги 2 ой ўтгач, италиялик мэтр истеъфога чиқарилади ва Саньоль бош мураббий вазифасини вақтинча бажаради, тўғри, атиги 1та ўйинда. Хуллас, мюнхенликлар Виллига ишонч билдиришни истамай, бош ролга тажрибали Юпп Хайнкесни таклиф этишади. Шундан сўнг нақ 4 йил танаффус олган Саньол ниҳоят, Грузия миллий жамоасида Владимир Вайсс ўрнини эгаллаш асносида ишга қайтди. Қарангки, у грузинлар билан янги тарих яратди. Мана, Вилли энди ёзда Германияга боради - фаолия­тининг энг яхши дамлари ва ўзи учун аламли ЖЧ финалига гувоҳ мамлакатга. Кўрамиз, Саньоль бу сафар немислар диёрида яна бир бора диққат марказига тушармикан...?

Ўз тарихида илк марта Европа чемпионатига йўл олган Грузия терма жамоасининг ҳозирги таркиби ҳар қачонгидан ҳам кучли. Ҳар ҳолда, Вилли Саньоль қўл остидаги жамоанинг деярли барча етакчилари Европа лигаларида тўп суришмоқда:

- Георги Мамардашвили («Валенсия», Испания)

- Гурам Кашия («Слован», Словакия)

- Отар Какабадзе («Краковия», Польша)

- Лаша Двали (АПОЭЛ, Кипр)

- Георги Гочолеишвили («Шахтёр», Украина)

- Иракли Азарови («Шахтёр», Украина)

- Лука Гагнидзе («Динамо» М., Россия)

- Ива Гелашвили («Специя», Италия)

- Лука Лочошвили («Кремонезе», Италия)

- Саба Сазонов («Торино», Италия)

- Георги Абуржания («Хатайспор», Туркия)

- Жаба Канкава («Слован», Словакия)

- Ника Квеквескири («Лех», Польша)

- Отар Китеишвили («Штурм», Австрия)

- Зурико Давиташвили («Бордо», Франция)

- Георги Чакветадзе («Уотфорд», Англия)

- Жемал Табидзе («Панетоликос», Греция)

- Леван Шенгелия («Панетоликос», Греция)

- Габриэль Сигуа («Базель», Швейцария)

- Анзор Меквабишвили («Университатя», Руминия)

- Георги Кочорашвили («Леванте», Италия)

- Сандро Алтунашвили («Вольфсберг», Австрия)

- Жорж Микаутадзе («Мец», Франция)

- Хвича Кварацхелия («Наполи», Италия)

- Буду Зивзивадзе («Карлсруэ», Германия)

- Георги Квилитая (АПОЭЛ, Кипр)

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:33, 24.05.2024.
Ўқилди: 971 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.