Кириш Регистрация
16/06 18:00 Польша - Нидерландия
16/06 20:00 Сўғдиёна 1-0 Насаф
16/06 20:00 Пахтакор 0-0 Навбаҳор
16/06 21:00 Словения 1-1 Дания
16/06 23:59 Сербия 0-1 Англия
17/06 18:00 Руминия - Украина
17/06 20:00 Локомотив - Динамо
17/06 20:00 Олимпик - ОКМК
17/06 21:00 Бельгия - Словакия
17/06 23:59 Австрия - Франция
18/06 21:00 Туркия - Грузия
18/06 23:59 Португалия - Чехия

Футболдаги инқилоб

Баҳо:
+ | -

Ўтган йил декабрида Европа суди УЕФАнинг қитъада Суперлига ташкил этиш ҳуқуқини ҳимоя қилган клублар га қарши қарорини кўриб чиққан ва УЕФА тақиқини қонунга зид эканлигини эълон қилганди.

Энди айнан шундай воқеа жаҳон футболида такрорланиши мумкин. Чунки ФИФА миллий чемпионатлар ўйинларини бошқа мамлакатларда ўтказишни тақиқлаб қўйганди. Апрель ойи охирида Нью-Йорк округ суди ФИФА ва Relevent Sports Group (RSG) компанияси ўртасидаги тортишувда кескин бурилиш юз беришини маълум қилди.

Ҳаммаси 2018 йилда, RSG компанияси бир қатор расмий учрашувларни АҚШда ўтказиш режасини олға суришидан бошланди. Аввалроқ бу компания футбол олами грандларининг мавсумолди тайёргарлик учрашувларини Халқаро чемпионлар кубоги номи остида ташкил этганди.

Ўша йил августида компания Испания чемпионати доирасидаги «Барселона» - «Жирона» учрашувларини Майамида ўтказиш режасини ўртага ташлади. Бироқ орадан бир неча ой ўтгач, ФИФА бундай учрашувларни тақиқлашга оид махсус декретни чоп этди: «Миллий лигаларга мунтазам мавсум беллашувларини мамлакат ташқарисида ўтказиш тақиқланади».

2019 йил мартида компания АҚШ ФФга мурожаат қилиб, Эквадор чемпионатининг «Барселона Спортинг» - «Гуаякиль Сити» беллашувини ўтказишга рухсат олганди. Промоутер шунингдек, Эквадор ФФдан ҳам рухсат олганди. Лекин АҚШ ФФ сўнгги паллада ФИФА декретига қарши чиқа олмай, режага тўсқинлик қилди. Натижада сентябрь ойида компания ФИФА ва АҚШ ФФни антимонополия қоидаларига риоя қилмаганликда айблаб, судга мурожаат қилганди.

«Компаниянинг хорижий клублар ўртасидаги мунтазам чемпионат учрашувларини АҚШда ўтказиш режасига халал беришга томонлар ўзаро тил бириктиргани аниқ», дейилади RSGнинг судга йўллаган даъво аризасида. Промоутернинг фикрича, турли мамлакат жамоаларининг ўзаро беллашувлари АҚШ футбол бизнесининг ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Боз устига, бу учрашувлар АҚШ шаҳарларида улкан шов-шувга сабаб бўлади. Мисол учун, ўтган йил июлида Нью-Жерсида бўлиб ўтган «МЮ», «Арсенал» мавсумолди беллашувига 82626 нафар мухлис ташриф буюрганди. Бу 2026 йилда жаҳон чемпионати иштирокчиларини қабул қиладиган арена учун рекорд кўрсаткич.

Европа клублари АҚШда пул ишлаш ниятидалар, у ерда яхши ҳақ тўлашади

Ҳозирда уммон орти ареналари европалик топ-клублар учун нафақат янги мухлисларга эга бўлиш, балки мўмай даромад манбаи ҳам бўлиб қолди. Ахир мавсумолди тайёргарлиги ўртача 15-20 млн. доллар фойда келтиради. Учрашувларга бўлган қизиқиш эса тобора ортиб бормоқда: февраль ойида август ойига мўлжалланган «МЮ» - «Ливерпуль» ўртоқлик учрашувининг чипталари 3 соат ичида сотилиб кетди. 3 август куни Нью-Жерсида бўлиб ўтадиган «Барселона» - «Реал» учрашуви атрофидаги ҳолат ҳам айнан шундай.

ФИФА сиёсатидаги мантиқни тушуниш қийин эмас - очкўз Жанни Инфантино бошқарувидаги ташкилот ўзини футбол жонкуяри қилиб кўрсатишга уринсада, аслида, имкон қадар кўпроқ маблағ жамғариш ва уни ҳеч кимга бермасликни истайди. Бунинг исботи сифатида бир неча йил муқаддам Инфантино сайёрамиздаги етакчи клублар ўйинчиларини агар улар Европа Суперлигасида иштирок этадиган бўлсалар, жаҳон чемпионатларида қатнашишдан четлатишини айтиб, қўрқитганини эслатиш мумкин.

Шунга ўхшаш воқеа бундан 50 йил аввал теннис спортида юз берган, хорватиялик Никола Пилич Дэвис Кубоги турнирига бормасдан, Монреалдаги тижорат турнирига йўл олганди. Оқибатда, энг яхши теннисчисидан айрилган унинг терма жамоаси Янги Зеландияга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Югославия теннис федерацияси Николани 9 ой муддатга ITF таснифидаги барча мусобақалар, жумладан, «Катта дубулға» турниридан четлатганди. Якунда Пилични Уимблдон турниридан ҳам четлатишди. Бироқ профессионал теннисчилар ассоциациясидаги (АТР) 82 нафар спортчилар уни қўллаб-қувватлаб, турнирга бойкот эълон қилдилар. Шундан кейин теннис амалдорлари «Пилич иши» такрорланишига йўл қўйиб бўлмаслигига амин бўлдилар. Футболда ҳам ўйинчилар шундай муносабат билдиришлари мумкин.

Ҳозир ФИФА ва УЕФА билан клублар ва уларнинг ўйинчилари ўртасида нафақат обрў-эътибор, балки мўмай даромад учун аёвсиз кураш кечмоқда. Қудратли Америка бозори эса, футбол борасида ўзлаштирилмаган бўз ер.. эканлигини ҳамма яхши билади. Навбатдаги мундиал айнан АҚШда ўтиши ҳам бежиз эмас - Business Standard мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, турнир 11 млрд. доллар даромад келтириши мумкин. Шунингдек, ёзда Америка Кубоги-2024 турнири, келаси йили янги форматдаги клублар жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамиздаги энг сара клублар машаққатли мавсумдан кейин бир ой АҚШнинг жазирама иссиғидан «лаззат» оладилар. Бебилиска топилган киримни эса ФИФА қуртдек санаб олади.

ФИФА тақиқни 2024 йил охиригача бекор қилмоқчи

Асосий даромад футболни шунчаки, йиллар давомида тўпланган тажрибага таянган ҳолда бошқарадиган амалдорлар томонидан тақсимланиши RSGни ҳам, клубларни ҳам қониқтирмайди. Инфантино ва УЕФА президенти Александер Чеферинлар ҳеч қачон юксак савияда футбол ўйнаган эмаслар, лекин ўзларини миллионлар ўйинини ривожлантиришни ҳаммадан яхшироқ биладиган даҳо, деб ҳисоблайдилар. Улар туфайли пешона тери эвазига топган даромадларидан жудо бўлишдан ташқари, чекловлар доирасида тўп сураётганлар эса бундан норозилар.

Хайриятки, соғлом фикр ва демократик жамиятдаги қонунлар механизм аста,секинлик билан бўлсада, ФИФАдек қудратли монополияни енга бошлади. Шу йилнинг апрели охирида футболнинг келажагига кучли таъсир этадиган воқеа юз берди - деярли «Босман иши» ёки яқиндаги Суперлигага оид қарор мақомидаги каби. Нью-Йорк округ суди RSGнинг ФИФАга қарши даъво аризасини кўриб чиқиб, «томонларнинг келишиб олиши» ҳақида ҳукм чиқарди. Бу промоутернинг ғалаба қозонганини англатади. Компания бош директори Дэнни Силлман буни тасдиқлади: «Биз ФИФА имкони борича қисқа вақт ичида клубларнинг истаган мамлакатда учрашувларни ўтказиш имкониятига оид амалдаги регламентига ўйинларнинг қандай мақомда бўлишидан қатъий назар, тегишли ўзгаришлар киритишидан умидвормиз».

The Athleic манбаларининг таъкидлашича, Инфантинонинг RSG билан келишувига ЕСнинг Европа Суперлигаси фойдасига чиқарган қарори мажбур этган. ФИФА Америка бозоридаги таъсирини сақлаб қолиш умидида ва енгилган томон мақомини олмаслик учун турли йўлларни қидирмоқда. Бироқ энди кеч - жараён қайтарилмайдиган бурилишдан ўтиб бўлди. «Алоҳида қоидалар тўплами 2024 йил охиригача қабул қилинади», - деди 2 май куни ФИФА адвокати Кристофер Бенинг. Бироқ RSG шу билан кифояланиб қолмоқчи эмас. Компания адвокати Адам Дейлнинг баёнотига биноан, агар ФИФА қоидаларни ўзгартирадиган бўлса, у ва АҚШ ФФ ҳуқуқий баҳслар бошланганидан кейинги ўтказилмай қолган барча учрашувлардан тушиши керак бўлган зарарни қоплаши лозим. Бу маблағ юзлаб миллионларни ташкил этиши мумкин.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:00, 25.05.2024.
Ўқилди: 984 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.