“Бунёдкор” ва “Бейцзинг Гуан” жамоалари ўртасидаги ўйиндан олдинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ва ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраев иштирок этишди.
Миржалол Қосимов:
— Эртага бизни биз учун муҳим ўйин ктуиб турибди. Боиси, ўз мавқемизни мустаҳкамлашимиз керак. “Поханг” билан ўйинда бир томондан 2 очко йўқотдик, иккинчи томондан 1 очко олдик. Шунинг учун эртага шогирдлари биз томондан берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришса, ғалаба биз томонда бўлади. Кейинги ўйинда бу жамоа меҳмони бўлади. “Бейцзинг” — яхши жамоа. Бу жамоа тартибли ўйин кўрсатади. Унинг сафидаги легионерлари кучли. Жамоа қарши ҳужумда яхши ўйнайди.
Лутфулла Тўраев:
— Эртанги ўйин биз учун муҳим. Боиси, кейинги ўйинда бу жамоа меҳмони бўламиз. Эртага ғалаба қозонмасак бўлмайди.
— Терма жамоа иштирокидаги ўйиндан бери янги стадион чимига кўплаб эътирозлар бўляпти. Футбочлилар майдонга мослашиб олишдими?
— Мослашишга мослашди, аммо 2 кунда майдонни чиройли қилиб бўлмайди. Шундай чиройли стадионга муносиб чим бўлганида яхши бўларди. Бу ҳолат футболчиларнинг хаёлини чалғитиши керак эмас, аммо кичик муаммо келтириб чиқариши мумкин.
— Рақиб жамоа мураббийи “Бунёдкор”нинг муаммолари ҳақида гапириб ўтди. Жамоада қандай муаммолар бор?
— Жамоадаги йўқотишларидан бири — Олег Зотеев. Унинг жароҳати бор. У эртанги ўйинга тайёргарлик кўрмаяпти.
— Рақибнинг кучли томонлари нимадан иборат?
— “Бейцзинг” жамоавий ўйин кўрсатади. Шунингдек, 8 ва 5-рақамли футболчилари кучли. Маълумотларга қараганда, рақибнинг бир нафар ҳужумчиси ва ҳимоячиси келмаган.
— Билишимизча, авваллари рақиб жамоа ўйинларини Амет Мемет футболчиларга таҳлил қилиб берарди. Ҳозирги кунда бу ишни ким қилмоқда?
— Аввал мураббийлар штаби билан ўзаро ўйинни кўриб чиқамиз. Ҳар бир мураббийнинг фикрини эшитиб, кейин футболчиларга видеолавҳани қўйиб берган ҳолда, рақиб ўйинини таҳлил қилиб берамиз. Керак бўлса, ўйиннинг айрим вазиятлари, рақиб жамоанинг ҳар бир чизиқ бўйича ҳаракатлари, стандартлар пайтидаги ўйинларини алоҳида-алоҳида тушунтирилади.
— Кетма-кет ўйинлар натижасида футболчилар чарчаб қолишмаяптими? Эртанги ўйинда бу ҳолат жамоага таъсир кўрсатмайдими?
— Йигитлар ҳали ўзларининг энг максимал формасига кириб олишмади. Боиси, чемпионат энди бошланди. Аммо бу баҳона бўлиши мумкин эмас. Вазиятга қараб иш олиб борамиз. Масалан, “Гулистон” билан ўйинда Акмалга дам берилди. Қайсидир футболчида толиқиш сезилса, жамоада унинг ўрнини боса оладиган бошқа футболчилар бор.
— Егорь Кримец ҳақида нима дея оласиз? Унинг терма жамоага чиқарилиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Егорь келажаги бор футболчи ҳисобланади. У ўз ишлашда давом этса, ҳали терма жамоага жуда катта фойдаси тегади. У терма жамоанинг аввалги йиғинларда жалб қилинганди. Егорь “Пахтакор”дан Хитой чемпионатига ўтганидан кейин ўйин амалиётисиз қолди. Акс ҳолда уни терма жамоанинг йиғинларига жалб қилган бўлардим. Эртага у ўз уйида – Тошкентда ўйнайди. Шунинг учун, ўзининг яхши томонларини кўрсатишга ҳаракат қилишига шубҳам йўқ.
— “Бунёдкор” футболчиларида яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида муаммолар бор. Шуни инобатга олган ҳолда эртага асосий таркибда икки нафар ҳужумчи майдонга тушиши мумкинми?
— Ҳамма нарса мумкин. Агар қилинадиган ўзгариш жамоа фойдаси тегса, бундан албатта фойдаланамиз.
— Рақиб сафида Фредерик Кануте исмли машҳур футболчи бор. Умуман, мана шундай машҳур футболчилар билан мураббий сифатида ишлаш борасида фикрингизни билмоқчи эдим.
— Кануте Тошкентга келмаган. Эртага уни мухлислар майдонда кўришмайди. Футболчилар билан эса ишлаш қизиқарли. Шунингдек, осон ҳам эмас. Боиси, ҳар бир футболчининг характери бор. Асосий таркибда эса бор-йўғи 11 нафар футболчи тушади. Кучли жамоаларда ҳар бир чизиқда 2 нафардан тенг кучли футболчи бўлиши лозим. Баъзи пайтларда йигитларни ҳам тушунса бўлади. Айрим футболчилар ўйин бошидан тушмаганидан кейин хафа бўлади. Баъзилари эса асосий таркибда тушмаса ҳам бошқаларга далда беради. Мен ҳам футболга кеча кириб келганим йўқ. Ёшлигимдан бери футбол ичидаман. Шунинг учун бу жараённи балансда ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Агар у футболчи юлдуз даражасида бўладиган бўлса, бунинг қийинлигини тасаввур қилаверинг. Майдонга чиққандан кейин ҳар бир футболчининг ёрдами жамоага тегиши керак. Футболни фамилия эмас, инсон ўйнайди. Ўйнаб қўйганман деб майдонда бемалол юрадиган бўлса, унда жамоа ютқазади. Футболчи ҳар куни ўз устида ишлаш керак. Буни эса йигитлар ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги керак, агар футболчи ўсишни истаса. Бу нафақат легионерларга тегишли, балки ўзимизда ҳам бундай футболчилар топилади. Озгина яхши ўйнаб қолса, матбуотда чиқиб қолса, ҳаёт ширин бўлиб қолади, деб ўйлаб қолишади. Аслида эса унақа эмас.
— Лутфулла, футболчилар иримчи бўлади. Сизда ҳам шундай иримлар борми?
Л.Тўраев: — Менда ҳеч қандай иримлар йўқ.