“Насаф”нинг ҳимоя қўрғонининг ишончли вакилларидан бири, Хоразм воҳасининг фарзанди, мухлисларнинг “Макс”и жамоанинг энг “оғир иш”ларидан бирини бажарадиган Мақсуд Каримов мана 5-мавсумдирки, севимли «Насаф»да ўйнаб келмоқда.
Мақсуд аллақачон мухлисларнинг эътиборини қозониб, уларнинг энг яхши кўрадиган ўйинчиларнинг бирига айланиб улгурган. Ўтган 4 мавсум давомида у “Насаф” жамоаси билан бирга қувончли ва омадсиз пайтларни биргаликда баҳам кўрди. Унга бир қанча жамоалардан таклиф бўлсада, фақат “Насаф”ни деди. Аслида футболчиларнинг бунақа содиқлиги футбол ишқибозлари орасида катта ҳурмат қозонишига омил бўлади. Ҳа, Мақсуд “Насаф”ни деди. У, шунингдек, “Насаф” сафидан бир неча марта мамлакатимиз терма жамоасига ҳам таклифлар олди.
Қисқача статистик маълумот
Туғилган санаси: 2 май 1985 йил
Амплуаси: марказий ҳимоячи
2008 йил мавсуми бошидан "Насаф" сафида
Олий лигада жами майдонга тушган: 99 марта
Урган голлари: 3 та
Сариқ карточка: 11 марта
Мақсуд Каримов учун “Насаф”-“Шўртан” учрашуви олий лигадаги 100-ўйин бўлади. Бу, албатта, Мақсуд учун ҳам, мухлислар учун ҳам катта бахтли воқеадир. Ахир бундай бахтга эришиш камдан-кам ўйинчиларга насиб этади. Биз ана шу муносабат билан, юбиляримиз Мақсуд Каримов билан қисқача суҳбат қилдик. Аввал озроқ унинг ёшлиги ва жамоага келиши ҳақида.
Болалик йиллари
Бизнинг "Макс" 1985 йил 2 майда Урганч шаҳрида таваллуд топган. У мактабда ўқиб юрган пайтлари бошқа болаларга ўхшаб, энг яхши кўрган машғулоти футбол бўлди. Мактаблараро мусобақаларнинг бири Мақсуднинг келгусида футболчи бўлишига сабаб бўлди. Ана шундай мусобақанинг бирида ўйинни кузатиб турган Эркин ака Қадамов ундаги иқтидорни сезиб қолади ва Мақсудни футбол мактабига етаклаб боради. У пайтлар Мақсуд 12 ёшда эди. Албатта, бу ёш ҳар бир инсоннинг келажаги учун қарор қабул қилишида камлик қилади. У бу ҳақида дадаси Оллоберган ака Каримовга айтади. Оллоберган ака ҳам ёшлигида яхшигина футбол ўйнагани, у киши ҳам футболга бефарқ инсон бўлмагани учун қаршилик қилмади. Фақат: “Ўғлим ўзинг биласан, лекин катта бўлганингда сени афсусингни эшитмасам бўлди”, — дейди. Ўша пайтда Оллоберган ака бу сўзлари билан нимани назарда тутгани ёш Мақсуд учун қоронғу эди, унинг футболга бўлган меҳри шу йўлдан кетишига туртки бўлди.
“Насаф”га келиши
2007 йилнинг охирида Бухоронинг “Вобкент” жамоасида ўйнаб юрган Мақсудга: “Сенга Қаршининг “Насаф” жамоаси қизиқиш билдираяпти, агар ҳоҳласанг боргин”, — деб айтишади. Мақсуд иккиланмасдан Қаршига келади, ўша пайтлар ҳам “Насаф”нинг мураббийлар штабида фаолият юритаётган Рўзиқул Бердиев ва клубнинг ҳозирги спорт директори Виталий Ни уни илиқ кутиб олишади ва жамоа шу вақтларда қишки йиғинда бўлиб туришган пайти бўлган. Мақсудни мураббийлар штаби томонидан жамоага қўшиб олинишига уч кун кифоя қилди, холос. Шундай қилиб, Мақсуд “Насаф”нинг энг оғир пайтлари бўлган бир вақтга жамоа аъзосига айланди. Мухлисларнинг ёдида бор, 2008 йил мавсумида жамоага бош мураббий Виктор Борисов эди, икки турдан сўнг бош мураббийлик Эдгар Гессга топширилади. Эдгар Яковлевичнинг фаолиятидан ҳам қониқишмаган клуб раҳбарлари, иккинчи давра яримларида жамоани Усмон Тошевга ишониб топширишади, мухлисларга жуда яхши маълум, ўша йили жамоа мавқеини ижобий томонга ўзгартириш Тошевнинг ҳам қўлидан келмайди. Оқибатда жамоа ўз тарихида мавсум турнир жадвалининг пастки поғоналарининг бири билан якунлайди. Кўриниб турибдики, жамоага келган Мақсуд учун ҳам ўша йил жуда омадсиз якун топади. Бошқа томондан Мақсуд айнан 2008 йилда жамоанинг асосий таркибида илк марта майдонга тушади. Унга Эдгар Яковлевич биринчи марта ишонч билдирган эди. Хоразмликларга хос меҳнатдан қўрқмайдиган, ўз устида тинмай ишлайдиган Макс “Насаф” жамоасида ўз ўрнига эга бўлди, мураббийлар ишончини қозонди.
Биз Мақсуднинг юбилей учрашуви арафасида унга бир нечта савол билан мурожаат қилдик. Суҳбатмиз давомида унинг жуда нозик табиатли, самимий ва камтарин инсон эканига амин бўлдик.
— Мақсуд, аввало сизни бўлажак 100-ўйинингиз билан табриклаймиз. Майдонга тушган ўйинларингизни ўзингиз ҳам ҳисобини юритасизми?
— Раҳмат, йўқ бу ҳақда мен бугун эшитдим, клубдагилар айтиб қолишди, тўғриси билмасдим.
— Мана 2008 йилдан бўён “Насаф”да ўйнаяпсиз, наҳотки сизга бошқа жамоалардан таклиф бўлмади?
— Таклифлар бўлган, аммо мени жамоамда ҳамма шароитлар қониқтирса, ҳамма ўйинчилар билан бир-биримизни яхши тушунсак, қолаверса Қашқадарёдек футболга катта эътибор берадиган вилоятнинг бош жамоасида ўйнаётган бўлсам, менга яна нима керак? Шунинг учун бошқа жамоага кетгим келмайди. Айрим пайтлар мухлислар билан юзма-юз келиб қоламан, уларнинг менга бўлган муносабати, тўғрироғи худди ўзларининг яқин инсони каби илиқ муносабатлари мен учун жуда ёқимли.
— Ўзингизча, “Насаф”да нимага эришдим деб, ҳисоблайсиз?
— “Насаф”да жуда кўп нарсаларга эришдим, аввало профессионал футболчи сифатида шаклландим, яъни ёшлигимдан қилган орзуимга айнан “Насаф”да эришдим, қўлимдан келганча жамоамга ёрдамим тегишига ҳаракат қилдим, буни баъзан уддаладим, баъзан эса йўқ. Аммо ҳали “Насаф” сафида юқори совринларни қўлга киритиш ниятим ҳам бор, насиб бўлса шу орзуим ҳам ушалади. Бунга ҳамма имконият бор, фақат ҳаракат қилсак, бўлди.
— Сизнингча, жамоада ҳимоячи - ким бу?
— Биласизми, ҳимояда ўйнаш аввало жуда катта маъсулият талаб қилади. Жамоанг ютқазиб қўйса, энг кўп айбдор ўйинчи ҳам ҳимоячи ҳисобланади. Лекин жамоа ғалаба қозонса, энг кам тилга олинадиган ўйинчи ҳам ҳимоячидир (кулиб). Бунга ўрганиб қолганман. Аслида ютуқ ҳам, омадсизлик ҳам бутун жамоаники ҳисобланади.
— Сиз учун “Насаф” сафидаги энг омадли мавсум ва энг омадсизи қайсилари бўлган?
— Мен учун ҳам, барча жамоадошларим учун ҳам шубҳасиз, 2011 йил. Келинг, омадсизи ҳақида гапирмай қуя қолай.
— Дадангизнинг “лекин катта бўлганингда сени афсусингни эшитмасам бўлди”, — деган гапларини энди маъносини англадингизми? У киши бу гаплари орқали нимани назарда тутган эканлар?
— Ўзимча англагандекман, менимча “агар футболда омадинг чопмаса, менга нолимагин”,-деган маънода айтган бўлсалар керак. Аслида ҳам, футболчилик кўп меҳнатни талаб қиладиган касб. Яхши футболчи бўлиш бундан ҳам қийин. Умид қиламанки, нолимайман. Ҳали, насиб этса, анча футбол ўйнаш ниятим бор. Бунинг учун ўзимга жуда талабчан бўлишим кераклигини яхши ҳис қиламан.
— Бир жамоада 100 марта майдонга тушиш сизнингча камми ёки кўп?
— Қани энди "Насаф"да, яна 100 марта майдонга тушсам...
— Суҳбатингиз учун раҳмат, ҳамма орзуларингиз рўёбга чиқишига тилакдошмиз.
Суҳбатни Ренат Эрназаров ёзиб олди.